Қарши шаҳри мезбонлик қилган 1999-2000 йилларда туғилган футбол мактаблари тайёрлов гуруҳлари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди.
Финалда "Бунёдкор" тарбияланувчилари ҳамшаҳарлари "Пахтакор" жамоасини пеналтилар сериясида таслим этиб, бош совринни қўлга киритишди.
Финал учрашуви якунига етгач, ПФЛ томонидан ушбу мусобақанинг ўтишида масъул шахс этиб тайинланган Олег Худойдотовни суҳбатга тортдик.
— Мусобақанинг ташкилий қисми ҳақида фикрларингиз? Бирор бир эътирозлар борми?
— Мусобақанинг ташкилий қисми ҳақида гапириб ўтсам, аввало “Насаф” футбол клуби раҳбарларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Жуда чиройли ташкиллаштирилди. Меҳмон жамоалар учун барча қулайликлар яратилди. Автобуслар ҳамда истиқомат қилиш борасида ҳеч қандай эътирозлар йўқ.
— Турнирга нечта жамоа таклиф қилинганди?
— Саккизта жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда учрашувларни бошлаши режалаштирилган эди. Бироқ “Навбахор” футбол клуби тарбияланувчилари маълум сабабларга кўра ташриф буюришмади. Шунинг учун “Б” гуруҳида учта жамоа иштирок этди ва якунда улар бир хил очко жамғаришди.
— “Нефтчи” - “Пахтакор” учрашувида “Нефтчи” ғалаба қозонганди. “Пахтакор” қайси қоидага асосан, иккинчи ўринга чиқиб олди?
— Биз сариқ ва қизил карточкаларга асосан “Пахтакор”ни иккинчи ўринга лойиқ деб ҳисобладик. Сабаби “Пахтакор” тарбияланувчилари ҳисобида карточкалар йўқ эди.
— Финалда “Пахтакор” ўйнади?
— Ҳа! “Бунёдкор” “Пахтакор”ни пеналтилар сериясида мағлуб этди. Учинчи ўрин “Металлург”га берилди.
— “Насаф”га ўрин берилмадими? Ярим финалда “Пахтакор”ни мағлуб этишганди?
— “Насаф” мусобақадан четлаштирилди. Шахсан Фарход Магомедовнинг ўзи Адлия вазирлигининг хатига асосан “Насаф” таркибида ёши катта футболчи борлигини аниқлаб, шу қарорга келди.
Шу билан бирга Олег Худойдотов бундай ҳолатда қандай йўл тутиш кераклигини билмаслигини, бунақа вазият биринчи бор кузатилаётганини айтиб ўтди.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Насаф” футбол клуби ходимларидан ўша футболчи ҳақида сўрадик. 10-рақамда тўп сурган Ислом Кенжабоев ПФЛ томонидан 1997 йил туғилган деб топилибди. Ўзбекистон Футбол Федерацияси расмий сайти the-uff.com да Ислом Кенжабоев 1998 йилда туғилганлиги ва U-16 терма жамоа таркибида тўп сурганлиги айтилган. Навоий вилояти Навоий шаҳрида туғилган Исломнинг ҳужжатида 1999 йил 1 сентябрда туғилганлиги қайд этилган. Ҳар қандай вазиятда ушбу ҳужжат “Насаф” футбол мактаби томонидан сохталаштирилмагани (сохта бўлган тақдирда ҳам) аниқ эди. Сабаби Кенжабоевнинг шахсини тасдиқловчи хужжат Қарши шахар масъул шахслари томонидан берилмаган.
Яна бир холат: “Пахтакор” аслида ярим финалга чиқа олмаган эди. “Металлург”-“Нефтчи” учрашувидан кейин учрашув комиссари ҳам айнан “Нефтчи”нинг ярим финалга чиққанини айтганди. Ўйиндан сўнг хурсанд ҳолда ярим финал йўлланмасини нишонлаётган “Нефтчи” мураббийи орадан 5-6 соат ўтмасданоқ 5-ўрин учун курашишини эшитиб ҳайрон бўлишдан бошқа чораси қолмаган.
ПФЛ регламенти 11-модда 11.1-бандига асосан, икки ёки ундан ортиқ жамоаларнинг очколари тенг бўлиб қолганда, ўринлар қуйидагича аниқланади:
1.Ўзаро ўйин натижаси (очколар сони, тўплар нисбати, урилган голлар, сафарда урилган голлар),
2.Барча ўйинлардаги тўплар нисбати,
3.Барча ўйинлардаги ғалабалар сони,
4.Барча ўйинлардаги урилган голлар,
5.Барча сафар ўйинларидаги урилган голлар!
Регламентда сафарда урилган голлар банди бўлиб, “Нефтчи”-“Пахтакор” учрашувида “Пахтакор” меҳмон сифатида кўрсатилган ва ушбу ўйин давомида “Пахтакор” гол ура олмаган. “Металлург”-“Нефтчи” учрашувида меҳмон сифатида кўрсатилган “Нефтчи” 2та гол уришга эришган. Ўзаро ўйин натижасига кўра ҳам “Нефтчи” олдинда эди("Нефтчи"-"Пахтакор" 2:0). Бу икки вазиятни “Пахтакор” қандай четлаб ўтди — бу ёғи биз учун қоронғу!
Зиёдулла Сафаров
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).