Сўнгги йилларда дунёнинг энг яхши футболчиси учун бериладиган “Олтин тўп” соврини атрофида бир қатор можаролар содир бўлмоқда. Европалик ҳамкасбларимиз бунинг сабабларини ўрганишга қарор қилишди. Ростини айтиш керак, “Олтин тўп” охирги йилларда хафагарчилик ва адолатсиз қарорларга бой бўлди.
Пандев кимга овоз берганди?
Ҳаммаси март ойида Македония терма жамоаси сардори Горан Пандевнинг интервьюсидан кейин бошланди. Ўшанда ҳужумчи шундай деганди: “Мен дунёнинг энг яхши мураббий сифатида Жозе Моуриньога овоз бергандим. ФИФАдагилар эса менинг овозимни Дель Боскега ҳисоблашди”.
Мазкур гаплар “кўҳна қитъа”да бир ой муҳокама қилинди. ФИФА Пандев тўлдирган сўровнома варақасини кўрсатди. Унда Дель Боске номи ёзилган эди. Бироқ, Македония Футбол федерацияси овоз Моуриньога берилганини таъкидлади. Шундан кейин халқаро футбол федерацияси техник хато сабаб Пандевнинг овози Испания терма жамоаси устозига ўтиб қолганини айтди. Моуриньо эса ўз навбатида бундай ҳодиса биринчи марта рўй бермаётганига шаъма қилди. Апрель ойига келиб, Пандев машмашаси якун топди ва барча бу воқеани унутди.
ФИФАнинг ғалати қарори
Аммо ФИФА йилнинг энг яхши футболчисини аниқлаш учун ўтказилаётган сўровнома муддати ўзгартиргани яна барчада шубҳа ўйғотди. Аввалига овоз бериш жараёни 15 ноябрга қадар давом этиши ҳақида маълум қилинган, шу вақтга келиб 70 фоиз федерациялар овоз бериб бўлишганди.
Лекин 19 ноябрь куни Жаҳон чемпионати плей-офф доирасидаги Швеция-Португалия ўйинидан кейин ФИФА овоз бериш жараёни 29 ноябоь кунигача давом этишини маълум қилди. Бу ҳам кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди.
Тушунарсиз сабаб
Хўш, ФИФАнинг қарорини ўзгартиришига нима сабаб бўлди? Энг қизиғи шундаки, нуфузли ташкилот бу борада расмий маълумот беришни истамаган ва федерацияларга яширин хатлар жўнатилган. ФИФАнинг ижтимоий масалалар бўйича директори Алекс Стоун бу борада шундай дейди: “Сабаб одиий – овоз берувчилар кам бўлди. Бундан ташқари, олдин ҳам овоз берганлар 29 ноябрга қадар фикрларини ўзгаритишлари мумкин”.
Орадан бироз вақт ўтиб, ФИФА бош котиби Жером Вальк ҳам бу борада ўз фикрини билдирди: “Биз ҳар доим айтганмиз овоз берувчилар камида 75 фоизни ташкил этиши лозим”.
ФИФАдек нуфузли ташкилотнинг шундай савиясиз сабабларни келтириши тушунарсиз ҳолдир.
Бу кимга фойда берди?
Яна бир ҳақли савол туғилади. ФИФАнинг бу қарори “Олтин тўп” соҳибини аниқлашда қанчалик аҳамият касб этиши мумкинми? 19 ноябрь куни нималар бўлганини бир эсланг. Криштиану Роналдунинг бир ўзи Португалия терма жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиқди. Натижада ФИФА президенти Зепп Браттер португалиялик футболчини олқишлади. Балки, қайта овоз беришга шу сабаб бўлгандир.
УЕФА президенти Мишел Платини бу борада шундай деганди: “Португалия терма жамоасининг ҳурмати туфайли овоз бериш жараёни узайтирилди. Ўша ўйинда Криштиану Роналду хет-трик қайд этди. Эҳтимол, ФИФА Роналдунинг фойдасини ўйлаб шундай қарорга келгандир”.
Бошқа эътирозлар
Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Олтин тўп” борасидаги тортишувлар ҳам давом этмоқда. Эътироз билдираётганлар орасида Германия терма жамоаси устози Йоахим Лёв ҳам бор.
“Сўровномада кимга овоз беришга иккинлангани боис, Лёв овоз бериш жараёнида иштирок этмасликка қарор қилди. Аниқроғи, Лёв ўзининг ушбу хатти-ҳаракатини германияликлардан номзоди қўйилган 5 футболчини учталикка кирита олмагани билан изоҳлаб ўтди”, деб маълумот берди Германия футбол федерацияси.
Роналду нега фикридан қайтди?
Бир неча ой олдин Криштиану Роналду «Олтин тўп»ни топшириш маросимида қатнашмаслиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Record нашрининг хабар беришича, футболчи келаси йилнинг январида бўладиган маросимда қатнашади. Манбада айтилишича, футболчи ФИФА мутасаддилари билан телефон орқали суҳбатлашгандан кейин маросимга боришга рози бўлган. Айни шу нарса ҳам “Олтин тўп” кимга насиб этишидан дарак бераётган бўлса ажаб эмас.
Сўровнома қандай ўтказилади?
Овоз бериш жараёнида бир мамлакатда уч нафар киши қатнашиши мумкин – терма жамоа бош мураббийи, терма жамоа сардори ва бир нафар журналист. Демак, 209 нафар мураббий, 209 нафар футболчи ва 209 нафар журналист жами: 627 нафар.
Терма жамоа сардорлари ўз мураббийи ва терма жамоадаги шеригига овоз бериши мумкин. Мураббийлар ҳам ўз ўйинчисини қайд этиши мумкин. Ўзига-ўзи овоз бериши мумкин эмас. Бу йил 88 фоиз футболчи ва мураббийлар, 94 фоиз журналистлар овоз беришди.
Аброр Деҳқонов тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).