Австралияда бошланган Осиё кубоги мусобақасига фақатгина қитъамизда эмас, бутун дунёда қизиқиш етарлича. Жумладан, just-football.com сайти Ўзбекистон терма жамоаси, таркибдаги футболчилар, мураббийимиз ва тактика борасида мақола эълон қилди. Унинг муҳим жиҳатларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Юқорига қараб ўсиш
Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубогидаги натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, улар мусобақадан-мусобақага натижани яхшилаб боришганига гувоҳ бўламиз. Масалан, Осиё кубоги-2004ни олиб қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон гуруҳда 3та ўйинда ғалаба қозониб, ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишган. Аммо чорак финалда Баҳрайн тўсиғидан ўта олишмаган. Аввалги қитъа чемпионатида эса ярим финалгача уларнинг йўлини ҳеч ким тўса олмади, аммо финал йўлланмаси учун баҳсда Австралияга 0:6 ҳисобида ютқазиб қўйишган. Бронза медали учун ўйинда ҳам имкониятни бой беришди.
ЖЧ йўлланмаси учун курашдаги муваффақиятсизлик
Ўзбекистон ЖЧда йўлланмасини қўлга кирита олмай келмоқда. ЖЧ-2014 йўлланмаси учун курашда уларга 2та тўп етмади холос. Кейинчалик улар Мундиал йўлланмаси учун плей-офф босқичида ҳам омадсизликка учрашди.
Бошқа томондан Ўзбекистон терма жамоаси дастлабки 2та Осиё кубогида гуруҳдан чиқа олмаган, кейинги 2тасида чорак финалга чиққан. 2011 йилда эса ярим финалгача етиб борган.
Нима кутиш мумкин?
Биринчи навбатда, Ўзбекистон таркиби тажрибали футболчилардан ташкил топган. Жамоанинг ҳозирги ўзаги илк марта 2007 йилги Осиё кубогида қатнашганди. Жасур Ҳасанов, Азизбек Ҳайдаров, Виталий Денисов, Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Игнатий Нестеров анчадан бери терма жамоа сафида ўйнаб келишади. Бу томондан ўзбеклар анчадан бери битта таркиб билан ўйнаб келишади, буни Осиёнинг бошқа терма жамоаларида кўриш қийин.
Ўзбекистоннинг рақиб дарвозасига хавф туғдириш диапазони кенг. Масалан, Сервер Жепаров бутун майдон бўйлаб, Виталий Денисов эса чап қанотдан ҳужумга қўшилади. Жасур Ҳасанов ва Санжар Турсуновнинг икки қанотдаги ҳаракатлари бир-бирларига ўхшаб кетади. Уларнинг ўйинини камситиб бўлмайди.
Тактика таҳлили
Миржалол Қосимов 4-2-3-1 классик тактик схемасидан фойдаланишни маъқул кўради. Бу тактик услуб анча қайишқоқ (эластик) бўлиб, кўп ўйинчилар турли позицияларда ўйнаши мумкин. Мисол учун, ўнг қанот ярим ҳимоячиси марказга ўтиши мумкин. Ўзбекистонлик юлдузлар — Жепаров ва Одил Аҳмедов қитъада энг универсал футболчилар ҳисобланишади. Улар ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда бирдек ҳаракат қила олишади. Ўзбекистон таянч ярим ҳимоясида одатда бир ёки икки нафар футболчи ўйнайди. Бу жойда Темур Кападзега Азиз Ҳайдаров ёрдам бериши мумкин.
Марказий ҳимояда Ислом Тўхтахўжаев ва Анзур Исмоилов ўйнаши кутилмоқда. Аммо бу жойда Одил Аҳмедов ҳам ўйнаши мумкин. Бу томонлама олдиндан тахмин қилиш қийин.
Шунингдек, Қосимов яна бир қанча имкониятларга эга. "Алдамчи тўққиз" (Жепаров) ёки иккинчи ҳужумчи (Воҳид Шодиев) услубидан ҳам фойдаланиши мумкин. Шунингдек, мураббий классик вингерлар (Ҳасанов, Турсунов) хизматидан фойдаланиши мумкин. Ёки Жепаровни чапга қўйиб, ундан бирданига жарима майдончасига юриш қиладиган футболчи сифатида фойдаланиши мумкин.
Тактик жиҳатдан Ўзбекистон терма жамоасида жиддий камчилик йўқ. Лекин жисмоний жиҳатдан ҳимоячиларда муаммо бор. Масалан, ўнг қанот ҳимоячиси Шавкат Муллажоновга нисбатан босим уюштирилса, хатога йўл қўйиши мумкин.
Кузатишга лойиқ футболчилар
Ўзбек футболи ривожланмоқда. Янги-янги иқтидорлар ўсиб келмоқда. Ярим ҳимоячи Жамшид Искандеров, ҳужумчи Игорь Сергеев ҳозирги Ўзбекистон терма жамоасида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган футболчилар ҳисобланади. Терма жамоада Гейнрих ва Шацкихнинг йўқлигини улар билинтирмасликка ҳаракат қилишади. "Пахтакор" ҳужумчиси ҳар иккала оёқда бирдек зарба бера олади, бош билан яхши ўйнайди.
Биласизми?
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони "Пахтакор"дан бор-йўғи 3 нафар футболчи Осиё кубоги-2015га таклиф этилган. Улар терма жамоанинг энг ёш аъзолари ҳисобланишади.
Осиё кубоги-2004да эса "Пахтакор"дан бирданига 12 нафар футболчи иштирок этганди.
Тахмин
Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги 10та ўртоқлик учрашувининг 7тасида ғалаба қозонишган (2014 йилнинг сентябрь ойидан бери). Шундай экан, улар Австралияга яхши кайфиятда ташриф буюришган. Уларда "В" гуруҳи ғолиби бўлиш учун яхши имконият бор. Ўзбекистон чорак финалда Жанубий Корея ёки Австралияни мағлуб этиб, яна ярим финалга чиқса, бундан ҳайрон бўлмаслик керак.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).