Инчеон-2014. Теннис. Эркаклар терма жамоамиз бронза медалини қўлга киритди
Теннис бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Осиё Ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди.
Истомин бошчилигидаги терма жамоамиз нимчорак финалда Саудия Арабистонини 3:0, чорак финалда кучли ҳисобланган Жанубий Кореяни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди. Бугун эса Ўзбекистон ярим финалда Қозоғистонга қарши муросасиз баҳс олиб борди.
Дастлабки кортга Фаррух Дўстов ва Александр Недовесов чиқишди. Унда қозоғистонлик теннисчи икки сетда ғалаба қозонди (6:3, 6:4).
Иккинчи ўйинда эса Денис Истомин Михаил Кукушкин 3 сетда мағлубиятга учратди — 4:6, 6:3, 6:4.
Жуфтликлар ўртасидаги баҳс ҳам 3 сет давом этди. Биринчи сет тай-бреккача давом этди ва унда Истомин/Дўстов 7-4 ҳисоби мағлуб этди. Иккинчи сетда эса 7:5 ҳисобида Голубев/Недовесов жуфтлиги ғалаба қозонди. Афсуски, учинчи сетнинг бошида бой берилган гейм ҳамюртларимизга қимматга тушди — 4:6.
Шу тариқа, Қозоғистон финалга чиққан бўлса, Ўзбекистон делагацияси ҳисобида бронза медаллари сони 5тага етди.
Киритилди: 13:05, 23.09.2014. Ўқилди: 4729 марта. Фикрлар: 4 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).