«Андижон» – ОКМК (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида бош мураббий Самвел Бабаян қуйидагича фикр билдирди:
— Биринчи навбатда бугунги натижа учун ҳаммадан узр сўрайман. Нима дейишим мумкин? Тушунтириш жуда қийин. Бу ҳолат менинг фаолиятимда биринчи марта рўй берди. Нима бўлиши керак бўлса бўлди. Фақат «Андижон»да шу ҳолат бўлгани ачинарли. Бугунги рақибимиз ҳам қийин ҳолатда эди. Ўйинни ёмон бошламадик, деб ўйлайман. Бир қатор имкониятларимиз бўлди, стандартлардан ҳам фойдалансак бўларди. Ҳаракат қилдик, аммо тўп дарвозага кирмади. Қанот ҳимоясидаги хатолар туфайли гол ўтказдик. Дарвозамиздан иккита тўп ўтказдик, тушунтиришим анча қийин. Биринчи таймда рақиб деярли унчалик хавфли вазиятларни ярата олмади. Яхши ҳаракат қилсак, ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Йигитлар вазиятни ўзгартиришга интилишди. Бу сафар ўхшамади.
Жамоадаги фаолиятимга тўхталадиган бўлсам, клубга келганимда сафарда «Бунёдкор»ни ютдик ва клубни Суперлигада сақлаб қолдик. Жамоа раҳбарияти шакллантириш учун барча шароитларни яратиб берди. Ёмон трансферлар қилмадик. Кимни олмоқчи бўлсак, барчасини ололмадик. Чунки кўпчилигининг шартномалари бор эди. Шартнома муддати тугаганларини имконият даражасида олдик. Жамоа қуришни яхши бошлагандик. Йиғинларда ҳам фаол қатнашдик, мавсумни яхши бошладик. Бошида 4:0 га ютганимизда 60 фоиз ўйинимизни кўрсатдик, деб айтгандим. Бу ёлғон эмасди. Ўшанда ҳам мен ҳали ўзим кўришни истаган жамоани кўрмагандим. «Қизилқум»га қарши учрашувдаги мағлубият «настрой»нинг йўқлиги сабабли бўлди, деб ўйлайман. Қўпол хатолар бўлди. Кейин Фарғонада «Нефтчи»га мағлуб бўлдик. «Машъал» билан баҳсда барчасини тўғрилаш имконияти бўлди. ФИФА кунларидан кейинги ўйинларда афсуски, бизда кетма-кет учта мағлубият бўлди. Бир қанча сабаблар туфайли имкониятларни бой бердик. «Насаф» билан баҳсни алоҳида таъкидлаш керак. Улар кўп йиллардан бери бир хил таркибда ўйнайди ва биз биргина қўпол хато эвазига ютқаздик. «Навбаҳор» билан беллашувда эса 90+4-дақиқада рақиб мураббийи дурангни сақлаб қолиш учун ўйинчи алмаштирди. Афсуски, мувозанатни йўқотганимиз сабабли гол ўтказдик ва мағлуб бўлдик. Бугунги мағлубият ҳам тушунарсиз бўлди. Биз ҳужум ташкил қиляпмиз.
Қандай талаблар қўйилган бўлса, клуб барчасини бажарди. Бу ерга яхши ниятлар билан, клуб тарихини яхшилаш учун келгандим. «Андижон»нинг чемпионатда энг яхши натижаси 5-ўрин бўлган экан ва мен буни яхшилаб, юқорига кўтариш мақсадида келгандим. Футболчилар ҳам бу ерга юқори мақсадларни кўзлаб келишган. Жамоа учун барча шароитлар яратиб берилган. Тўғриси, эркакча гапираман: энди бу ерда бошқа ҳаракат қила олмайман. Клуб бошқарувини бошқасига бераман. Биз бу ўйиндан аввал раҳбарият билан очиқ ва самимий гаплашдик. Рости, энди ўз ўрнимни бошқа инсонга топшираман. Яна айтаман: бу ерга натижа қилиш ва барчани хурсанд қилиш учун келгандим. Аввал ҳам айтганман: менда кўп вақт йўқ эди ва қисқа фурсат ичида натижа кўрсатишим керак. Йиллар давомида ишлаб натижа кўрсатишга менда вақт йўқ эди. Вилоят ҳокими барча шароитларни яратиб, натижа учун жонбозлик билан ҳаракат қиляпти. Клуб юқори натижаларни кўрсатиши учун вилоят ҳокими барча ишни амалга оширяпти. Ўзбек футболи ривожланиши йўлида айнан вилоят ҳокими кўп ишларни қиляпти. Мен кўрдимки, биз биргаликда бу ишларни бажара олардик. Кечаю кундуз 24 соат ишладик ва агар 25 соат бўлса ҳам ишлашга тайёр эдик. Афсуски, меҳнатларимиз ўхшамади. Ҳар доим нимадир етишмади. Демак, ниманидир ўзгартириш керак.
Раҳбарият билан гаплашдик ва жамоани бошқаси бошқариши керак. Мен ва менинг мураббийлар штабим истеъфога чиқамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, «Андижон» клубига омад тилаймиз. Биринчи навбатда вазиятни ўнглашини хоҳлайман. Чемпионатда ва Кубокда яхши натижаларни қўлга киритишини тилаб қоламан. Шунингдек, максимал даражада курашган футболчиларни ҳам эътироф этаман. Эътирозим йўқ, улар қўлларидан келганича ишини қилишди. Жамоани кейинги фаолиятига омад тилайман.
Барча мухлисларга жамоамизни тўхтамай қўллаб-қувватлаб туришгани учун катта раҳмат. Бу ерда ишимизни бошидан то шу кунгача меҳнатимизни қадрлаб олқишлашгани учун ишқибозлардан миннатдорман. Нодир Тўйчиевга алоҳида раҳмат. У жамоани узлуксиз қўлламоқда. Унинг бошчилигида фан-клуб мамлакатимиздаги энг зўри ва алоҳида раҳмат. Бундай мухлислар кўп нарсага лойиқ. Ҳаммага раҳмат. Ўйлайманки, «Андижон»да барчаси яхши бўлади, — деди Самвел Вячеславович.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).