«Реал» собиқ ярим ҳимоячиси Стив Макманаман Мадрид клуби мураббийлари дуч келадиган қийинчиликлар ҳақида мулоҳаза юритди.
«Бу ерда футболчилар ақл бовар қилмас даражадаги куч ва ҳокимиятга эга. Менимча, гап айнан шунда. Арне Слот — «Ливерпуль»да бошлиқ, Пеп Гвардиола — «Манчестер Сити»да бошлиқ... Аммо «Реал»нинг бошлиқлари — футболчиларнинг ўзи.
Мураббий уларга муайян усулда ўйнашни буюриши билан, улар майдонга тушишади ва бутунлай бошқача ўйин кўрсатишади. Бу доим шундай бўлиб келган.
Мураббий ўзида даҳолик ва ишонтириш қобилиятини бирлаштира олиши керак. Шу билан бирга, у футболчиларни борича қабул қилиши ва барча 25 нафар ўйинчига ўзларини жамоанинг бир қисмидек ҳис қилишларига имкон бериши лозим. Футболчилар машғулотлардан завқ олишлари керак, уларни кўп миқдордаги тактик ишлар ва видеотаҳлиллар билан чарчатиб қўйиш ярамайди.
Уларни бахтиёр қилиш ва яхши ўйнашга мажбурлаш ўртасида жуда нозик чизиқ бор. Анчелотти ва Дель Боске буни уддалашган... Кейин эса бошқа таниқли мураббийлар кетишга мажбур бўлишди.
Хаби Алонсо бақир-чақир қиладиган мураббий эди деб ўйламайман, у шунчаки «Байер»даги каби ўйин услубини жорий қилмоқчи бўлди, аммо футболчилар буни қабул қилишмади», – деди Макманаман TNT Sports нашрига берган интервьюсида.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).