Францияда 1992-1993 йиллар мавсуми сўнггида «Марсель» томонидан «Валансьен» футболчиларини пул эвазига сотиб олишга уриниш ҳолатини қисқа қилиб «Va-ОМ» иши деб номланган эди. Жорий йилда ҳам Франция футболида шунга ўхшаш коррупцион хатти-ҳаракатлар юзасидан яна жанжал кўтарилиб, суриштирув ишлари давом этмоқда. Тўғри, бу сафарги «келишувлар»нинг миқёси «Va-ОМ» каби кенг кўламли бўлмаса-да, ҳаммаси оз-оздан бошланади, деганларидек, француз жамоатчилиги фикрича, аҳамиятига кўра иккинчи профессионал дивизион доирасидаги мазкур «келишувлар»ни ҳам фавқулодда ҳолат, фожиа, дейиш ўринли. L-2 чемпионатида муносиб ўрин учун курашаётган «Ним»нинг раҳбарлари якунланган мавсум мобайнида бир нечта «келишилган» ўйинлар ташкил қилганликда гумон қилинмоқда. Жумладан, клуб хўжайини Каспарян футболдаги бундай «хунук ишларга» алоқадор эканлигини тан олган бўлса, терговга қатнаётган Жан-Марк Конрад клуб президентлигидан истеъфога чиқди.
Полициянинг букмекерлик тадбирлари, ставкалари билан шуғулланувчи махсус бўлими «Ним»га кутилмаганда боғланиб қолди, аниқроғи, унинг фаолиятидаги қинғирликлардан воқиф бўлди. Гап шундаки, муайян гуруҳлар ўртасида «Саркис» ёки «Гўзал Серж» номи билан танилган Серж Каспаряннинг қимор ўйинларидаги фаолияти сабабли унинг телефон сўзлашувлари эшитишга уланган эди. Ушбу жаноб кўчмас мулклар савдосидан катта фойда кўриши баробарида, бир нечта пивохоналарга эгалик қиларди. 2009 йилнинг декабрь ойида Парижда Каспарянга тегишли «Сadet» қиморхонаси иш бошлади. Ўшанда ўйинхонанинг очилиш маросимига Франция Ички ишлар вазири Брис Ортефе шахсан таклиф этилганди. Орадан уч йил ўтгач, прокуратура Серж ва унинг ҳамкорларини молиявий қаллобликка алоқадор шахслар сифатида шубҳа остига олди. Умуман, текширув-суриштирув ишлари Каспаряннинг 2014 йил апрель ойида «Ним»нинг бош акционери лавозимини эгаллашига ғов бўлолмади. Тез орада «Cadet» ёзуви ўйинчилар футболкасида пайдо бўлди.
Афсус, 2012 йилда учинчи дивизиондан юқорилаган клуб муваффақиятсизликка учраб, яримпрофессионал учинчи эшелон таркибига тушиб қолиш хавфи остида қолди. Жамоага 7.5 миллион евро харжлаган Каспарян учун бундай аянчли ҳолат молиявий инқироз бўлиши мумкин эди. Бироқ иккинчи лигада телевидениенинг ўзидан кўрилган фойда 80 миллион евродан зиёдни ташкил қилди. Эндиликда телефон орқали сўзлашувлар туфайли Серж иккита ишда - қиморхона иши ва футболдаги «келишувлар»да айбланмоқда.
«Le Canard Enchaine» нашрида эълон қилинган мақолада ёзилишича, Бастиянинг иккинчи клуби «Серкль Атлетик Бастье» пул учун сотилишга, яъни, «келишувга» рози бўлмаган. Чунки томошабинлар орасида шаҳар мэри ва Корсика ҳудудий кенгаши президентининг ҳам борлиги «ютқазишга» монеълик қилган. «Бирор-бир бошқа иложини топармиз»,- дея изоҳлайди Каспарян «режаси» барбод бўлганидан афсусланиб.
Ўйин бошланишидан аввал у ўғлига, «Ним»нинг учинчи дарвозабонига шундай деди: «Улар ўйинни бой беришади». Лекин айтилганининг акси бўлди: Бургундия жамоаси 5:1 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди.
Олий дивизионга чиқишни деярли таъминлаб қўйган «Кан»ни эса сўнгги тур олдидан ўтказилган учрашувдаги дуранг натижа мутлақо қониқтирарди. Ўйин олдидан «Ним» президенти Конрад рақиб жамоа президенти Жан-Франсуа Фортен билан суҳбатлашади. «Сенга ҳам очко керакми?» - дея савол берди Фортен. Конрад саволга шундай жавоб қилди: «Кўрдингми, энди ўзингга ўзинг: «Ним»нинг янги президенти у қадар ахмоқ эмас, деб айт. У, ҳатто, барчангизга яхшигина совға ҳам тайёрлаб қўйган».
«France 3» телеканалининг хабарида айтилишича, финалдаги ҳуштак овози янграгандан сўнг, «Кан»нинг ечиниш хонасига «Ним» томонидан яшикларда вино келтирилган. Шу ўринда савол туғилади: бу ваъда қилинган совғанинг ҳаммасимиди ёки...?
Фортеннинг совғалар билан боғлиқ айбловларни буткул инкор этаётгани табиий, аммо тергов ишлари мобайнида уни клубга раҳбарлик қилиши тақиқланди. Унинг вазифасини вақтинчалик, бош директор Ксавье Гравлен бажариб туради.
Франциянинг тергов ва суд органлари ҳеч қачон шошилишмайди. Мавсум учрашувлари ўз маромида давом этмоқда. «Кан» голландиялик аутсайдерларга монанд усулдаги футболни намойиш этиб бораркан, бир қатор мағлубиятлардан сўнг, биринчи дивизионнинг турнир жадвалига томон йўналмоқда. Агарда мазкур клуб президентининг бундан 20 йил аввал «Марсел» билан боғлиқ «келишилган» ўйинлар каби сохта ғалабаларни ташкиллаштиришга алоқадорлиги аниқланса, мавсумдаги, жадвалдаги ҳолатидан қатъий назар жамоанинг мақоми мувофиқ равишда, узил-кесил ҳал қилинади. Токи Франция стадионларига ташриф буюраётган мухлислар ҳаққоний мусобақа ва заррача ғирромсиз ўйин учун пул тўлашаётганини билишсин.
Муҳиддин Мағзумов тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).