Азамат Абдураимов билан «Андижон»нинг «Бунёдкор»га қарши кечган учрашуви эртаси куни суҳбатлашдик. Мураббийнинг кайфиятидан ҳам жамоадаги ишлар яхши эмаслигини сезиш мумкин эди. Мавсум бошидан буён йиғилиб келган муаммолар бир бўлди-ю, «Сўғдиёна»дан учралган мағлубият бир бўлди. Боз устига, «Андижон» амалдаги чемпион - «Бунёдкор»га қарши учрашувда ҳам очко ололмади. Умуман, бу ўйинда андижонликларда яхши натижага имконият кам эди. Шу сабаблими, Азамат Абдураимовнинг истеъфога чиқиши ҳақида гап-сўзлар бошланиб кетди. Бу ҳақда мураббийнинг ўзидан сўрашга қарор қилдик. Азамат ака бизни қизиқтирган саволга дарҳол жавоб берди. Аниқроғи, унинг ўзи энг аввало, шу мавзуда гап бошлади.
- «Андижон»дан кетишим деярли аниқ бўлиб улгурган. «Сўғдиёна»га қарши учрашувдан сўнг дарҳол истеъфо сўраб, ариза ёзгандим. Клуб раҳбарияти бу талабни ўрганиб чиқди ва бугун қўнғироқ бўлди. Сешанба куни клуб раҳбарияти билан учрашишим лозим. Ўшанда жамоа билан амалдаги шартномани бекор қилишга келишиб оламиз.
- Бироз вақт муқаддам «Андижон»да охирига қадар курашишни ният қилганингизни айтгандингиз. Қарорингиз ўзгаришига нима сабаб бўлди?
- Аввалги омадсизликларга қарамай, вазиятни ўнглай олишимга ишонаётган эдим. Аммо «Сўғдиёна»га қарши баҳсдан сўнг бу ишончга путур етди. Жамоада руҳият масаласида муаммо борлигини кўрдим. Афтидан, футболчилар мендан чарчаган кўринадилар. Ҳар ҳолда, мана 3-мавсумдирки, бирга ишламоқдамиз. Шунингдек, бошқа бир қатор муаммолар ҳам бор. Бундай вақтда жамоага ўзгаришлар керак. Энг яхши ўзгариш эса - бош мураббийнинг кетиши. Буни тушунганим сабабли ҳам, кетишни лозим топдим.
- Демак, «Андижон»дан кетишга ўзингиз қарор қилгансиз...
-Ҳа. Ҳаммасининг якуни бўлади. Асосийси, «Андижон»нинг тақдирига бефарқ эмасман. Айни вақт жамоадан кетишим унга наф келтиради, деб ўйлайман. Шу сабабли шундай тўхтамга келдим.
- Жамоадаги омадсизликлар илдизи нимага бориб тақалади ўзи, сизнингча?
- Ҳозир ҳеч кимни айбламоқчи эмасман. Футболчи ёки бошқаларни айблашдан осони йўқ. Жавобгарликни ўз зиммамга оламан. Балки мавжуд муаммоларни етарлича ҳал қилолмагандирман ёки бошқа сабаблар бордир, нима бўлганда ҳам, бу менинг айбим. Чунки асосий масалаларни бош мураббий ҳал қилиши лозим. Албатта, омадсизликнинг бошқа бир қатор омиллари ҳам бор. Масалан, молиявий муаммолар кўпинча панд берди.
- Яхши натижага энг аввало, яхши таркиб билан эришилади. Ўзингиз истаган таркибни жамлай олдингизми?
- Таркиб масаласида ҳаммаси биз ўйлагандек бўлмади. Ўтган йилнинг 20 декабрида янги мавсумга тайёргарлик кўра бошлагандик. Шу тайёргарлик жараёни давомида, февраль ойи охирларига қадар янги футболчи жалб қилолмадик. Ўша вақтгача биринчи лигада ўйнаган футболчилар билан машғулот олиб бордик. Ваҳоланки, қўлимда мен жамоага таклиф этишни истаган футболчилар рўйхати бор эди. Аммо улардан бирортасини таркибга қўша олмадик. Бунинг сабаблари яна молиявий ҳолатга бориб тақалади. Қисқаси, трансфер борасида бошқа жамоалар билан рақобатлашолмас эдик. Шу сабабли мўлжалимиздаги футболчилар яхшироқ таклиф олиб, бошқа клубларга ўтиб кетдилар. Уларни айблолмайман, чунки ўзим ҳам футболчи бўлганман. Футболчининг яхшироқ шароит яратиб берадиган клубда ўйнагиси келади. Бизда бундай шароит йўқ эди. Натижада бошқа жамоаларда захира ўриндиғида қолиб кетаётганларни ижарага олишга мажбур бўлдик. Алишер Азизов, Анвар Ражабов, Жавлон Мирабдуллаев, Мирзакамол Камолов, Камрон Кападзе каби футболчилар келдилар. Аммо улар фақат февраль ойи охирларида таркибга қўшилдилар ва орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, олий лига ўйинлари бошланди. Бундай вақтда рисоладагидек тайёргарлик ҳақида гапириш ҳам ортиқча. Биз жамоага таклиф этган футболчилар орасида энг муносиби - шубҳасиз, дарвозабон Темур Ғаниев бўлди. Аммо у ҳам сафимизга мавсум бошланиши арафасида қўшилди. Ўз навбатида, булар натижага таъсир ўтказмай қолмади. Мавсумни ёмон бошлаганимиздан сўнг жамоа руҳиятида муаммолар бошланди. Энг ёмони мана шу. Футболчиларда иштиёқ сезилмаса, ишлаш оғир, ахир...
- Бу муаммони бартараф этишга уриниб кўрдингизми?
- Албатта, уриндим. Қўлимдан келган барча ишни амалга оширдим. Аммо омадсизлик гирдобига ўралашиб қолгач, ундан чиқиб кетиш қийин экан. Оддий мисол, «Динамо»га қарши кечган учрашувни олайлик. Биз 83-дақиқага қадар 2:1 ҳисобида олдинда бордик. Аммо футболчилар ҳужумга берилиб кетишди ва оқибатда 2та гол қўйиб юбориб, 2:3 ҳисобида мағлубиятга учрадик. «Машъал» ва «Пахтакор»га қарши кечган учрашувларда ҳам охирги дақиқаларда тўп ўтказиб юбориб, муҳим очколарни йўқотдик. Футболчиларда ирода кучи, характер кўринмай қолди. Энг катта муаммо мана шу эди.
- Умуман, «Андижон» ҳақида сизда қандай хотиралар қолади?
- Клуб билан яхши дамларни ҳам, ёмон кунларни ҳам бошимиздан ўтказдик. Оғир вақтларда бирга бўлдик, биринчи лигадан муносиб ўтдик. Нафақат футбол, балки инсонийлик жиҳатидан ҳам ҳамжиҳатликда иш олиб бордик. Ўтган мавсум Дмитрий Краев оғир хасталикка чалинганида, бутун жамоа билан ёрдам бердик. Ҳайрия учрашуви ташкил қилдик, ундан тушган маблағ Дмитрийнинг операциясини тўлиқ қоплади. Бу футболчи ҳамон жамоа рўйхатида турибди ва маош олишда давом этмоқда. Биз ҳеч кимни қийин кунида ташлаб қўймадик. Бу томонлама жамоа билан фахрланаман. Шу ўринда барчага, энг аввало, Андижон вилояти раҳбари Шуҳрат Абдураҳимовга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бизга ҳомийлик қилган GM раҳбарияти, бирга фаолият олиб борган клуб президенти Дилшод Бобожонов, «УздонгЖу» бошлиғи Зафар Зулуновга ҳам раҳмат айтаман. Улар жуда катта ёрдам беришди. Бунинг учун ҳар қанча миннатдорчилик билдирсам арзийди. Клубда энди иш бошлаганимда вазият анча оғир эди. Собиқ раҳбарлар томонидан кўпгина ишлар ўлда-жўлда қолдирилган экан. Жамоага боргач, бош мураббийликдан ташқари, вице-президентлик лавозимида ҳам меҳнат қилиш ва кўпгина ташкилий масалаларни ҳал этишимга тўғри келди. Айтайлик, клуб базасида таъмирлаш ишларини амалга оширдик, бошқарув ва ташкилотчиликни тартибга солдик. Айни вақт футболчилардан ҳеч қандай қарз йўқ, барча солиқлар тўланган, муаммолар бартараф этилган. Бир сўз билан айтганда, клубда иш бошлайдиган янги бош мураббий учун зарур шароитлар яратилган. Бу ишлар учун катта куч сарфлашимизга тўғри келганди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, «Андижон»ни олий лигада ҳали сақлаб қолиш мумкин. Аммо бунинг учун фақат янги бош мураббий таклиф этишнинг ўзи камлик қилади. Энг аввало, молиявий муаммолар ҳал қилинмас экан, вазиятни ўнглаш қийин кечса керак...
- «Андижон» ҳақида гап борганида, энг аввало, нимани алоҳида ёдга олишга истардингиз?
- Клубда ишлаган даврим давомида вилоят футболига фойда келтиришга ҳаракат қилдим. Ўзим фахрланадиган энг асосий нарса - вилоят футболи тизимини яхлит кўринишга келтирганимиз бўлди. Илгари Андижон футболи турли қисмларга бўлинган эди. Биз шу бўлакларни бирлаштириб, янги тизим ишлаб чиқдик. «Уздонгжу» академияси ва «Андижон» футбол мактаби шу тизимнинг пойдевори ҳисобланади. Футбол академияси ва мактабида таҳсил олган ёшлар фаолиятларини ҳар икки жамоанинг иккинчи лигада иштирок этадиган таркибида давом эттириш имкониятига эга бўладилар. Тизимнинг давоми сифатида «Андижон» клуби ёшлар жамоаси олинди. Иқтидорли ёшлар кейинги босқичда биринчи лигада иштирок этаётган фарм-клуб шарафини ҳимоя қилишлари мумкин. Ундан ҳам сараланиб ўтганлар «Андижон»нинг асосий таркибига киришади. Бу тизим айни вақт тўлиқ фаолият олиб бормоқда. Илгари турли қисмларга бўлинган вилоят футболи энди яхлит куч сифатида фаолият олиб бормоқда. Ишончим комил, яқин вақтлар ичида бу ишлар самара келтиради. Андижондан кўплаб иқтидорли ёшлар етишиб чиқишига ишонаман.
- Келгуси фаолиятингиз ҳақида қандай режалар бор?
- Ҳозирча бўлиб ўтган ишларни таҳлил қилмоқчиман. Сўнгра шунга қараб ишимни давом эттираман. Истеъфо - ҳар қандай мураббийнинг қисматида бор нарса. Ҳатто Европадаги кучли мураббийлар ҳам қачондир ишдан кетишга мажбур бўладилар. «Андижон»даги фаолиятим ҳам қайсидир маънода - тажриба. Бу нафақат мен, балки футболчилар учун ҳам яхшигина тажриба. Шогирдларимга қўлимдан келган барча ўгитни беришга ҳаракат қилдим. Ҳаётда энг муҳими - тўхтаб қолмаслик, олға интилиш. Айтадилар-ку: «Бизни ҳалок қилмайдиган ҳар қандай нарса, яна-да кучлироқ бўлишимизга сабабчидир». Умуман, мураббийлик соҳасидаги ишимни давом эттирмоқчиман. «Андижон»даги омадсизликда 3та нарсани сабаб сифатида кўрмоқдаман: 1. Молиявий муаммолар. 2. Ташкилотчиликдаги муаммолар. 3. Ниҳоят, ўз хатоларим. Энди мана шу хатолардан хулоса чиқаришим лозим. Мен ишонган футболчилар кўпинча панд бердилар. Ярим ҳимоячиларга қаттиқ ишонгандим, аммо улар буни оқлай олишмади. Аммо бу ҳам менинг айбим. Демак, бошқачароқ йўл тутишим керак эди. Менга фақат бир нарса алам қилади, ишонч билан бошлаган ишимни охирига етказолмадим. Бунинг учун «Андижон» мухлислари ва вилоят аҳлидан узр сўрайман. Андижондаги каби мухлислар жуда кам. Бундай фидойи ишқибозларни ҳамма жойда ҳам учратавермайсиз. Асосийси, клубдаги фаолиятим давомида самимий ишладим, жамоага фойда келтириш пайида бўлдим. Бу ишим ўхшамай қолгани эса бошқа масала. Мен Андижондаги исталган мухлис кўзига тик қарай оламан. Улар олдида виждоним тоза. Клубга келгуси ишларида омад тилайман.
Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).