Жорий йилги футбол мавсуми ҳам аста-секин ўз поёнига етиб боряпти. Дунё миқёсида оладиган бўлсак, 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати билан мухлислар ёдида қоладиган бўлди. Биз учун эса ҳамюртимиз Равшан Эрматовнинг мундиалда яна тўртта ўйинни бошқариб, иккита ЖЧда жами тўққизта учрашув билан жаҳон рекордини янгилагани муҳим янгилик сифатида тарихга кирди.
Айнан шу муваффақият билан бу йилни ёдда сақлаб қоламиз. Албатта, Равшаннинг ушбу ютуқларида бир нечта омиллар роль ўйнаган. Биринчи галда ўзининг тиришқоқлиги ва интилиши. Оллоҳ томонидан берилган истеъдод. Шунингдек, оилавий муҳитнинг таъсири. Агар Равшаннинг дадаси Сайфиддин ака ўғли учун зарур шароитларни яратиб бермаганида, у бугунги муваффақиятларига эришолмаган бўлиши ҳам мумкин эди. Биз Сайфиддин Эрматов билан Равшаннинг болалик йиллари, ҳозирги ютуқлари борасида суҳбат уюштирдик.
- Сайфиддин ака, мулоқотимиз аввалида Равшан Эрматовнинг болалик йилларига тўхталиб ўтсангиз. Чунки у бугунги даражасига чиққунича сизнинг ҳам, ўзининг ҳам улкан меҳнати сарфланган...
- Албатта, ота-оналарнинг асосий вазифаларидан бири - ўз фарзандларининг қизиқишларига қараб, уларга зарур шароитларни яратиб бериш. Биз яшаган жой собиқ Островский боғи, ҳозирги Лабзак даҳасида жойлашганди. Уйимизнинг шундоққина орқа тарафида катта стадион бўларди. Равшан футболдаги илк қадамларини айнан ўша ўйингоҳда ташлаган. Унга олиб берган биринчи совғам ҳам тўп бўлган. Мақсадим ундан яхши футболчи етиштириш эди. Боиси, ўзи ҳам миллионлар ўйинига жуда қизиқарди. Истеъдодини пайқаганим учун бор эътиборимни унга керакли шароитларни яратиб бериш, машғулотларга қатнашини таъминлашга қаратганман. Афсуски, машъум жароҳат Равшаннинг футболчи бўлишига тўсқинлик қилган. Шукрки, у футболда бўлмаса ҳам, ҳакамликда катта обрўга эришди. Жаҳон чемпионатларида энг кўп учрашувларни бошқариш бўйича дунё рекордини янгилади. Фурсатдан фойдаланиб, ўғлимга, унинг ёрдамчиларига омад тилайман. Бундан ҳам мартабалари улуғ бўлсин, Ўзбекистон довруғини ўзларининг ҳалол ҳакамликлари билан дунёга танитиб юраверишсин. Уларни дуо қилиб ўтирамиз. Бир отага бундан ортиқ бахт борми? Энг муҳими, фарзандларни ўзлари ёқтирган касбларига йўналтириш керак. Ҳар бир шогирдимга берадиган биринчи саволим - футболчи бўлишни ўзинг хоҳлаяпсанми ёки ота-онангми, мазмунида бўлган. Агар боланинг ўзида истак бўлмаса, сизнинг уринишларингиз барибир зое кетади. Равшанда футболга муҳаббат кучли бўлган. Машғулотларда икки ҳисса куч билан ҳаракат қиларди. Тиришқоқлигидан хурсанд бўлардим. Шундай бўлганидан кейин қандай қилиб фарзандингиз учун шароитларни яратиб бермайсиз? Онаси алламаҳалда стадиондан кечки овқатга етаклаб олиб келарди. Кеч тушиб қолибди, дея ўз хоҳиши билан келмасди.
- Мактабдаги баҳолари қандай бўлган?
- Баҳолари ёмон бўлмаган. Аъло баҳоларга ўқиган ҳам дея олмайман. Кундалигида 4 ва 5 баҳолари кўпроқ эди. Жисмоний тарбия дарси жону-дили эди. Фақат футбол эмас, волейбол ва стол теннисини ҳам жуда яхши кўрарди. Туман миқёсида ўтказилган мусобақаларда бир неча маротаба ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олган. Ҳалигача стол теннисини яхши ўйнайди. Теннисни яхши ўйнагани Испанияда бўлиб ўтган ФИФАнинг ЖЧ ҳакамлари учун илк семинарида қўл келган. У мундиалга номзод ҳакамлар ўртасида ўтказилган ўзига хос кичик теннис турнирида ғолиб чиққан. Айтмоқчиманки, инсон кенг қиррали бўлмоғи, фақат бир йўналишда қолиб кетмаслиги керак. Айниқса, бу спортда жуда ҳам муҳим. Масалан, теннис билан шуғулланиш орқали тез фикрлаб, қарор чиқариш, волейболда баланд сакраш, бўй ўстириш каби хислатларни янада шакллантириш мумкин. Кўряпсизми, спорт турлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бири иккинчисини тўлдиради.
- Фарзандингиздан айнан қачон етук ҳакам етишиб чиқишига ишона бошладингиз?
- «Истиқлол» жамоасида ўйнаб юрган кезлари оёғидан жиддий жароҳат олган. Шифокорлар менга агар ўғлингизнинг соғлиғига бефарқ бўлмасангиз, бошқа футбол ўйнамасин, деб шарт қўйишади. Ўнг оёғи тўпиғидан чиқиб кетаверган. Бу ҳолатда футболни давом эттириб бўлмасди. Равшан Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институтига ўқишга кирган пайтда мен 1982 йилларда туғилган футболчиларга бош мураббий эдим. Валерий Борадавкин ёрдамчи мураббий бўлган. Ўшанда Равшанни мураббийлар штабида ўзим билан бирга олиб юра бошладим. Футбол ўйнай олмас экан, ҳеч бўлмаса мураббийликда ўзини синаб кўрсин, деган истак ҳам йўқ эмасди. Кунларнинг бирида шаҳар биринчилигимиздаги учрашувга бош ҳакам келмаган. Шунда Равшаннинг қўлига ҳуштакни бериб: «Ўғлим, мана сизга имконият, кенг майдон, ўзингизни кўрсатинг», деганман. Шунда ўзидан ёши катта футболчилар иштирокидаги ўйинни шунчалик бехато бошқарганки, очиғи бундай натижани ундан кутмагандим. Ҳеч кимга ён босмасдан, учрашувнинг бошидан то охиригача юқори савияда ҳакамлик қилган. Ўшанда менинг жамоам билан «Чилонзор» клуби ўзаро ўйнашганди. Бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган жамоам айнан ўғлим бошқарган баҳсда ютқазиб қўйган эди. Шунда унга: «Отангга ён босмадингми, демак, сендан яхши ҳакам етишиб чиқади», деганман. Ўша кундан бошлаб, ўғлимнинг ҳакам бўлиши учун барча шароитларни муҳайё қилиб берганман. Ҳар якшанба куни Тошкент шаҳар биринчилиги ўйинларини бошқаришга борарди. Кейинроқ унга видеокамера олиб бердим. Ўзи бошқарган баҳсларни ёзиб олиб, учрашувдан сўнг таҳлил қила бошлади. Кўрсаткичлари, маҳорати кундан-кунга ошиб борди. Кейин онаси, опаси ва ўзим биргаликда уни инглиз тили курсига олиб бордик. Ҳафтасига уч марта кечки пайт инглиз тилини ўргана бошлади. Тезроқ тилга қизиқиши уйғониши учун ўзимиз биргалашиб курсларга борганмиз. Бу ўз натижасини берди. Бугунга келиб Равшан инглиз тилида ўз она тилидек гаплаша олади. Бундан ташқари, испан ва араб тилларини ўрганди. Инсон ўз олдига аниқ бир мақсад қўйдими, унга интилиши керак. Ҳеч нарса шунчаки бўлиб қолмайди. Меҳнат орқали кўзланган манзилга етилади.
- Ўша шифокор айтган сўзлар Равшан Эрматовга қанчалик таъсир қилган?
- Руҳий тушкунликка тушиб қолган. Анча пайт ўзига кела олмаган. Севимли машғулотидан бир куннинг ўзида ажралиш бу осон эмас. Тўғри, айтган ишларимни, бераётган кўрсатмаларимни бажарган. Лекин кўзлари аввалгидек ёнмаётганди. Ўша ҳакамнинг учрашувга келмагани унинг ҳаёти ва фаолиятида туб бурилиш ясади. Илк бошқарган ўйинида кичик хатолари бўлгандир. Аммо ундаги қатъиятлилик бу камчиликларни ювиб кетганди. Отасининг жамоасига ён босмадими, демак, ундан яхши ҳакам чиқар экан, деган бир тўхтамга келдим.
- Ҳозиргача Равшаннинг бошқарган учрашувларини муҳокама қилиб турасизми?
- Албатта. Бусиз иложи йўқ. Сўнгги мундиалдаги барча ўйинларини кузатиб, қайси дақиқада қандай ҳаракат қилгани ва чиқарган қарорларини ёзиб бордим. Учрашувдан кейин ўзига мана бу ерда ўйинни эрта тўхтатиб қўйдинг, яна бир ҳолатда ёрдамчинг Баҳодир Қўчқоровга ишониб қолдинг, дея ўз фикрларимни айтдим. Ўзи ҳам: «Дада, тўғри айтяпсиз, менга бироз совуққонлик етишмади», деди. Ҳам отаси, ҳам мураббийи бўлганим учун унинг хатоларини беркитмаслигим керак. Ҳаммасини рўй-рост ўзига айтаман. Эгаллаган позициянг тўғри бўлганида, мана бу хато келиб чиқмасди, деб ҳамиша камчиликларини айтаман. Бўлди, ҳамма нарсага эришдим, билмайдиган нарсамнинг ўзи қолмади, деган инсон хато қилади.
- Бугунги кунда футбол шу даражада тезлашиб кетдики, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар фоизини камайтириш мақсадида замонавий технологияларга мурожаат қилиняпти. Инсонмиз, ҳеч ким хатодан холи эмас. Бундай вазиятларда реферига қўшқанот бўладиган ёрдамчиларининг роли катта бўлади. Бу борада қандай фикрдасиз?
- Авваллари арбитр майдонга, ёрдамчилари аут, бурчак тўпи ва ўйиндан ташқари ҳолатларга жавоб беришарди. Ҳозир ундай эмас. Қанот ҳакамларининг майдонда бажарадиган вазифалари ортган. Майдондаги ҳар бир ҳолатга тўрттала ҳакам бир хилда жавоб беради. Абдуҳамидулло Расулов ҳам ўзимнинг шогирдим. Минг бор шукрки, иккала шогирдим ҳам жаҳон чемпионатида муваффақиятли ҳакамлик қилиб, дунё футбол жамоатчилигининг диққатини тортишди. Менга бундан ортиқ бахт борми? Ҳам фарзандим, ҳам шогирдим, албатта бундан жуда хурсанд бўламан. Юртимиздаги футбол ишқибозларига катта раҳмат, ҳалигача қўнғироқ қилиб, табриклашяпти. Айниқса, 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунида телефонимни сув қуйиб, совутдим, десам ҳам бўлади (кулади).
- Равшан ака рефериликдан ташқари, йўриқчилик ҳам қилаётган эканлар. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз.
- Ҳакамлар мактабида ёш ҳакамлар учун турли семинар ва маҳорат сабоқларини ўтаяпти. Лекин сўнгги пайтларда бўш вақти деярли бўлмаяпти. Жаҳон чемпионатидан қайтиб келганидан сўнг бошқараётган ўйинларидан ташқари, турли учрашувларга ҳам чақиришяпти. Ўқув юртларида келажагимиз эгалари ҳисобланган талабалар билан учрашяпти. Шуларни кўриб, ғурурланаман.
- Тажрибали ҳакам сифатида бу касбни танлаш остонасида турган бугунги ёшларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
- Биринчи галда профессионализм йўлига ўтиш керак. Уйда бир йиғин бўладими, қариндошларникида тўй-ҳашамми, Равшанга: «Ўғлим, сен машғулотингга боравер, сендан ҳеч ким хафа бўлмайди ва ҳеч ким гина ҳам қилмайди», деб айтардим. Машғулотларини ўтказиб, кейин яна қўшилиб кетаверарди. Нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиш керак. Акс ҳолда, кўзланган мақсадга эриша олмайсиз. Бугунги кунда истеъдодли ёш ҳакамлар етишиб чиқишяпти. Улардан бири Шерзод Қосимов. Равшаннинг ўзи унга устозлик қиляпти. Мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳакамларни тайёрлаш мактаби ўз меваларини бера бошлади.
- Хисоблаб кўрсак, Равшан Эрматов бу йил уйдан кўра сафарда кўп бўлибдилар. Мана яқинда Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финал доирасидаги «Ал-Айн» - «Ал-Ҳилол» жамоалари ўртасидаги учрашувни бошқариб, ўша куннинг ўзида миллий чемпионатимиз доирасидаги ўйиида ҳакамлик қилиш учун жўнаб кетдилар...
- БААдан келганидан кейин уйда икки соатгина бўлди. Кийимларини йиғиштириб, «Нефтчи» иштирокидаги учрашувни бошқариш учун Фарғонага йўл олди. Ўйиндан сўнг қўнғироқ қилиб: «Дада, ўйин 1:1 ҳисобида якунланган бўлишига қарамай, жуда юқори суръатда ўтди, чарчоқ ҳам билинмади», деди. Икки томоннинг тинимсиз ҳужумлари остида ўтадиган баҳсларда ҳакамлик қилиш ҳам, назоратчи бўлиш ҳам мароқли.
- Табиийки, уйда кам бўлишлари натижасида фарзандлари ҳам соғиниб қолишади...
- Албатта, иккала фарзанди ҳам соғинади. Уйда бўлган куни ҳақиқий байрам бошланади. Отаси билан бирга ухлашади. Ўғли декабрда 4 ёшга тўлади. Футболга ҳозирдан меҳри бўлакча.
- Ҳа энди, олманинг тагига олма тушади-да...
- Бўлмасам-чи? Кўп вақти ҳовлимиздаги кичик майдонда тўп тепиш билан ўтади. Ўзим ҳам бўш бўлсам, эринмай набирам билан шуғулланаман.
- Сизнинг ҳам шу даражага етишингизда устозларингизнинг ўрни бўлакча бўлган. Шу сабабли, мураббийларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...
- Садриддин акам 9 ёшимда футбол мактабига олиб борганлар. Раҳматли Акмал Азизхўжаев ва Лазиз Мақсудовнинг қўлларига топширганлар. Илк синовдаёқ мактабга қабул қилишган. Устозларимдан бир умрга миннатдорман. Футболга бўлган қизиқишимни янада шакллантиришди. Мендаги футболга бўлган қизиқиш фарзандимга ўтди. Ўйлайманки, набирам ҳам бу анъанани давом эттиради. Нафақат футбол, балки исталган спорт тури билан шуғулланган инсондан ёмонлик чиқмайди. Биринчи галда ўз саломатлигини таъминлаган бўлади. Энг муҳими, ота-оналар ўз вақтида фарзандларининг келажагига эътибор қаратишсин. Қизиқишлари сўниб қолмасдан, маълум бир йўналишга беришсин. У спорт тури бўлиши шарт эмас, муҳими, қайси соҳада бўлишидан қатъий назар, биринчи галда ўз оиласи ва албатта юрт тараққиёти учун хизмат қилсин. Ана ўшанда ҳаммаси яхши бўлади. Ота-онага фарзанди ортидан келган раҳматдан тотли нарса борми, бу дунёда?
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).