Лондоннинг «Арсенал» клуби собиқ бош мураббийи Арсен Венгер Чемпионлар лигаси финалидан олдин ўз фикрларини билдирди. Финал учрашуви бугун, 30 май куни Будапештдаги (Венгрия) «Пушкаш Арена» стадионида бўлиб ўтади.
«Мен ушбу кубокнинг «Эмирейтс» стадионига йўл олишини хоҳлайман, чунки у ерда бу соврин етишмаяпти. Биз илгари унга жуда яқин келгандик (2006 йилги финал назарда тутилмоқда), ғалабага 13 дақиқа қолганди. Шу сабабли бу сафар ушбу мақсад амалга ошишини истайман.
Финалда имкониятлар 50 га 50, лекин агар таваккал қилиб пул тикишим керак бўлса, «ПСЖ»га қараганда кўпроқ «Арсенал»га тиккан бўлардим.
Финалда энг муҳими — жамоа ҳаяжонга берилмай, ўз ўйинини кўрсатиши ва бор эътиборини яхши уддалайдиган жиҳатларига қаратишидир. Ушбу «Арсенал»нинг асосий кучи — дарвозаси дахлсизлигини сақлай олишида, финалда эса бу жуда муҳим.
Шунингдек, вазиятлардан унумли фойдаланиш зарур. Ўйин давомида имконият албатта бўлади ва ундан шафқатсизларча фойдаланиш керак. «ПСЖ» жуда улкан ҳужум салоҳиятига эга, бироқ «Арсенал»да ҳам индивидуал маҳорат ва стандарт вазиятларда жуда кучли ўйин бор, бу финалда катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Агар ҳисобда 1:0 олдинга чиқиб олсангиз, мустаҳкам ҳимоянгиз туфайли ҳамма нарса сизнинг фойдангизга ишлай бошлайди», — дея Венгернинг сўзларини келтиради «Арсенал» расмий сайти.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).