Кеча “Бунёдкор”ни финалга чиқишида Олександрнинг Пишурнинг “Локомотив” дарвозасига киритган икки голи муҳим аҳамият касб этди.
Учрашувдан сўнг ўйин қаҳрамонининг фикрлари билан қизиқдик:
- Олександр, ғалаба ва финал муборак! Учрашувдан қандай таассуротлар олдингиз?
- Асосий рақибимиз майдонида ғалаба қозониб, финалга йўлланма олаганимиздан хурсандман. Чемпионат доирасида ўтган ҳар иккала учрашувда ҳам “Локомотив” дарвозасини ишғол қилгандим. Кубокда кечган биринчи ўйинда ҳисобимга гол ёза олмагандим. Шу боисдан ҳам жавоб учрашувига пухта хозирлик кўриб, Бугало дарвозасига йўл топишга интилдим. Омадим чопиб, темирйўлчилар дарвозасига иккита тўп киритдим. Ҳаракатларим “Бунёдкор”га фойда келтираётганидан жуда-жуда хурсандман.
- Айнан қайси жабҳада рақибни доғда қолдирдик, деб ўйлайсиз?
- Учрашув давомида мезбонларни асосий футболчиларини ёпа олдик. Шунингдек, жуда тартибли ўйин намойиш қилиб, бехуда тўп оширишлар ва ортиқча югуришлардан ўзимизни тийдик. 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганимиздан кейин эса яна камида уч маротаба рақиб дарвозасини ишғол қилишимиз мумкин эди.
- Ҳозирча “Бунёдкор” сафида 20та гол уришга эришдингиз. Бунга қандай эришяпсиз?
“Бунёдкор”да кўп гол ураётганим биргина ўзимга боғлиқ эмас. Жамоамизда моҳир ижрочилар бор. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида ўзимни жуда эркин ҳис қиляпман. Ҳозирги кўрсаткичларим билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Мавсум якунигача яна бир қанча ўйинлар бор. Ана шу учрашувларда ҳам “Бунёдкор”га фойда келтирмоқчиман.
Баҳодир МИРЗАЕВ суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).