Жиззах шаҳридаги вилоят футбол академиясида ўн кун мобайнида ўтказилган Ўзбекистон кубоги-2026 мусобақасининг гуруҳ босқичи баҳслари поёнига етди. Бош соврин учун курашни давом эттирадиган кучли саккиз жамоанинг номи маълум бўлди.
Дастлабки беш кунликда А ҳамда С гуруҳларидан “Максам-Чирчиқ”, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси, БМБ ПФС ҳамда “Гулистон” жамоалари плей-офф босқичидаги иштирокларини расмийлаштиргани ҳақида хабар бергандик. Май ойининг дастлабки ҳафтасида эса Б ҳамда Д гуруҳларидан ҳам курашни давом эттирадиган жамоаларнинг номига аниқлик киритилди.
Д гуруҳида жамоалар сони тўртта бўлганлиги боис баҳслар уч кун ичида якунланди. Олий лиганинг учта жамоасига биринчиликнинг кумуш медали совриндорлари рақиблик қилди. Кутилганидек, элита вакиллари – “Локомотив” ҳамда “Оил Стар” чорак финалчига айланди. “Хоразм” эса “Қизилқум” билан Олий лигага ўтиш учрашуви “репетицияси”ни ўтказиб олди. Олий лиганинг 11-чи жамоаси билан Биринчи лиганинг иккинчи жамоаси ўртасидаги “норасмий тўқнашув”да томонлар муроса кўчасини танлашди – 1:1. Аммо ўтиш учрашувида бу натижа иккала жамоани ҳам қаноатлантирмаслиги аниқ.
C гуруҳида эса икки йўлланма учун “Насаф”, “Бунёдкор” ҳамда СҚБ жамоалари ўртасида муросасиз кураш кечди. Қаршиликлар ҳар иккала рақиблари билан жанговар дурангга имзо чекишди. “Қалдирғочлар” эса “банкчи”ларга ютқазиб қўйиб, плей-офф йўлланмасидан қуруқ қолишди.
Шундай қилиб, 12 май санасида БМБ ПФC жамоаси Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини имтиҳондан ўтказса, “Максам-Чирчиқ” Олий лига дебютанти “Гулистон”га қарши паркетга чиқади. 13 май санасида эса мухлислар СҚБ – “Оил Стар”, “Локомотив” – “Насаф” жамоалари ўртасидаги муросасиз рақобатнинг шоҳидига айланишади. Чорак финал ўйинлари Жиззах вилоят футбол академияси спорт залида соат 15:00 ҳамда 17:00 ларда бўлиб ўтади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).