Жамшид Искандеров учун жорий мавсум анча омадли келди. Ярим ҳимоячи «Пахтакор» сафида ишончли ўйин намойиш қилди ва айни вақтда йилнинг энг яхши футболчиси номини қўлга киритишга номзодлик қилмоқда. Interfutbol таҳририяти томонидан ўтказилган сўровномага кўра эса, Жамшид Искандеров «Йилнинг юлдуз футболчиси» совринини қўлга киритди. Иқтидорли ярим ҳимоячига бу совринни тақдим этиш жараёнида у билан суҳбатда бўлдик. Жамшид Искандеров учун жорий мавсум анча омадли келди. Ярим ҳимоячи «Пахтакор» сафида ишончли ўйин намойиш қилди ва айни вақтда йилнинг энг яхши футболчиси номини қўлга киритишга номзодлик қилмоқда. Interfutbol таҳририяти томонидан ўтказилган сўровномага кўра эса, Жамшид Искандеров «Йилнинг юлдуз футболчиси» совринини қўлга киритди. Иқтидорли ярим ҳимоячига бу совринни тақдим этиш жараёнида у билан суҳбатда бўлдик.
ЭЪТИРОФ
— Жамшид, аввало сизни мукофот билан табриклаймиз. Ишонамизки, яқин келажакда сиз бундан-да кўпроқ эътирофларга сазовор бўласиз.
— Табрик ва мукофот учун раҳмат. Юртимизда энг кўп ўқувчига эга бўлган нашр томонидан бу эътирофга муносиб кўрилганимдан хурсандман. Аслида бу мукофот бутун жамоамизга тегишли, деб биламан. Йил давомида қаттиқ меҳнат қилдик, ишладик. Бу меҳнатларимиз самара келтирганидан хурсандмиз. Насиб қилса янги мавсумда ҳам яхши ўйнашда давом этамиз ва мухлисларни яна хурсанд қиламиз. Бу йил янада масъулиятли бўлади. Буни бутун жамоамиз ҳис қилиб турибди.
— Ўтган мавсумга қандай баҳо берасиз? Тўлиқ кўнглим тўлди, деб айта оласизми?
— Чемпионликни қўлга кирита олганимиздан хурсанд бўлдим, албатта. Бу томонлама олиб қарайдиган бўлсак, мавсумдан кўнглим тўлди. Чунки бизга қарши кучли рақиблар курашдилар. «Локомотив» кучли футболчиларни ўз таркибига жамлаганди, шунингдек, «Бунёдкор» ва «Насаф» ҳам аввалдан кучли ҳисобланади. Лекин биз мана шундай рақиблардан устун кела олдик. Шундай экан, бу борада мавсумдан кўнглим тўлди. Албатта, Ўзбекистон кубогини ҳам қўлга киритишни хоҳлаган эдик, аммо насиб қилмаган экан. Демак, янги мавсумда биз интиладиган яна бир мақсад бор. Ҳамма нарса аста-секинлик билан қўлга киритилади. Янги мавсумда Ўзбекистон чемпионати ва кубогида ғалаба қозониш учун курашамиз.
— Чемпионлар Лигасида қандай вазифа қўйилган?
— «Пахтакор» ҳар доим фақат энг юқори мақсад учун курашади. Клубимиз тарихи жуда бой ва Чемпионлар Лигасида ҳам ҳар доим яхши натижалар учун курашган. Бу сафар ҳам истисно бўлмайди, биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз.
ТЕРМА ЖАМОА
— Суҳбатимизни терма жамоа мавзусида давом эттирсак. Осиё кубоги олдидан ўтказилган йиғинлар ҳақида нима дея оласиз?
— Йиғинлар жуда яхши ўтди. Яхши шароитда машғулотлар ўтадик, бир қатор ўртоқлик баҳсларида майдонга тушдик. Мураббийлар штаби биздан талаб қилган нарсаларни бажаришга ҳаракат қилдик. Йиғин яхши ўтди, энди насиб қилса, Осиё кубогида бунинг самарасини кўрсатиш учун бор кучимиз билан ўйнаймиз.
— Миржалол Қосимовнинг айтишича, йиғин давомида кўпроқ эътибор жисмоний машқларга қаратилган экан...
— Ҳа, йиғин давомида оғир жисмоний машқларни бажардик. Осиё кубоги давомида катта босимни енгиб ўтишга тўғри келади, шунинг учун ҳам машғулотлар анча жиддий ўтди. Бу машқлар Осиё кубогида қўл келишига ишонаман.
— Улар сизга оғирлик қилмадими? Машғулотлар давомида ҳеч қандай муаммога дуч келмадингизми?
— Йўқ, Худога шукр, ҳаммаси жойида. Бундай оғир машғулотларга кўникиб кетганман. Футбол шуниси билан қизиқ. Машғулотлар давомида қанча кўп ишласанг, ўйинда шунча осон бўлади. Мен учун жисмоний юкламалар оғирлик қилгани йўқ.
ИЛК ГОЛ
— Ироққа қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида термадаги илк голингизни уришга муваффақ бўлдингиз. Ўша вақтдаги ҳиссиётларингизни айтиб бера оласизми?
— Албатта бундан жуда хурсанд бўлдим. Аслида миллий терма жамоага чақириқ олишнинг ўзи катта бахт. Футболчилар кўп, лекин терма жамоа шарафини ҳимоя қиладиганлар саноқли. Ўзбекистон учун майдонга тушаётганингда, ўз-ўзидан ҳаяжон бўлади. Терма жамоада гол уриш ҳам бошқача.
— Ўша голни пенальтидан урдингиз. Сизда ҳаяжон бўлмадими? Ахир терма жамоада тажрибали футболчилар бир талай, аммо пенальтини сиз тепдингиз.
— Йўқ, ҳаяжон бўлмади. Чунки ўша вақтда майдонда бўлган тажрибали футболчиларнинг ўзлари менга пенальти тепиш имкониятини беришди. Пенальти белгилангандан сўнг Азиз Ҳайдаров зарба беришимни айтди. Шундан сўнг ҳаяжон ҳам ўз-ўзидан ўтиб кетди. Зарбани хотиржамлик билан амалга оширдим. Гол урганимдан ва жамоадошларим ишончини оқлаганимдан хурсандман.
КЛУБ ВА ТЕРМА ЖАМОА
— Клуб ва терма жамоа футболи ўртасида қандайдир фарқ борми?
— Миллий терма жамоа сафида майдонга тушар экансиз, энг аввало бутун Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш кераклигини ҳис қилиб турасиз. Бунинг масъулияти жуда катта. Терма жамоа сафида қўлдан келган ва келмаган ишларни ҳам бажариш шарт. Клубдаги масъулият ҳам шунга яраша, аммо у ерда хато қилсанг, кейин уни тўғрилаш имконияти албатта бўлади. Аммо терма жамоада бир марта хато қилсанг, кейин уни тўғрилаш жуда мушкул. Шунинг учун ҳам икки-уч баробар кўпроқ куч сарфлаш шарт. Яна клубда икки ёки уч футболчи билан асосий таркиб учун рақобатда бўлсанг, терма жамоада бутун бошли мамлакат ўйинчиларидан устунлигингни кўрсатишинг керак. Кучлироқ эканингни ҳар қадамда исботлаб туришинг шарт.
— Клуб ва терма жамоа футболчилари савияси ўртасидаги фарқчи?
— «Пахтакор»да ҳам кучли футболчилар жамланган. Тўғри, терма жамоада тажрибалироқ футболчилар нисбатан кўпроқ ва бу бизга катта фойда келтиради.
— Ироққа қарши ўтказилган иккинчи ўртоқлик учрашуви трансляцияси вақтида терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов майдон четида турганча, сизга турли кўрсатмалар бераётгани эшитилди. Ўша вақтда қандай кўрсатма берилганини айта олмайсизми?
— Миржалол ака ўйин вақтида ҳаммамизга далда беришга ҳаракат қилади. Кўрсатмалар эса ўйин вақтидаги маслаҳатлар эди. «Олдинга ўт», «Ҳимояга ёрдам бер», «Алдаб ўт» ва ҳоказолар. Бундай кўрсатмалар ҳар бир ўйинда ҳар бир мураббий томонидан берилади.
— Миржалол Қосимов ўйин олдидан сизга алоҳида топшириқ берадими? Масалан, Ироққа қарши кечган учрашувда қандай топшириқ олган эдингиз?
— Ҳамма кўрсатмалар жамоа ўйин услубидан келиб чиқиб берилади. Бутун жамоага берилган кўрсатма, менга ҳам тегишли.
— Мураббий ўйиндан олдин сиз билан алоҳида гаплашиб оладими?
— Ҳа, албатта. «Ўзинг яхши кўрганингдек ўйна. Қўлингдан нима келишини кўрсат. Эркин бўл, бемалол ҳаракат қил», деган эди. Шунга монанд мен ҳам мураббийнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилдим.
РАҚОБАТ
— Сиз терма жамоамиз сафида Сервер Жепаров билан рақобатда бўлишингиз керак. Бу борада ишлар қандай кечмоқда?
— Яхши. Сервер Жепаров билан рақобатда бўлишим мени янада кучайтиради. У кўп клубларда ўйнаган, тажрибали футболчи. Кучли ўйинчи билан рақобатда бўлиш эса мен учун жуда фойдали. Имкон қадар кўпроқ ишлашга ва Жепаровдан кам бўлмасликка ҳаракат қилмоқдаман.
— Баъзи учрашувларда Сервер Жепаров билан бирга майдонга тушдингиз. Иккингиз ҳам бир амплуада эканингиз туфайли, майдонда тушунмовчилик юзага келмадими?
— Йўқ, ҳаммаси жойида. Сервер Жепаров билан бирга асосий таркибда ўйнай оламиз. Бир-биримизни яхши тушунамиз ва майдонда ўзаро ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.
— Учрашувлар давомида шуни кўрдикки, майдон марказида Сервер Жепаров бўлганида, сиз ўнг қанотда ҳаракатландингиз. Ёки аксинча, сиз марказга ўтсангиз, Жепаров ўнг қанотда ўйнади. Бу ўйин давомида юзага келадиган ҳолатми ёки учрашувдан олдин мураббийлар кўрсатмаси шундай бўлганми?
— Баҳсдан олдин бош мураббий шундай кўрсатма беради. Биз шундай ўйин орқали рақиб ҳимоячиларини чалғитишга ва кўпроқ бўш ҳудудга эга бўлишга уринамиз. Ҳозирча ўйинимиз ёмон эмас, ўйлайманки, Осиё кубогида бундан ҳам яхши бўлади.
— Терма жамоада рақобат жуда кучли бўлади. Боз устига, сиз тўп сурадиган чизиқда кучли футболчилар кўп. Захирада ўтириб қолишдан чўчимайсизми?
— Йўқ, бундан қўрқмайман. Терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳар доим энг кучли ўйинчиларга ишонч билдиради. Агар мен астойдил ишласам ва асосий таркибда ўйнашга муносиб эканимни исботлаб берсам, бош мураббий албатта мени майдонга туширишига ишонаман. Насиб қилса, Осиё кубогида халқимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Терма жамоа ўз олдига қўйилган вазифани бажаришига ишонаман.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).