Ўзбекистон кубоги 2-туридан ўрин олган “Машъал” – “Сўғдиёна” учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида иштирок этди
“Об-ҳаво шароитидан келиб чиқсак қийин ўйин ўтказдик деган бўлардим. Муҳими биринчи голни уриб олдик. "Машъал" устунлик қилишга, вазиятлар яратишга ҳаракат қилди. Дарвозамиз олдида кескинлик ярата олди. Биз эса иккинчи тўпни киритишга муваффақ бўлдик. Танаффусга қулай ҳисобда йўл олдик. Ҳаммаси яхши кетаётганди. Рақиб қарши ҳужумларда жазолашга уринди, шу боис ўйин охири асабий кечди деган хулоса бор. "Сўғдиёна" жамоасини, футболчиларимни ғалаба билан табриклайман. Кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.
— Ўзингизга кўрсатилган сариқ карточка борасида фикрингиз қандай?
— Футболда ҳиссиётлар шундай жунбушга келади. Бу вазиятда тўқнашув бўлди.
— Турли жамоалар бошқарувида "Машъал"га қарши футболчиларни бошлаб тушгансиз. Ўйинчилик вақтингизда ҳам тўқнаш келгансиз. Четдан қараганда "Машъал"нинг бундай инқирозга тушиб қолишига нима сабаб деб ўйлайсиз?
— Аввало бошқа жамоалардаги вазиятни муҳокама қилишга ҳаққим йўқ. Бу этикага ҳам тўғри келмайди. Боз устига матбуот анжуманида. Лекин фикримча "Машъал" футболчиларида руҳий жиҳатдан инқироз кузатиляпти. Кўриниб турибди, тўпни назорат қилишмоқда, зарбалар, қарши ҳужумлар ҳаммаси бор. Фақат руҳият етишмаяпти. Кетма-кет мағлубиятлар албатта босим юклайди. Бу профессионал фикрим. Аммо жамоа ичида нима бўлаётганини билмайман.
— "Машъал" уй учрашувларини Ғузорда ўтказмоқда. Бугунги учрашувда майдон сифатига қандай баҳо берасиз? Майдон Суперлигани қабул қила оладими?
— Бу ҳақда футболимиз мутасаддиларига юзланиш керак. Ким рухсат бериш ёки бермаслигини биз ҳал қилмаймиз», - деди Бақоев.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).