Мабодо кимдир бу йилги мавсум бошида дабдурустдан «Насаф» бу йил чемпионлик учун охиригача курашади ва совриндорлар қаторидан жой олиб, Чемпионлар Лигасига йўл олади», - деганида, ишонадиганлар кўп бўлмасди эҳтимол.
Чунки бир ёқдан «Пахтакор» ёшлари ҳар доимгидан-да ишончлироқ ўйнаётган бўлишса, бошқа томондан «Бунёдкор»нинг чемпионлик иштиёқи ҳам ўтган йиллардагидан заррача камаймаганди. Орқа-олдига қарамай ўз таркибини кучайтириб бораётган «Локомотив» ҳақида-ку, ортиқча гапиришга ҳам ҳожат йўқ. Аммо «Насаф» мавсумни ажойиб тарзда ўтказди ва якунда ўз олдига қўйган мақсадига батамом эришди. Қаршиликлар совриндорлар қаторига қўшилдилар ва келаси йилдан эътиборан халқаро майдонда курашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. «Насаф» ОЧЛдаги иштирокини Қатарнинг «Ал-Жаиш» жамоасига қарши сафардаги «плей-офф баҳси билан бошлайди. Шу муносабат билан «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев билан суҳбат уюштириб, унинг фикрларини ёзиб олдик.
ЯКУНЛАНГАН МАВСУМ
- Йил бошида клуб раҳбарияти билан ўзаро келишган ҳолда жамоа олдига икки мақсад қўйгандик - олий лигада юқори ўринлар учун курашиш ва шу билан бирга ёш футболчиларни ҳам асосий таркибга жалб этиб бориш. Албатта бу икки вазифани бир вақтнинг ўзида бажариш анча қийинчиликлар туғдирарди. Чунки ёшларни таркибга жалб қилган ҳолда, жиддий рақибларга қарши курашиш осон иш эмас. Аммо биз уддалай олишимизга ишонганимиз сабабли ҳам бу ишга қўл урдик. Якунда ваъда қилинган натижага эриша олганимиздан хурсандман.
«Насаф» ўз анъаналари ва қадриятларига эга жамоа. Шунга яраша мухлислари ҳам жуда талабчан. Биздан ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат энг юқори ўринлар талаб қилинишини билардик. Шу сабабли имкон қадар ишни тўғри йўлга қўйишга ҳаракат қилдик. Мухлисларимиз учун шунчаки ғалаба етарли эмас, шу билан бирга чиройли ўйин намойиш қилиш ҳам лозим бўларди. Шу сабабли ҳужумкор, ёрқин ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик. Жорий йилги мавсумдан қашқадарёлик мухлисларнинг кўнгиллари тўлган эканми, демак, тўғри йўлдан кетмоқдамиз деб ўйлайман.
ТЕНГ КУЧЛИ ИККИ ТАРКИБ
- Ҳар қандай мураббий ҳам захира ўриндиғида яхши савиядаги футболчилар бўлишини истайди. Европадаги гранд клублар мураббийлари ҳам тенг кучли икки таркиб яратишга ҳаракат қиладилар. Шу сабабли кучли футболчилар сотиб олинади. Бироқ биз бу борада ҳам янгича йўлдан кетишга ҳаракат қилдик. Тажрибали футболчилар ва ёш иқтидор эгаларини бир жамоа сифатида бирлаштиришга уриндик. Бу билан катта таваккалга қўл ургандик. Чунки ёш футболчилардан ҳар доим ҳам барқарорлик талаб қилиб бўлмайди.
Биз аввалдан жамоада 11 нафар кучли футболчиларни жамладик. Сўнгра уларга рақобатчи сифатида ёш футболчиларни таркибга қўшдик. Бизнинг мақсадимиз кучли футболчилар ўз тажрибасини ёшлар билан ўртоқлашишини таъминлашдан иборат эди. Мавсум давомида олиб борилган ишлардан хулоса чиқарган ҳолда бемалол айтиш мумкинки, биз ўз мақсадимизга эришдик. Ёш футболчилар мавсум бошида бироз ҳайиқиб майдонга тушган бўлсалар, иккинчи даврага келиб ўз кучларига бўлган ишончни мустаҳкамлаб олдилар. Ўйлайманки, яқин вақтлар ичида бу ишимиз яна-да самара келтиради. Мухлислар тенг кучга эга бўлган, барқарор ўйин кўрсатувчи иккита таркибни кўрадилар. Бу ҳолат жамоамизга бутун мавсум давомида бир текис ўйин намойиш қилиш имконини беради. Якунланган мавсумда бир қатор футболчиларимизнинг сафдан чиқишлари бизга панд берганини инобатга олсак, бу ҳолат жамоамиз ўйинини кучайтиришга сабаб бўлади, деб ўйлайман.
ЖАРОҲАТЛАР
- Мавсумнинг муҳим палласида жароҳатлар исканжасига тушиб қолганимиз бизга жуда панд берди. Ўзбекистон кубоги ярим финал доирасидаги «Пахтакор»га қарши ўтказилган ўйинда Шоҳруҳ Гадоев жароҳат олиб, сафдан чиқди. Шуҳрат Муҳаммадиев, Алишер Юсупов ва Илҳом Шомуродовлар каби футболчилар ҳам олдинма-кетин жароҳатларга йўлиқишди. Қўшимчасига асосий футболчиларимиздан бири Эркин Бойдуллаев ҳам оғир жароҳат олди. Уни операция қилдиришга тўғри келди. Ушбу йўқотишлар жамоамиз ўйинига таъсир кўрсатмай қолмади. Яхши ҳамки уларнинг ўрнини боса оладиган ёшларни тайёрлаб келаётгандик. Айнан ўша ёшлар мавсум охиридаги оғирликни ўз елкаларига олишга мажбур бўлдилар. Улар бу синовдан муваффақиятли ўтдилар деб ўйлайман.
КАМЧИЛИКЛАР
- Албатта жамоамиз камчиликлардан холи эмас. Ҳали қиладиган ишлар кўплигини ҳам тан оламиз. Энг аввало жамоамизга барқарорлик етишмади деб ўйлайман. Руҳият масаласи туфайли бўлса керак, ғалаба қозонишимиз шарт бўлган бир қатор учрашувларда очколарни бой беришга мажбур бўлдик. Жамоа бир текис ўйин намойиш қилиб турган вақтда ҳам кутилмаган муаммолар кўриниб қолди. Биз Ўзбекистон кубоги финалига қадар қийин баҳслар ўтказдик. Ярим финалда «Пахтакор» қаршилигини енгиб ўтишимизга тўғри келди. Аммо финалда «Бунёдкор»га қарши кечган ўйинда имкониятни бой бердик. Аслида ўша учрашувда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Тўғри, айтиб ўтганимдек, ўша вақтда жароҳатлар гирдобида бўлганимиз ҳам бизга панд берди. Аммо бу билан ўзимизни оқламоқчи эмасман. Ёш футболчиларимизга руҳий барқарорлик етишмади. Айнан шу муаммо чемпионат доирасида «Локомотив»га қарши ўтказилган ўйинда ҳам бўй кўрсатиб қолганди. Ўша учрашувнинг биринчи бўлимини жуда яхши ўтказганимиз ҳолда, иккинчи бўлимда рақибга имкониятни бой бергандик. Яна бир қатор ўйинларни ҳам мисол қилиб келтириш мумкин.
Янги мавсум олдидан бу муаммоларни бартараф этиш учун иш олиб боришни кўзлаганмиз. Биз кучли ва рақобатбардош жамоа ташкил қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмизми, демак, бу камчиликларни бартараф этишимиз шарт.
ЛЕГИОНЕРЛАР
Мавсум якунланганидан буён мендан бир нарсани кўп сўрадилар: «Жамоага янги легионер футболчилар жалб қилинадими?»
Бу саволга жавоб беришда бир нарсани очиқ айтиш шарт деб ўйлайман. Клубимиз янгича ривожланиш йўлини танлаган ва биз бу йўлда охирига қадар собит қолишимиз шарт деб ҳисоблайман. «Насаф» якунланган мавсум давомида ёшларга эътибор қаратиш йўлини танлади. Натижа қандай бўлганини эса ўзингиз кўриб турибсиз. Шундай экан, биз энг аввало маҳаллий ёшларга ишонч билдиришда давом этамиз. Бу йўлни клуб танлади. Шунингдек, бу менинг ҳам мураббийлик фалсафамдир. Биз бир йил давомида иш олиб бордик. Энди шу ишимизни охирига қадар етказишни мақсад қилганмиз. Мен бу борада барча масъулиятни ўз зиммамга олишга тайёрман. Мабодо бу йўл ўзини оқламаса, демак, мен адашган бўлиб чиқаман.
Аммо мен жамоамиз таркибида бир қатор ёш ва иқтидорли футболчиларни кўриб турибман ва уларга ишонч билдирмасликка виждоним йўл қўймайди. Уларни албатта катта футболга олиб чиқишимиз шарт. Чунки ўзбек футболи келажаги айнан уларнинг қўлида. Легионер футболчи билан бир йил давомида яхши натижага эришиш мумкин. Аммо у келаси йилиёқ бошқа яхшироқ таклиф қидириб қолади. Биз «Насаф» қадриятларини ҳурмат қиладиган, унга борини берадиган ёшларни тарбиялашни истаймиз. Бундай ёшлар ҳозирда жамоа таркибида бор. Уларни бироз қўллаб юбориш керак, холос.
Албатта бу билан легионерларга буткул эътибор қаратмаймиз, деб айтмоқчи эмасман. Агарда Артур Геворкян каби юқори савияли хорижлик футболчи топа олсак, албатта уни таркибга жалб қиламиз. Аммо ҳозирча бундай ўйинчи кўринмаяпти.
АРТУР ГЕВОРКЯН
- Артурдек футболчини ҳар қандай клуб ўз таркибида кўришни истайди. Аммо Геворкян жамоамизга содиқ футболчи. У билан янги шартнома имзолаш борасида келишиб қўйганмиз. Артур ҳеч қаерга кетмайди, у клубимиз шарафини ҳимоя қилишда давом этади. У ҳали ўз ўйини билан қаршилик мухлисларга кўп хурсандчилик келтиради, деб ўйлайман.
ЯНГИ ФУТБОЛЧИЛАР
- «Насаф»да ҳам янги номлар пайдо бўлиши табиий. Боя айтганимдек, яхши савиядаги легионер футболчи топа олсак, у билан албатта шартнома имзолаймиз. Шунингдек, Ўзбекистон чемпионатида кўзга ташланган, кучли футболчиларни ҳам таркибга жалб қилишни кўзлаб қўйганмиз. Ҳозирча алоҳида номларни тилга олишни истамайман. Фақат бир нарсани айтишим мумкин - биз фақат «Насаф»ни кучайтира оладиган футболчилар билангина шартнома имзолаймиз. Ёшларимиз ўрнини эгаллаш учунгина келадиган ўйинчилар бизга керакмас.
ОЧЛ
- Қашқадарёлик мухлислар халқаро майдондаги ўйинларимизни соғиниб қолганлар. Биз уларнинг бу ишончини охирига қадар оқлаш учун бор кучимизни сарфлаймиз. Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма олишнинг ўзи бўлмади. Бунинг учун ички биринчиликда росмана «жанг» кетди. Бу курашда ғолиб чиқишни уддаладикми, «плей-офф» баҳсларида ҳам ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз.
Чемпионлар Лигасида гуруҳ баҳсларига ўтиш учун икки клубга қарши саралаш учрашувида майдонга тушишимизга тўғри келади. Ҳозирча биринчи рақибимиз номи маълум. Бу - Қатарнинг «Ал - Жаиш» клуби. Рақибни ўрганишни бошлаб юборганмиз. Шунга монанд тайёргарлик олиб бориб, керакли тактик услубларни йиғинлар давомида синовдан ўтказамиз. Биз рақибга қарши ёрқин ва чиройли ўйин намойиш қилишни кўзлаяпмиз. Бунга қурбимиз етади...
Янги мавсумга тайёргарликни 10 декабрь санасида бошлаймиз. Шу куни Тошкентда футболчиларни тиббий кўрикдан ўтказамиз. Сўнгра Қарши шаҳрида илк ўқув-машғулот йиғинини бошлаймиз. Йиғин 15 кун давом этади. Сўнгра футболчилар янги йил байрами олдидан қисқа таътилга чиқадилар. Январь ойида Туркияда навбатдаги йиғинни ташкил қилишни кўзлаганмиз. Сўнгра бевосита «Ал - Жаиш»га қарши ўйинга тайёргарлик кўришни бошлаймиз. Бу жамоага қарши баҳс олдидан БААда йиғин ташкил қилинади. Бу йиғин давомида Қатар жамоасига қарши кечадиган учрашув олдидан маҳаллий иқлимга мослашиб олиш ва рақибга қарши яхшироқ тайёргарлик кўриш имконияти бўлади.
ИЧКИ МУҲИТ
- Жамоамиздаги ички муҳит ҳар қачонгидан ҳам аъло даражада. Футболчилар яҳлит бир куч сифатида бирлашганлар. Ҳамма бирдек ғалабалар учун курашишга шай. Ўйинчиларнинг ойлик маошлари тўлиқ берилган, мукофот пуллари масаласи ҳам ҳал қилинмоқда. Яқин кунлар ичида бу борада ҳам футболчилар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинади. Молиявий муаммолар футболда учраб турадиган ҳолат. Ҳар қандай клубда ҳам бор бу нарса. Баъзан бизда ҳам юзага келиши мумкин. Аммо бу ҳолат жамоамизга таъсир ўтказмайди. Футболчилар клубга ишонадилар, клуб эса ўз навбатида футболчиларга. Шундай экан, ҳеч қандай муаммо йўқ...
Жамоамиз таркибидаги бирор футболчини алоҳида ажратиб кўрсатишни истамайман. Чунки биз жамоа сифатида кучлимиз. Муваффақиятимизда барчанинг ҳиссаси бор. Шундай экан, кимларнидир алоҳида кўрсатиб, бошқаларининг хизматини пастга урмоқчи эмасман. Бир сўз билан айтганда, «Насаф» - бу жамоа, дегани!
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).