Йил бошида келишилган учрашувларга қарши кураш бошланишини эшитиб, хурсанд бўлгандик. Хурсандчиликка сабаб кўп эди. Биринчидан, ҳеч ким ЎФФдан келишилган ўйинларга қарши курашишни сўрагани йўқ. Масалан, кимдир матбуотда ёки бирор анжуманда чиқиб: «Ҳой, дўстлар, олий лигамизда келишилган баҳслар учраб турибди. Нимага ЎФФ шунга қарамайди?», - демади. Ташаббус федерациянинг ўзидан чиқди. Бу икки ҳисса хурсандчиликка сабаб бўлди.
Иккинчидан, олий лигада келишилган ўйинлар борлигини унда-бунда эшитиб юрганимиз билан, исботимиз йўқлиги сабабли, индай олмасдик. Эшитганларимизнинг ярми рост бўлган тақдирда ҳам, оқибати ҳақида ўйлаш даҳшатли эди. ЎФФ келишилган учрашувларга қарши кураш бошлагани эса шундай иллат борлигини кўрсатиб турарди. Касалга тўғри ташхис қўйиш - давонинг ярми, дейишади. Федерация нафақат тўғри ташхис қўйди, балки бевосита даволаш ишларини ҳам бошлаб юборди. Ҳар ҳолда бизга шундай туюлганди. Мана шунинг ўзиёқ кишини беҳад хурсанд қиларди. Шу сабабли мавсумга анча кўтаринки руҳда қадам ташладик. Аммо...
Буларнинг барчаси мавсум олдидан айтилган гаплар эди. Келинг, энди ҳозир аҳвол қандай эканига бир назар ташлайлик...
Шу ҳафтада «Спорт» телеканалининг «Футбол шарҳи» кўрсатувида ЎФФ қошида ташкил этилган келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси раиси Аҳрол Иноятов меҳмон бўлди. Бу ҳақда батафсил тўхталишдан олдин бир нарсани айтиб кетайлик - ҳаммамиз ҳам «Футбол шарҳи» кўрсатувини жуда ҳурмат қиламиз. Бу кўрсатув юртимиз футболига назар ташлаш имконини берадиган ягона ойна бўлиш билан биргаликда, бошловчи ҳар доим фаол ва актуал муаммоларни кўтариши билан ҳам ҳурматга сазовор бўлган. Бу сафарги кўрсатувга Аҳрол Иноятов таклиф этилиши ҳам бежизга эмас эди. Ўзбекистон чемпионатининг охирги турларида ўтказилган бир қатор учрашувлар шубҳали натижа билан якунланганди. Боз устига Европадаги букмекерлик идоралари томонидан бу ўйинлар натижаси таҳлил қилиниб, келишилгани айтилганди. Бу таҳлил натижалари ОФК ва ЎФФга ҳам юборилган. Демак, шубҳаланишга асос бор. Шу сабабли Аҳрол Иноятовдан анча маънили сўзлар эшитишга шайлангандик. Аммо...
Аҳрол Иноятов «Футбол шарҳи»да меҳмон сифатида иштирок этгани билан, у айтадиган ҳар бир гап расмий мақомга эга бўларди. Шу боис кўрсатувни алоҳида қизиқиш билан томоша қилдик. Кўрсатув бошловчиси Зафар Имомхўжаев охирги вақтларда анча долзарб бўлган масалада савол бериши олдиндан кутилганди. Кўрсатув аввалидаёқ биз кутган савол берилди: «Ўзбекистон чемпионатида келишилган учрашувлар борлиги ҳақида турли хабарлар пайдо бўлди. Бу гаплар рост бўлган тақдирда, ўзбек футболига қанчалик зарар етган бўларди?»
Мабодо ўша кўрсатувни кўрмаган бўлсангиз, Аҳрол Иноятовнинг жавобини келтириб ўтишимиз мумкин. Аммо қўрқамизки, бу жавоб ҳафсалангизни анча пир қилади:
«Келишилган ўйинларнинг чемпионатга таъсири катта, аммо буни исботлаш қийин бўлмоқда. Тўғри, бу борада турли гап-сўзлар пайдо бўлган. Масалан интернетда келишилган баҳслар ҳақида турли хабарлар ўқидик. Аммо бундай гапларни тарқатишдан олдин уни исботлаш керак. Интернетда ким нимани истаса, ёзаверади. Келишилган учрашувлар бўлса, ЎФФ раҳбари унга қаттиқ жазо беради. Лекин буни олдин исботлаб бериш керак.
Қандай қилиб айби йўқ одамларни жазолайсиз? Олдин буни юридик жиҳатдан исботлаш керак. Қани, ким исботлади? Кўчада, бозорда, у ер, бу ерда келишилган ўйинлар ҳақида гапириш осон, лекин уни исботлаб бўлмайди. Агар келишилган учрашувлар бўлса, буни исботлаб беринг. Исботи йўқ нарсани эса гапирмаслик керак!»
Бўлди, бутун бошли ташкилот номидан гапирган инсоннинг расмий баёноти шундан иборат бўлди. Очиғини айтсак, бу баёнотдан кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмай қоларкансан. Аҳрол Иноятовнинг гапларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, демак, келишилган ўйинларга қарши далил тўплаш ва айблов қўйиш - матбуотнинг зиммасидаги нарса экан. Майли, тан оламиз, ҳар қандай мақола ҳам фактларга асосланиб ёзилиши керак. Аммо шубҳали кўринган баҳс ҳақида ёзиш ҳам матбуотга тақиқлаб қўйилганини илгари эшитмаган эканмиз. Айтайлик, «Сўғдиёна» - «Металлург» ўйинидаги 5:4 ҳисоби анча ғалати кўринди. Аммо бу ҳақда ёзмоқчи бўлсак, далил тўплаб, барча ҳужжатларни тахт қилиб қўйишимиз керак бўлади. Шундайми? Шундай. Аммо кечирасиз, ундай бўлса келишилган учрашувларга қарши кураш қўмитасининг нима кераги бор? Ундан кўра, ўша қўмитани журналистларга топшириб қўйишса бўлмайдими? Барибир Аҳрол Иноятов ва унинг ўринбосарларидан ҳеч қандай наф йўқ экан-ку!
Бу ўринда гап ҳатто келишилган ўйинлар бор ёки йўқлиги ҳақида ҳам кетмаяпти. Бутун бошли қўмита раҳбари оддийгина баёнотни ҳам рисоладагидек бера олмаса, у олиб бораётган ишнинг ўзи кишида шубҳа уйғотар экан. Мутасадди деганлари, аниқ-тиниқ гапирса бўлмайдими? Масалан, www.stadion.uz сайтида «Сўғдиёна» - «Навбаҳор» ва «Металлург» - «Бухоро» учрашувлари келишилгани ҳақида гапирилди. Қолаверса «Футбол шарҳи» кўрсатувининг ўша сонида ҳам терма жамоанинг Инчхондаги иштирокига бағишланган саҳифада: «Ўзбек футболида «Сўғдиёна», «Навбаҳор» ва «Металлург» каби клублар «Андижон полка»сига ўйнаб юрганида, терма жамоа қақшатқич мағлубиятга учраётган эди. Бундай чемпионатда тўп сурган футболчилардан яна нима кутиш мумкин?» деган ошкора киноя айтиб ўтилди. Нима учун Аҳрол Иноятов мана шу жамоалар ҳақида гапирмади ва бу борада олиб борилган ишлар ҳисоботини бермади? Аслида қўмита шунинг учун тузилмаганми? Боз устига келишилган ўйинлар ҳақида гаплар пайдо бўлганига бир ойдан ошиқроқ вақт ўтди. Бу вақт ичида қўмита нима билан шуғулланди? Адашмасак, бу қўмита мавсум бошида тузилган эди, шекилли...
Яна бир гап. Аҳрол Иноятов «интернетда турли гап-сўзлар ўқигани», ҳақида гапириб ўтди. Аммо ўша гап-сўзларга нисбатан бирор чора кўрилдими, қандай суриштирув ишлари олиб борилди, ким билан гаплашилди, бу ҳақда ҳеч нарса дегани йўқ. Очиғини айтадиган бўлсак, қўмита ўша гапларни ёлғон деб топган тақдирда, уни чоп этган нашрга нисбатан эътироз билдириши лозим бўлмасмиди? Агар журналист ёлғон гапирган бўлса, демак, жавоб бериши шарт. Қарши айблов йўллансин, судга берилсин, нима бўлган тақдирда ҳам «иғво» тарқатган нашрга нисбатан чора кўрилсин. «Бир нимаси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур», дейди доно халқимиз. Бир нимаси бордирки, қўмита ҳам, ўша клубларнинг ўзи ҳам журналистга нисбатан ҳеч нарса даъво қилмади. Акс-ҳолда «оши ҳалол бўлса, кўчада ичмайдими?»
Хуллас, гапирсанг, гап кўп. Аҳрол аканинг баёнотидан эса шу нарса маълум бўлдики, яқин-орада бирор янгилик кутишимиз анча қийин. Алам қиладигани, юртимизда футболга шунча маблағ сарфланмоқда, янги стадионлар, инфратузилма қурилмоқда. Аммо футболимиз юзи бўлган инсонлар мана шундай мужмал баёнот билан чекланиб қолаётган вақтда, қандай қилиб «миллионлар ўйини»ни ривожлантириш мумкин, ҳеч ақл бовар қилмайди.
Аҳрол Иноятов айтганидек, бизда келишилган баҳсларни фош қилиш учун ҳеч қандай далил-исбот йўқ. Аслида биз умид қилгандикки, ўша далил-исботни келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси беради. Лекин энди чучварани хом санаганимизни тан олишга тайёрмиз. Биз адашибмиз. Кечиринг...
Майли, бу ўтган гапларни унутайлик. Гап ковласанг, гап келиб чиқаверади. Бу туришда «бекор айтибсан, ўзинг «ўшанақасан», деб йиллар давомида айтишиш мумкин. Агар бундан бирор самара чиққанда, шу вақтгача кўринарди. Ёзавериб қалам тамом бўлди, шақиллайвериб клавиатура. Аммо бирор натижа кўрингани йўқ.
Шу сабабли ўтган гапларни унутиб, бир таклиф билдирмоқчимиз. Агар ЎФФ келишилган учрашувларга қарши кураш самарали бўлишини истаса, ҳар ой очиқ йиғилиш ўтказиб, унга ОАВ вакиллари ва олий лига клублари мураббийларини таклиф этсин. Ҳеч қандай «келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси»нинг кераги йўқ. Агар бундай мужмал иш олиб борадиган бўлса, бундай қўмитадан бирор наф бўлиши ҳам қийин. Ана, Россия премьер-лигасида бундай қўмита тузилганига икки йилдан ошди. Аммо шу вақтга қадар бирорта келишилган учрашув фош қилингани йўқ. Аксинча, бюрократик расмиятчиликлар кўпайган, холос.
ЎФФ бу иллатни йўқ қилишни истаса, журналистларга кенгроқ шароит яратиб берсин, мана шундан самара кўпроқ. Ҳар ой ОАВ, жамоалар ва ҳакамлар қўмитаси ўртасида мулоқот ташкил этилсин. Ўша йиғилиш давомида матбуот вакиллари исботи бўлмаган, аммо шубҳали кўринган ўйинлар борасида мураббийларга савол беришсин. Шунингдек ҳакамларга ҳам анча-мунча савол йиғилиб қолиши тайин. Йиғилиш давомида ҳаммаси очиқ-ойдин гаплашиб олинсин, ўринсиз шубҳалар бўлса, барҳам берилсин. Ўринлиси бўлса, жазолансин. Керак бўлса, туҳмат қилган журналист ҳам ўз гапига жавоб берсин. Агар бу йиғилиш жонли мулоқот тарзида телевидение орқали намойиш қилинса, тайёр шоу ҳам нақд. Эфир вақти ҳам тўлдирилади, Европа чемпионатлари трансляцияларисиз қолиб, обрўйини анча йўқотган «Спорт» ҳам қаддини тиклаб олади, ўзбек футболига мухлислар қизиқиши ҳам ошади. Буларнинг ҳаммаси олий лига ривожига сабаб бўлади. Аммо биз бунга тайёрмизми? Мана гап қаерда...
Аҳрол Иноятов «Футбол шарҳи» кўрсатувида анча катта ишонч билан журналистларни айблади. Магарки мутасадди ўз гапига шунчалик ишонар экан, у кишидан ҳам матбуот анжумани ўтказишни сўраган бўлардик. Аҳрол ака журналистлар олдида ўша айбловни яна такрорласин. Ўшанда балки кўп гапларни ойдинлаштириб олиш имконияти пайдо бўлар? Акс ҳолда ҳозир биз қилаётган иш, бир-биримизни айблашдангина иборат бўлиб қолаётгандек.
Вақт эса ўтмоқда, мағлубиятлар эса бир-биридан аламли. Бир ёлғон ортидан қирқтасини эргаштириб келаркан. Бунинг ортидан эса барака қочади. Бизда ёлғон қалашиб ётибди. Ё мураббийлар ва Аҳрол Иноятов алдашмоқда: «келишилган учрашувлар йўқ», - деб. Ёки «келишилган ўйинлар бор», - деган журналистлар муттаҳам. Икки ўртада эса футболимиз хор бўлмоқда.
Зафар Қосимов