Оксана Чусовитина: «Рио-2016да иштирок этиш — энг катта орзум»
Ўзбекистон ҳисобига кумуш медал олиб берган Оксана Чусовитина мусобақа якунига етгач матбуот анжуманида журналистларнинг қизиқтирган саволларига жавоб берди. Маҳаллий нашрларда у 39 ёшда эканлиги туфайли ҳам анча қизиқишга сабабчи бўлганди. Буни ҳис қилган Оксана табассум билан:
«Гап инсоннинг ёшида эмас», - дея сўз бошлади. «Ҳар сафар машғулотлар залига машқ қилгани борганимда балиқ сувда мазза қилганидек кайфиятим кўтарилади. Ёшимга эътибор бермай, бор ғайратим билан ҳаракат қилдим».
Қизиғи шундаки, олтин медал соҳибаси бўлган шимолий кореялик гимнастикачидан ҳам кўра Оксана бутун залнинг эътиборини тортди. Чунки мусобақа суҳандони: «Навбат 1988 йилги Сеул олимпиадаси иштирокчиси Оксана Чусовитинага!», деб эълон қилганди. Кўпчилик ҳайратда эди. Кумуш медаль олган чоғидаги ички ҳиссиётлари ҳақида сўзларкан, Оксана жумладан шундай деди: «Узоқ кутишлар мени чарчатган бўлса ҳам меҳнатимга яраша мукофотланганимдан жудаям ҳурсандман».
Келажак режалари хусусидаги саволга 6 марта олимпиада иштирокчиси бўлган ҳамюртимиз барчани ҳайратланиб шундай жавоб берди: «2016 йилги Рио-де Жанейро олимпиадасида иштирок этиш энг катта орзуим».
Отабек йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул
Киритилди: 15:31, 25.09.2014. Ўқилди: 4114 марта. Фикрлар: 4 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).