Эрон ТИВ матбуот котиби Эсмаил Багаи АҚШни ЖЧ-2026да иштирок этиши керак бўлган Эрон терма жамоасига виза бериш масаласида ўз мажбуриятларини бузганликда айблади.
Эрон жамоаси гуруҳ босқичидаги барча учта ўйинини АҚШда ўтказиши керак, бироқ февраль ойи охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қилган ҳужумидан бери эронликларнинг 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтадиган турнирдаги иштироки сўроқ остида қолмоқда. Эрон ўйинларни Мексикага кўчиришни сўраган, аммо ФИФА президенти Жанни Инфантино барча учрашувлар аввалдан режалаштирилган стадионларда ўтказилиши шартлигини таъкидламоқда.
Шу ой бошида Ванкуверда бўлиб ўтган ФИФА Конгрессига Эрон футбол федерацияси (FFIRI) президенти Меҳди Тажнинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан алоқалари сабабли Канадага киритилмагани қўшимча муаммоларни келтириб чиқарди.
«Эрон миллий терма жамоаси ва мураббийлар штабига Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун виза бериш мезбон давлатлар расмийларининг масъулияти ҳисобланади – регламентга кўра, ФИФА биз томонда. Икки кун аввал федерация раҳбарияти билан самарали учрашув бўлиб ўтди ва бизни ФИФА мезбон давлатлар томонидан регламентга риоя қилинишини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солишига ишонтиришди.
АҚШ меҳмонларни қабул қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бир неча бор бузганлигига шубҳа йўқ ва Эрон терма жамоасининг айрим аъзоларига виза берилмаслиги ҳақидаги гаплар қабул қилиниши мумкин эмас. Федерация бу масалани жиддий кузатиб бормоқда ва биз терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этиши учун бор кучимизни сафарбар этамиз», — дея Багаининг сўзларини келтиради Tasnim ахборот агентлиги.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).