Таиландда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионати тобора ҳал қилувчи паллага кириб бормоқда.
Аввал хабар қилганимиздек қитъанинг 26 давлати вакиллари иштирокида ўтаётган мазкур Осиё чемпионатида 2014 йилнинг 16-24 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказиладиган II ёзги ўсмирлар Олимпиада ўйинларининг лицензиялари ҳам ўйналмоқда.
Ўсмирлар терма жамоамиз 2013 йили Тошкент шаҳрида ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Нанкин-2014 ўйинларига 2 та йўлланмани қўлга киритиб бўлишганликлари боис, асосий эътиборимиз қизлар терма жамоамизга қаратилган. Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида 1-4 ўринларни эгаллаган қизлар терма жамоаларига ўсмирлар Олимпиада ўйинларининг биттадан йўлланмалари берилади.
Қизлар ўртасида бугунга қадар ўтказилган мусобақаларда Зарнигор Абдураҳмонова даст кўтаришда 33 кг., силтаб кўтаришда эса 44 кг. умумий 77 кг. натижани қайд этиб, 10-ўринни, Нозима Низомиддинова даст кўтаришда 41 кг., силтаб кўтаришда эса 49 кг. тошни ўзига бўйсинтириб, умумий 90 кг. натижа билан 7-ўринни, Гулноза Аҳмадова даст кўтаришда 60 кг., силтаб кўтаришда эса 74 кг., умумий 134 кг. натижани қайд этиб 11-ўринни, Нилуфар Эркинова эса даст кўтаришда 55 кг., силтаб кўтаришда 63 кг., умумий 118 кг. натижа билан 5-ўринни эгаллади.
Бугун ўтказиладиган мусобақаларда Дина Тажиева (-69 кг) баҳсларга киришади.
8-март кунги баҳсларда эса Мадина Мингбоева (+69 кг) ҳамда Комила Абдуллаева (+69 кг) ғолиблик учун мусобақалашадилар.
Кеча ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда ҳамюртларимиздан Шахзод Худойберганов (-69 кг) 9-ўринни, Шерзод Маъруфжонов (-77 кг) эса 10-ўринни эгаллади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).