Бугун, 7 октябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-тур учрашувларига старт берилади. Тур доирасидаги баҳслар 11 октябрга қадар давом этади.
23-турнинг илк учрашувида чемпионлик учун курашаётган Фарғонанинг "Нефтчи" клуби ўз майдонида "Хоразм"ни қабул қилади. Учрашув соат 19:00 да бошланади.
22 турдан кейин "Нефтчи" 51 очко билан мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Ундан икки очко ортда бораётган "Пахтакор" 49 очко билан иккинчи, "Навбаҳор" эса 44 очко билан учинчи ўринда жойлашган.
Турнинг марказий баҳслари
9 октябрь куни бир йўла тўртта учрашув ўтказилади. "Қўқон-1912" "Машъал"ни қабул қилса, "Пахтакор" ўз майдонида "Бунёдкор" билан куч синашади. Шунингдек, "Бухоро" — "Андижон" ҳамда "Насаф" — "Динамо" баҳслари ҳам шу куни бўлиб ўтади.
10 октябрда "Қизилқум" ва "Сурхон" ўзаро рақобатлашади. Турнинг сўнгги икки учрашуви 11 октябрь кунига белгиланган: ОКМК "Навбаҳор"ни, "Сўғдиёна" эса "Локомотив"ни қабул қилади.
Чемпионлик пойгасида "Нефтчи" ва "Пахтакор" ўртасида атиги икки очколик фарқ сақланиб тургани боис, 23-тур натижалари юқори ўринлар учун курашга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
23-тур тақвими:
- 7 октябрь, 19:00 — "Нефтчи" — "Хоразм"
- 9 октябрь, 18:30 — "Қўқон-1912" — "Машъал"
- 9 октябрь, 19:00 — "Пахтакор" — "Бунёдкор"
- 9 октябрь, 19:00 — "Бухоро" — "Андижон"
- 9 октябрь, 19:30 — "Насаф" — "Динамо"
- 10 октябрь, 18:00 — "Қизилқум" — "Сурхон"
- 11 октябрь, 16:00 — ОКМК — "Навбаҳор"
- 11 октябрь, 16:00 — "Сўғдиёна" — "Локомотив"

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).