Кеча “Барселона” 4:0 ҳисобида ютиши ва бугун биз Месси-ю Суаресларни алқаб ўтиришимиз мумкин эди. Аслида муаммо ҳам шунда – ушбу мавсумда жамоа аслида қандай ҳолатда эканини билиш қийин, ажойиб ва ёмон ўйинлар доимо алмашиб тургандек…
Совриндор мураббийлар кўп. Лекин биласизми, мураббийнинг жамоа совринларида ўз имзосини қўйиши учун ўша пайтда ўша жамоанинг бошқарувида бўлиб тургани кифоя қилмайди. Масалан “Гвардиола Барсаси” деймиз, “Симеоне Атлетикоси”, “Клопп Боруссияси” ва ҳоказо. Лекин Европа Чемпионлар Лигасини ютган ҳамма жамоаларга нисбатан бунақа таъриф ишлатилмайди, тўғрими? “Анчелотти Реали” деганмисиз? “Ди Маттео Челсиси”чи? Ҳатто жуда кўп совринларни ютган мураббийга нисбатан ҳам, баъзида, аввалги мураббийнинг жамоани ўйнатяпти, дейилади. Бундай таснифлашнинг аниқ чегараси қаерда, буни қайси формула ёрдамида аниқлаш мумкин? Охирида биргаликда ўйлаб кўрамиз буни.
Бир неча йил олдин рус комментаторлари Девид Вильянинг “Барселона”да ўйнаб кетгани ёки кета олмагани ҳақида тортишиб қолишди. Жаҳон чемпионатида Испания терма жамоасини чемпионликка етаклаб борган ҳужумчи “Барселона”да бор потенциалини намойиш қила олдими ёки йўқми? Мавзу шу эди.