Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни, Канада билан ўртоқлик ўйинида олган жароҳати ҳамда терма жамоадаги муҳит ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Футболчи бу ҳақда 90 минутУз YouTube каналига берган интервьюсида тўхталиб ўтди.
Жароҳат ва Атлантадаги йиғин ҳақида
“Атлантадаги йиғинни ҳам бошлаб олдик, барчаси жойида. Канадага қарши учрашувда оёғимдан бир оз жароҳат олгандим. Шифокорларимиз тезкорлик билан муолажаларни бошлашди ва ҳозирга келиб ҳолатим анча яхши. Худо хоҳласа, тез орада умумий гуруҳ машғулотларига қўшиламан.
Ташкилий масалаларда ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Ҳамма давлатнинг ўз қонун-қоидаси бор. Бизни ҳам хавфсизлик нуқтайи назаридан текширишди, бу — оддий ҳолат. Бош мураббийимиз эса максимал даражада руҳий, жисмоний ва тактик жиҳатдан биз билан ишламоқда”.
Терма жамоага қайтиши борасида
“Икки йил аввал ушбу Жаҳон чемпионатида иштирок этишимга қанчалик ишонардим? Ўзимга доим ишонганман ва шу ишонч билан ҳаракат қилганман. Аввалги мураббийнинг тактикасига тўғри келмаганман. Мана, ҳозир янги бош мураббийнинг фалсафасига тушган ҳолда, терма жамоамиз сафида максимал даражада фойда келтириш учун ҳаракат қиляпман”, дейди ярим ҳимоячи.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон терма жамоаси 1 июнь куни Эдмонтон шаҳрида Канадага қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушган эди. Ўша баҳснинг 23-дақиқасида Азиз Ғаниев жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, Фабио Каннаваро бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ—2026 гуруҳ босқичида Португалия, Колумбия ва Конго ДР термалари билан ўзаро баҳс олиб боради. Жамоа мундиалдаги дастлабки ўйинини 18 июнь куни Колумбияга қарши ўтказади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).