Бугун, 11 май, душанба куни Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти ҳузуридаги Мураббийлар Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Ушбу мажлисда кун тартибидаги асосий масала ёшлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати ва унга Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг қай тарзда тайёрлангани, режалар ва мақсадлар борасида бўлди.
Мажлисда Ўзбекистон U-20 бош мураббийи Равшан Ҳайдаров сўз олиб, жамоасининг 30 май кунида бошланадиган мундиалга қай тарзда тайёргарлик кўргани ва бўлажак йиғинлар ҳақида маъуломот берди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олтита ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиб, унда 13та ўртоқлик ва назорат учрашувлари ўтказди. Бу йиғинлардан Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган футболчилар рўйхатини аниқлаб олиш ва футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш мақсадида фойдаланиди.
Кўп ҳолларда футболчилар ўзларидан катталар билан ўйнашди. Шунингдек, Уругвай, Португалия, Янги Зеландия каби терма жамоалар билан ўйинда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўз тенгдошлари билан куч синашди.
“Менимча, яхши ўйинлар бўлди ва бизга катта фойда берди. Гарчанд терма жамоанинг асосии сифатида Жаҳон чемпионатига йўлланма олган жамоа таркиби олинган бўлса-да, биз йиғинларда янги футболчиларни, янги номзодларни ҳам кўздан кечирдик. 45 нафар футболчидан биз 26 футболчини танлаб олдик. Улардан 21 нафари Жаҳон чемпионатига борадиганлари бўлса, 5 футболчи заҳира рўйхатига тушди. Футболчиларнинг географияси ҳам кенг – “Бунёдкор”дан 10, “Пахтакор”дан 7, “Насаф” 3, “Локомотив” 2 футболчи билан рўйхатга кирган. Рўйхатда Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон вилоятларидан, шунингдек, пойтахт Тошкентлик футболчиларнинг борлиги селекция ишлари Республика бўйлаб амалга оширилганига ишора”, дейди Равшан Ҳайдаров.
Таркибда бу йили ўз клублари билан Осиё чемпионлар лигасида ўйнаб, катта тажриба тўплаган янги лидерлар бор. Масалан, “Пахтакор”дан Жавоҳир Соҳибов, “Насаф”дан Одилбек Ҳамробеков, “Бунёдкор”даги Акрам Комилов, Отабек Шукуров, Элдор Шомуродов ва Забиҳилло Ўринбоев кабилар ана шулар жумласидандир.
Жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг сўнгги босқичини 3 майда бошланди. Ушбу йиғиннинг биринчи босқичи 6 майгача давом этиб, унда Қирғизистон олимпия терма жамоаси билан куч синашилди ва унда 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этилди.
Иккинчи босқич 11 майдан 20 майгача Тошкентда давом этади ва унда “Оқтепа” футбол клуби билан назорат ўйини ўтказишни режалаштирилган.
20 май куни Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Янги Зеландияга учиб кетади. 22 май куни жамоа Янги Зеландияга етиб боради.
28 майгача Веллингтонда йиғин ўтказилади. 24 май куни Веллингтонда Панама билан ўртоқлик учрашуви ўтказилади. 28 май куни эса гуруҳ ўйинларига тайёргарлик кўриш учун жамоа Крайстчерч шаҳрига учиб кетади.
Аввалроқ, U-20 ёшлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида Ўзбекистоннинг ўйинлар тақвимини келтириб ўтгандик.
Қуйида Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг 11-20 май кунларидаги йиғинига чақирилган ва Жаҳон Чемпионатига борадиган футболчилар рўйхатини келтириб ўтамиз.
Дарвозабонлар:
Дилшод Ҳамроев (“Қизилқум”)
Ботирали Эргашев (“Пахтакор”)
Сарвар Каримов (“Локомотив”)
Ҳимоячилар:
Рустам Ашурматов (“Бунёдкор”)
Акромжон Комилов (“Бунёдкор”)
Аббосжон Отахонов (“Пахтакор”)
Иброҳим Абдуллаев (“Пахтакор”)
Нажмиддин Нормуродов (“Насаф”)
Одил Ҳамробеков (“Насаф”)
Достон Турсунов (“Нефтчи”)
Ярим ҳимоячилар:
Жавоҳир Соҳибов (“Пахтакор”)
Жавоҳир Сиддиқов (“Пахтакор”)
Тимур Толипов (“Пахтакор”)
Отабек Шукуров (“Бунёдкор”)
Сардор Азимов (“Бунёдкор”)
Миржамол Қосимов (“Бунёдкор”)
Хуршид Ғиёсов (“Бунёдкор”)
Ҳужумчилар:
Достон Ҳамдамов (“Бунёдкор”)
Забиҳилло Ўринбоев (“Бунёдкор”)
Элдор Шомуродов (“Бунёдкор”)
Равшан Хурсанов (“Пахтакор)
Захирадагилар:
Дарвозабон: Шерзод Абдураимов ("Цементчи")
Ҳимоячи: Эргаш Исмоилов ("Бунёдкор)
Ярим ҳимоячи: Дониёр Нарзуллаев ("Насаф")
Ҳужумчилар: Аслиддин Абдиев ("Машъал"), Темур Усмонов ("Локомотив")
Таъкидлаш керакки, 18 май, душанба куни соат 12:00да Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ҳамда жамоа яримҳимоячиси Жавоҳир Соҳибов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).