Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети конференциялар залида Ўзбекистон ифтихори, ФИФА рефериси Равшан Эрматов турли олий ўқув юртлари талаба-ёшлари билан учрашди ва уларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб берди. Учрашув Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмасининг “Ёш лидерлар ривожланиш лойиҳаси” доирасида ташкил этилиб, унда мулоқот инглиз тилида олиб борилди.
Тадбир Равшан Эрматовнинг Бразилия-2014 мундиалидаги иштироки ва унда қайд этган тарихий натижаси акс этган видеолавҳа билан бошланди. Таниқли ҳакам фаолиятига оид тезкор савол-жавоблардан сўнг, бевосита меҳмон билан суҳбатга навбат берилди.
- Ушбу лойиҳа доирасида сиз ёшлар билан учрашиб турганимдан хурсандман. Суҳбатимиз мазмунли ўтишига ишончим комил. Шуни таъкидлашни истардимки, бу расмий мулоқот эмас. Шу боис бўйинбоғингизни ечиб қўйишингиз мумкин.
- Равшан ака, ҳакам сифатидаги фаолиятингиз бошида қандай режаларингиз бор эди? Ҳакамликка энди кириб келган вақтингизда ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
- Ўзингизга маълум, жароҳат олганимдан сўнг футбол ўйнай олмаслигим аниқ бўлган. Ҳакамлик соҳасини танлашим эса тасодифан юз берган. 1997 йил эди, ёшим 19да. Ҳар якшанба 11-12 ёшли кичик болаларнинг ўйинларини кузатардим. Кунларнинг бирида ўйинга тайинланган ҳакам келмай қолди ва отам мендан ўша ўйинни бошқаришимни сўради. Рози бўлдим, аммо менда на сариқ-қизил карточкалар ва на ҳуштак бор эди. Шундай бўлса-да, ўша ўйинни бошқариш менга роҳат бахш этди. Ўйинни четдан кузатганлар ҳам менда ҳакамлик қобилияти борлигини айтишган. Бу ўзимга ҳам ёққанини сезиб турардим.
Аммо ўйинчи сифатида футбол ўйнаган вақтларимда ҳакамлар билан ҳеч чиқиша олмаганман. Улар билан жуда кўп тортишардим, жанжаллашардим. Жароҳат олганимдан кейинги ниятим мураббий бўлиш эди...
Ҳакамлик қила бошлагач, бу иш жуда кўп меҳнат талаб этишини аён бўлди. Барча муваффақиятлар орзудан бошланади. Кейин эса ҳаракат. Футбол қоидалари бўйича 130дан кўпроқ бетли китобни тўла ёдлаб чиққаним эсимда.
Халқаро фаолиятим бошланган 2007 йил. Семинарларда хорижлик ҳакамлар билан гаплашганимда улар менга эътибор беришмасди. Дастлабки йиғинлардан бирида чет эллик бир ҳамкасбим берган саволлар ёдимдан чиқмайди: "Қаердансан? Қаерда у Ўзбекистон? Исминг нима? Равшан, нега шунчалик қаттиқ меҳнат қиляпсан, бирон нарсага эришаман деб ўйлаяпсанми? Бунчалик тиришқоқликнинг ҳожати йўқ. Улар барибир имконият беришмайди. Буларнинг барини фақат малака ошириш деб қабул қил".
2010 йилги ЖЧ очилиш учрашувига тайинланганимни эълон қилишган вақтда ҳам менга нисбатан муносабат шундай эди. Исмимни ўқишганида кўпчилик тушунмади, иккинчи марта ўқилганда ҳам тушунмадилар. Ҳатто буни маълум қилаётган кишини бироз ичиб олган деб ҳам ўйлашди. Барчаси салбий руҳда эди: "Ўзбекистонда футбол борми ўзи? Қаерда бу мамлакат?" деб савол берардилар... Шу сўзлардан, шу муносабатдан сўнг мен яна ҳам кучлироқ бўлдим! Биз ўзбекмиз. Биз етарлича кучлимиз. Кейинчалик ҳам, ундан аввал ҳам қаерда бўлмай, кимлар билан учрашмай, президентимизнинг ушбу сўзлари доим қалбимда эди: "Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз ҳам". Ўша очилиш ўйини олдидан ҳам мендан кўп сўрашган: "Қўрқмайсанми?" Мен жавоб берардим: "Қўрққанимда ҳозир уйда, телевизор қаршисида ўтирардим".
- Миллий терма жамоамиз ҳақидаги шахсий фикрингиз биз учун қизиқ. Жаҳон чемпионатига нега бу сафар ҳам чиқа олмадик? Россияга бориш имкониятларимиз ҳақида нима дейсиз?
- Терма жамоамиз ҳақида сўраяпсизми? Бу ҳақда ҳамма сўраяпти. Биласизми, бу жамоани мен бошқараётганим йўқ, шунинг учун билмайман. Лекин шуни аниқ биламанки, Ўзбекистонда иқтидорлар жуда кўп! Ҳатто Япония, Корея ёки Хитойда ҳам бу қадар талантларни топа олмайсиз.
Терма жамоамиз аъзоларининг халқаро ўйинларга қандай тайёрланишларини билмайман. Шахсан ўзимдан келиб чиқиб айтсам, мени ўша куни майдонда миллионлаб халқим кузатишини ҳис қилган ҳолда, масъулият билан тайёргарлик кўраман. Футбол инсонларни бирлаштиради. Улар сизга ишонади, сизни дуо қилишади. Буни эса ҳис қилиш керак. 11 футболчи яшил майдонда ва миллионлаб нигоҳлар уларга қадалган. Ўша нигоҳ соҳиблари айни ўша лаҳзаларда майдондагиларни ўз фарзандларидан ҳам кўпроқ яхши кўришар балки... Ишончни оқлаш керак ахир.
Учрашувлар олдидан ассистентларимга айтаман: "Бугун катта ўйин, бизни ўзбекистонлик кузатишади!" Шундай мақсад билан майдонга чиқсангизгина муваффақиятли ўтган ўйиндан сўнг ундан тўлақонли қониқиш ҳосил қила олишингиз мумкин.
- Фаолиятингиз давомида орттирган тажрибангиз сирасида нима энг қизиқарлиси бўлган?
- Осон кунлар бўлмаган. Тажрибамдан айтишим мумкинки, агар қандайдир муҳим нарсага эришмоқчи бўлсангиз, қаттиқ меҳнат қилишингизга тўғри келади. Мақсадим - ЖЧда ишлаш аввалига фақат орзу ҳолида эди. Сиз ўзингиз ҳаракат қилишингиз керак. Сиздан бошқа ҳеч ким ўрнингизга ҳаракат қилмайди. Омадга ишонмайман. Нариги хонадаги кимдир омадли бўлиши мумкин, лекин сиз ҳаммасига ўз меҳнатингиз билан эришинг.
- Вақтингизни қандай назорат қиласиз? Ҳаммасига улгуриш мумкин эмасдир?
- Авваллари вақт тушунчасига кўп ҳам эътиборли эмасдим. Ҳозир эса у мен учун ҳақиқий қадрли нарсага айланган. Бўш вақтим жуда оз. Агар вақтингизни бекорга сарфласангиз, бир кун келиб бунинг учун пушаймон бўлишингиз аниқ. Бу борада эса ўзимни бахтли ҳисоблай оламан.
- Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, агар ўша жароҳат бўлмаганида ва профессионал футболга ўйинчи сифатида кириб келганингизда тенгдошларингиз билан нималарга эриша олган бўлардингиз? Терма жамоада улар билан елкама-елка туриб ҳаракат қилардингиз, балки...
- Футбол ўйнашни 7 ёшимдан бошлаганман. Футбол шундай ўйинки, у сизнинг қон-қонингизга сингиб кетади. Уни бир марта ўйнаган одам ортиқ унга бефарқ бўла олмайди. Шу сабабли ҳозир ҳатто қизлар орасида ҳам футбол оммалашяпти. Буни кўп кузатяпман. Балки, бир кунмас бир кун йигитларимиз бўлмаса, қизларимиз чиқиб қолар Жаҳон чемпионатига. Чунки қизларда Ватанга муҳаббат, мақсадга садоқат ҳислари кучлироқ бўлади.
Мен ҳам миллий терма жамоамиз аъзоси бўлишни орзу қилардим. 30 миллион кишидан фақат 11 киши кияди бу футболкани. Футболчи бўлганимда мақсад учун жонимни ҳам берган бўлардим.
- Сизга истакларни бажо келтирувчи жин дуч келганида ва бир-бирига қарши ўйнаши учун икки жамоа номини айт, деганида қайси жамоаларни танлаган бўлардингиз?
- Ўзбекистоннинг бу йил жаҳон чемпиони бўлган Германия билан ўйнашини истаган бўлардим. Германия билан ҳали финалларда учрашайлик, сизлар билан шу учрашувларни ҳам кузатиш насиб қилсин.
- 15 йил олдин фаолият бошлагансиз ва ҳозир халқимизнинг чинакам фахрисиз. Айтингчи, ўзингизни 15 йилдан кейин қай ҳолда тасаввур этасиз?
- Ажойиб савол. Ҳозир мени қаҳрамон деб аташмоқда. Лекин мен оддий инсонман. Мен намуна бўлишим керак, тасодифий истисно эмас. Албатта, орзуларим бисёр. Касбим бўйича айтсам, кейинги мундиалларда ҳам албатта иштирок этиб, кўрсаткичларимни янада яхшилашни истайман. Шахсий ҳаётимда эса оилам билан кўпроқ бирга бўлишни истайман. 15 йилдан сўнг яқинларимга ҳозиргидан кўпроқ вақт ажрата оларман.
Биласизми, ҳеч ким сизга ватанпарварлик ҳиссини бера олмайди. У ўзингизда бўлади. Мен ҳозир шунчаки ҳаёт кечира олмайман. Ҳозир ҳаракат вақти, ҳиссиёт ва шижоатлар вақти. Барчамиз дунёнинг Ватанимиз ҳақидаги фикрини ўзгартирадиган даврдамиз.
- Тасаввур қилинг, 2022 йилги ЖЧ финалида Ўзбекистон ва Япония ўйнамоқда. Ҳимоячиларимиздан бири япониялик ҳужумчига нисбатан жарима майдончамиз ичида қоида бузди. Пенальти белгиланиши 55/45 нисбатда бўлсин. 55 фоизни қўлласангиз ва пенальти берсангиз, сиздан ФИФА рози бўлади, 45 фоизда эса ўзбекистонликлар. Танловингиз?
- 55/45 деган гаплар бўлмайди, пенальти эканлиги ё юз фоиз аниқ ёки қоида бузилмаган. Амир Темур бобомиз нима деганди? Куч - адолатда! Ҳамма ҳам хато қилиши мумкин, лекин уни атайлаб қилиш адолатсизликдир.
- Ўзингиз таъкидлаб ўтганингиздек, бизда футбол талантлари жуда кўп. Аммо уларни жаҳоннинг энг яхши футболчилари бўлиш учун қай тарзда тарбиялаш, қай тариқа руҳлантириш керак? Бунга ким масъул?
- Ўзингиз масъулсиз. Биз лидерлар семинарида ўтирибмиз. Нима қилсангиз ҳам ижобий руҳият билан бажаринг. Оптимизм жуда муҳим. Ҳиссиётларни назорат ҳам қила олинг. Доим журъатингиз етарли бўлсин, журъатли бўлинг!
Тадбирнинг асосий қисми савол-жавоблар билан ўтиб, унинг сўнгида савол бериш навбати Равшан Эрматовга берилди ва у мухлис-талабаларга иккита савол билан мурожаат қилди. ФИФА рефериси ўзини қониқтирган жавоб эгаларига сариқ ва қизил карточкалар ҳадя этди. Бу икки савол қуйидагича эди:
1. Ҳаётда мақсадга эга бўлиш муҳимми? Нима учун?
2. Сиз ўзингиз яшаётган жамият учун қандай фойдали ишни амалга оширдингиз? Мисоллар келтиринг.
Шундан сўнг энг яхши савол берган мухлисларга тадбир меҳмони томонидан футбол тўплари совға қилинди. Шунингдек, Равшан Эрматовга лойиҳа ташкилотчилари томонидан YLDP`га аъзолик сертификати топширилди.
Эслатиб ўтамиз, тадбир олдидан ушбу учрашув Равшан Эрматовнинг ўзбекистонлик ёшлар билан инглиз тилида қиладиган илк очиқ мулоқоти бўлиши хабар қилинган эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).