"Манчестер Юнайтед" Англия Премьер-лигасида ортда қолган 11 турдан сўнг турнир жадвалида ўзи учун у қадар муносиб бўлмаган поғонани эгаллаб турибди. Eurosport.ru сайтида эълон қилинган мақолада Луи ван Галнинг йўл қўйган хатолари, шу билан бирга айнан худди шундай вазиятда афсонавий сэр Алекс Фергюсоннинг қандай йўл тутгани ҳикоя қилинади.
Шошилинчда қилинган харидлар
Ван Гал қандай йўл тутди? Давралар оралиғида "МЮ" харажатлар учун 150 миллион фунт сарфлаб янги рекорд ўрнатди. Жамоага янги талкиф қилинганлар орасида клуб скаутлари ва шахсан Ван Галнинг ўзи узоқ вақтдан бери кузатиб келаётган футболчилар бор эди. Шу сабабдан ҳам Люк Шоу, Андер Эррера ёки Дэйли Блинднинг харид қилиниши ҳеч кимда ортиқча эътироз туғдирмади. Аммо голланд мутахассиси керагича футболчи харид қилганига қарамай клуб бюджетини иқтисод қилишдан кўра "ётиб қолгунча отиб қол" шиорига амал қилди чоғи жамоа сафига Анхель Ди Мария ва Радамель Фалькаони ҳам қўшиб олди. Тўғри, Англия Премьер-лигасида ортда қолган 11 турдан сўнг таклиф қилинган қайсидир футболчи борасида узил-кесил хулоса қилишга ҳали эрта. Аммо шу муддат давомида қайд этилган натижалардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, улкан маблағ эвазига сотиб олинган ўйинчилар ҳали жамоа ўйин услубига тўлалигича мослашиб кетишганича йўқ. Айни вақтда "қизил иблислар" мухлислари хаёлининг бир бурчагида ўйинчиларга ҳали вақт керак деган ўй кечаётган бўлса, хаёлининг нариги бурчида эса 150 миллионлик харажат билан бундан яхшироқ натижа кўрсатиш керак эмасми деган ҳақли савол ҳам жой олган.
Голландия терма жамоаси билан Бразилиядаги мундиалда ажойиб натижаларни қўлга киритиб, ўзининг яна бир карра буюк мураббий эканини исботлаган Луи Ван Гал Манчестерга кўчиб ўтганидаги илк интервьюсида унинг жамоаси 3 ойдан сўнг ўзининг асл кучини кўрсатиши ҳақида гапирганди. Аммо мураббийнинг бу ваъдаси ваъдалигича қолиб кетди. "Кристалл Пэлас"га қарши учрашув арафасида эса мураббий клубда аниқ услуб ва ўйин фалсафини қарор топтириш учун унга камида 3 йил вақт зарурлиги ҳақида гапириб ўтди. Голланд мутахассисининг бу иддосида ҳам ҳақиқат бор, аммо клуб мухлислари, энг аввало ёзда 150 млн фунт сарфлаган клуб хўжайинларининг сабри 3 йилгача етармикин? Буниси энди бизга қоронғу.
Фергюсон қандай йўл тутганди? Скаутинг масаласи сэр Алекс учун ҳамиша муҳим бўлган, аммо шотландиялик ҳеч қачон янги футболчиларни таклиф қилишда сон ортидан қувмаган, ўйинчининг савияси унинг учун бирламчи аҳамият касб этган. Ҳозир мутахассис ўз вақтида бир қатор савияли футболчилар (Патрик Виейра ёки Алан Ширер)ни қўлдан чиқарганини тан оляпти, аммо Фергюсон даврида рўй берган омадсиз трансферлар "МЮ" тараққиётига у қадар салбий таъсир ўтказмаган.
(Бу ерда ва кейинги ўринларда Алекс Фергюсоннинг автобиографик китобида келтирилган иқтибослардан фойдаланилади – Footballtop тажримаси)
"Қачонки шошилиб қарор қабул қилсанг, хатога йўл қўйишинг муқаррар. Биз аввалдан ўйланган режа асосида иш тутганимиз ва янги футболчиларнинг маҳоратини ҳар тарафлама синчиклаб ўрганиб чиққанимиз эвазига кўплаб муваффақиятларга эришдик. Масалан, Криштиану Роналдуни сотиб олишдан аввал биз у ҳақидаги барча маълумотдан воқиф эдик. Биз Рунини аввалига 14, кейин 16 ёшида қўлга киритишга ҳаракат қилдик. Охир-оқибат Уэйн билан 17 ёшида шартнома имзоладик. Уни қўйиб юборишга ҳаққимиз йўқ эди. Аммо "Манчестер Юнайтед"да скаутинг ишлари шу даражада қойилмақом йўл қўйилганди.
Верон ва Клеберсонни катта маблағ эвазига қўлга киритдик. Аммо ҳеч қандай саросимасиз, балки шошилинчда харид қилдик. Чунки уларнинг имкониятларига юқори баҳо бергандик. Верон индивидуал футболчи бўлгани сабаб жамоа учун ўйнай олмади. Клеберсон эса клубда ўрнатилган тартиб-қоидаларга беъэтибор бўлди. Ёқимтой йигит эди, аммо интизомли бўлишга кўника олмади, у ҳатто инглиз тилини ўрганишга ҳам қунт қилгани йўқ".
Жамоадаги ички муҳит
Ван Гал қандай йўл тутди? Ҳозирда "МЮ"нинг бирорта ишқибози антирекордларга бой бўлган ўтган мавсумни ҳатто ёдга олишни ҳам истамайди. Шахсан Фергюсоннинг таклифи билан бош мураббий этиб тайинланган Дэвид Мойес амалда ҳеч кимнинг ишончини оқламади. Ўз ўйин услубини жамоага сингдира олмагани, қўшимчасига мураббий ва ўйинчилар ўртасида юзага келган тушунмовчилик жамоанинг ички муҳитини издан чиқарди.
"У ўзи истамаган ҳолда жамоада салбий муҳитни юзага келтирди, аслида Ферги даврида ҳаммаси ўз ўрнида эди", - дея қайд этади Рио Фердинанд яқинда чоп этилган автобиографик китобида.
Жамоада йиғилган кўп сонли юлдуз футболчиларнинг ҳар бири билан мустақил тарзда ишлай олиб бош мураббий учун энг муҳим ҳислат ҳисобланади.
Ван Гал ҳам келгусида Дэвид Мойес хатосини такрорламасликни истаса, энг аввало ишини жамоадаги ички кайфиятни мўтадил ҳолатга келтириш ва ўйинчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишдан бошлаши керак.
Фергюсон қандай йўл тутганди? Шотландиялик мутахассис ўйинчилар орасида қандай обрўга эга бўлишига қарамай, ўзини жамоадан устун қўя бошлаган топ-футболчи билан хайрлашишдан ҳеч қачон чўчимаган. Бунга айниқса, "МЮ"нинг кўп йиллик сардори Рой Кин билан юзага келган вазият ёрқин мисол. Ўшанда ирландиялик ўзига ҳаддан ташқари юқори баҳо бериб юбориб, интервьюларида ўз жамоадошларини очиқчасига танқид қиларди. Сэр Алекснинг бу вазиятга муносабати ўзини узоқ куттириб қўйгани йўқ.
"У ҳамма билан жанжалланиб қолганди. Даррен Флетчер, Алан Смит, Ван дер Сар билан. Рой уларнинг барчасини танқид қилди. Тонгда Гари Невилл қўнғироқ қилиб, мендан кийиниш хонасига келишимни сўради. Мен аввалига Рой жамоадошларидан кечирим сўраса керак деб ўйладим. Ўйинчилар билан бордик. Гари менга футболчилар машғулотлардан қониқиш ҳосил қилмаётганини айтди. Қулоқларимга ишонмасдим. "Ҳамма норозими?", - сўрадим мен. Рой жамоага катта таъсир кўрсатиш иқтидорига эга эди, ўша ондаёқ у бу устунлигидан фойдаланиб жамоадошларини ўз тарафига оғдиришга уринаётганини тушундим.
Келаси чоршанбагача жамоадагиларга кўринмадим, аммо Дэвид Гиллга қўнғироқ қилдим ва Рой Кинни жамоадан четлатиш зарурлигини айтдим. Мен юзага келган вазиятни ўнглаш учун қандай йўл тутиш кераклигини ўзим учун аллақачон аниқлаб улгургандим. Агар мен ўзимни низодан олиб қочганимда, бу Ройнинг жамоадаги нуфузини ва ўзига бўлган ишончини янаям ошириб юборарди. Ҳақиқат у тарафда эканини барчага исботлаши учун унга вақт бердим. Аслида у ноҳақ эди. У хатога йўл қўйди".
Юлдуз футболчилар фабрикаси
Ван Гал қандай йўл тутди? "Юнайтед" трансфер бозорида анча фаол бўлиб, миллионларни сарфлади, Ван Гал ўзи истаган барча футболчиларга эга бўлди. Фалькао ва Ди Мариянинг жамоага такли қилиниши эса манкунянликларнинг аввалги обрўсини бир қадар тиклашга хизмат қилди.
Тўғри, бу "Реал"нинг 2003 йилги шонли таркиби эмас, аммо "қизил иблислар" сафида ҳамон Руни - ван Перси жуфтлиги, улар ортида эса жамоа келажаги дея эътироф этилаётган ёш ва ғалабаларга чанқоқ бельгиялик Янузай бор. Дарҳақиқат, "МЮ"нинг ҳужум чизиғи ҳаддан ташқари кучли футболчилар билан тўлдирилгани учун анча даҳшатли кўриниш касб этди. Айни вақтда деярли ҳар бир ҳужум жамоа сардори Руни билан бошланмоқда. Аммо Уэйн ҳозирча ўз савияси даражасида ўйин кўрсатаётгани йўқ. У ҳозирда АПЛда энг кўп маош олувчи футболчи бўлиб турибди, Рунининг ҳафталик маоши 300 минг фунтни ташкил этади. Эҳтимол, Ван Гал хаёлининг бир четида "МЮ" етакчиси билан хайрлашиш фикрини ушлаб тургандир.
Фергюсон қандай йўл тутганди? 2002/03 йилги мавсум Дэвид Бекхэм учун манкунианликлар сафидаги энг муваффақиятлиси, шу бирга билан қизил футболкадаги энг сўнгги мавсум бўлиб қолди.
Сэр Алексда Дэвиднинг майдондаги ўйин борасида ҳеч қандай эътироз йўқ эди – унга биргина жиҳат - медианинг Бекхэмга катта таъсир ўтказгани ёқмасди:
"Лестер"га қарши баҳс арафасида Кэррингтонга келганимда, база дарвозаси олдида турган журналистларга кўзим тушди. Улар орасида фотографларнинг ўзи 20 нафарни ташкил қиларди. "Бу ерда нималар бўляпти?", - сўрадим улардан. Менга эртаси куни Бекхэм ўзининг янги соч турмагини намойиш қилишини маълум қилишди.
Дэвид бошига қалпоқ кийган ҳолда кўриниш берди. У қалпоғини ҳатто тамадди вақтида ҳам бошидан олмади.
"Дэвид, қалпоғингни еч, биз ресторанда ўтирибмиз", - дея ундан талаб қилдим. У эса бундан бош тортди. "Бундай аҳмоқлик қилма", - дея уни тартибга чақирган бўлдим. Аммо у яна ўз билганидан қолмади. Бу муносабатдан қаттиқ жаҳлим чиқди. Бироқ умуман олганда, менинг Дэвидни жазолашга ҳаққим йўқ эди. Чунки кўплаб футболчилар стадионга келаётганида бейсболка кийиб олишар, аммо ҳали бирор ўйинчи жамоа тушлик қилаётганида бош кийимини ечмаслик учун бу қадар қўполлик қилмаганди. Эртаси куни Бекхэм ўйиндан олдинги машғулотга ҳам қалпоқ кийиб чиқди.
"Дэвид, - унга мурожаат қилдим. – Ё қалпоғингни ечиб қўясан, ёки мен сени майдонга туширмайман. Ва шу заҳоти сени жамоадан ҳайдайман". Шундан сўнг Дэвид ўзига келиб қалпоғини ечди. Кўрдимки, у ҳамма сочини қирдириб ташлаганди! "Нима бу, ҳеч ким кўришни истамайдиган сип-силлик бошми?". Кейин маълум бўлишича, у ҳакам ҳуштак чалгунича қалпоғини ечмасликни режа қилган экан. Мен эса унинг режасини барбод қилибман. Ўшанда медиа уни ақлдан оздирганини тушуниб етдим".
Фергюсон 2002/03 йилги мавсумдан сўнг Бэксни Мадридга қўйиб юборишдан ҳайиқмади. Тўғри, шундан сўнг унинг жамоаси мамлакат чемпиони бўлишни яна 3 йил кутишга мажбур бўлди, аммо инглиз футбол юлдузининг клубдан кетиши ҳеч қандай даҳшатли воқеага айланмади.
Маҳмуджон АЗИМОВ таржимаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).