"Барселона" Луис Энрике бошчилигида энг чиройли ўйинини намойиш қилди ва кучли рақиб "Атлетико" устидан ишончли ғалаба қозонди.
Каталонияликлар ўйин бошиданоқ рақиб дарвозасига босим уюштириб, рақиб ҳимоясини анча шошириб қўйишди. Мадридликлар ўйин бошидан "тика-така"ни кутишган шекилли, "Барса"нинг бундай ўйинига тайёр эмасликлари маълум бўлиб қолди. Дастлаб, Месси дарвозабон билан бирга бир вазиятда ўнг оёқда аниқ зарба йўллай олмаган бўлса, орадан 3 дақиқа ўтиб, Лионелнинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисоб очилди. Месси Алвес билан "девор" ўйнаб, ўнг томондан жарима майдончасига кирди ва бир ҳимоячини чалғитиб, дарвозабон майдончасига узатма берди. Суарес зарба беришга улгурмади, бир ҳимоячидан ўтган тўп Неймарга келиб тушди. Бразилиялик ҳужумчи тўпга оёқ чўзди ва дарвозани ишғол қилди.
Шундан сўнг Диего Симеоне шогирдлари пала-партиш олдинга ўтаверишди, голли вазиятларни "Барселона" ярата бошлади. Ўйиннинг 35-дақиқасига келиб, мезбонлар кетма-кет юзага келтирган ҳужумлардан бири гол билан якунланди. Месси майдон марказида тўпни ҳимоячининг устидан ўтказиб, олдинга ўтди ва жарима майдончасига яқинлашиб келиб, чап қанотда очилган Суарес тўпни узатди. Луис яқин масофадан кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди, 2:0!
Иккинчи бўлимда "Атлетико" футболчилари бошқача иштиёқ билан майдонга чиқишди ва яхши ўйнай бошлашди. 56-дақиқада Месси пенальтига сабабчи бўлди ва Манжукич 11 метрли жарима зарбасини голга айлантирди.
Ўйин қўполликларга бой бўлди. Ундиано Мальенко сариқ карточкани чўнтагидан 9 марта чақаришга мажбур бўлди.
Учрашув якунига бориб мадридликларнинг босими ошиб борди ва улар ҳисобни тенглаштириш учун яхши имкониятларга эга бўлишди. Мезбонлар ҳимоячиси Жерар Пике мудофаада яхши ўйнаб, деярли барча ҳаво тўпларини қайтарди. Ўйин тугашига 3 дақиқа қолганидан эса Месси ўйин тақдирини ҳал қилди. Мезбонлар ҳимоядан чиқишда тўпни олис масофадан чап қанотдаги Суаресга етказишди. Луис тўпни қарама-қарши қанотдаги Мессига узатди ва Лео ўнг томондан Ракитичнинг олдинга ўтишини кутиб, унга пас берди. Иван тўпни жарима майдончасига кирган Мессини ўзига қайтарди, тўп эса ундан ўтиб кетди, аммо ҳимоячининг оёғига тегиб, ўзига қайтиб келди. Лионель яқин масофадан дарвозани ишғол қилди.
Ушбу ғалабадан кейин "Барселона" ўз очколарини 41тага етказиб, "Реал"ни таъқиб қилишда давом этадиган бўлди.
Испания Ла лигаси, 18-тур
"БАРСЕЛОНА" – "АТЛЕТИКО" 3:1 (ОНЛАЙН ТРАНСЛЯЦИЯ)
Голлар: 1:0 – 12 Неймар, 2:0 – 35 Суарес, 2:1 – 57, пенальти Манжукич, 3:1 – 87 Месси.
Барселона – Браво, Дани Алвес, Пике, Маскерано, Альба, Ракитич (Рафинья, 89), Бускетс, Иньеста, Месси, Суарес (Педро, 90), Неймар.
Атлетико – Мойя, Хуанфран, Хименес, Годин, Гамес (Сикейра, 83), Габи (Торрес, 68), Тиагу, Туран, Гризманн (Гарсия, 74), Коке, Манжукич.
Огоҳлантиришлар: Гамес (21), Манжукич (33), Хуанфран (49), Суарес (59), Тиагу (65), Гризманн (69), Маскерано (74), Месси (80), Годин (83).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).