Петр Чехнинг «Арсенал» сафига қўшилиши «Челси» мухлисларига ёқмади: киперни сотқинликда айблашди. Sovsport.ru шу воқеа муносабати билан жамоасини алмаштириш чоғида собиқ клуби ишқибозлари нафратини қўзғаган машҳур футболчилар рўйхатини тузиб чиқди.
Самир НАСРИ
Қаердан: «Арсенал»
Қаерга: «Манчестер Сити»
Қачон: 2011 йил
Насрининг рақобатчи жамоага кетиши «Арсенал» мухлисларини заррача хавотирлантирмади (ундан аввал қанчадан-қанча машҳур футболчилар «тўпчилар» сафини тарк этишмади-ю). Ҳаммасига франциялик ярим ҳимоячининг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлди. Самир «Манчестер Сити»га совринлар учун келганини айтиб, лондонлик ишқибозлар шаънига ножўя сўзларни йўллади. Қолаверса, футболчи мўмай даромад илинжида эканини ҳам яширмади. Маълумотларга кўра, яқинда АҚШдан яхши таклиф келиб тушгач, Насри МЛСда ўйнаш вариантини ҳам кўриб чиқмоқда.
РОНАЛДО
Қаердан: «Фламенго»
Қаерга: «Коринтианс»
Қачон: 2008 йил
«Барселона», «Реал», «Интер» ва «Милан» таркибида сўп сурган футболчини ушбу рўйхатга киритмаслик адолатдан бўлмасди. «Сўйлоқ» энг катта хатога кейинроқ йўл қўйди: «Фламенго»да жароҳатини тиклаётган бир паллада «Коринтианс» билан шартнома имзолади. Океан орти футболи ҳақида яхши тасаввурга эга бўлмаганларга айтмоқчимизки, гап Бразилиянинг икки машҳур клуби ҳақида кетмоқда. Улар ўртасидаги шиддатли рақобат ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлаверади.
Петр ЧЕХ
Қаердан: «Челси»
Қаерга: «Арсенал»
Қачон: 2015 йил
Жаҳоннинг энг кучли дарвозабонларидан бирига асосий вақтини захиралар ўриндиғида ўтказиш ёқмаслиги тайин. Шунга қарамай, Жозе Моуриньо уни бошқа клубга осонгина қўйиб юбормоқчи эмасди. Чехнинг янги жамоаси номи бир йил мобайнида мавҳумлик касб этди. Кутилмаганда тажрибали киперни «Арсенал» ўз сафига қўшиб олди. «Челси» фанатлари эса ижтимоий тармоқлар орқали чехиялик дарвозабонни ҳақорат қилишда давом этишмоқда.
Робин ван ПЕРСИ
Қаердан: «Арсенал»
Қаерга: «Манчестер Юнайтед»
Қачон: 2012 йил
Ван Перси Лондонда на жисмоний бақувватлик, на хулқ-атвори билан мақтана оларди. Шунга қарамай, узоқ вақт мобайнида жамоанинг энг яхши ҳужумчиси сифатида қайд этилди. Унинг «МЮ»га ўтиши табиийки, шов-шувларга сабаб бўлди. Дарвоқе, мазкур трансферда энг кам фойда футболчининг ўзига тегди. Шундан сўнг «Арсенал» Англиянинг 2та кубогини қўлга киритди, манкунианликлар эса Ван Перси қўшилган илк мавсумдаёқ мамлакат чемпионлигини тантана қилдилар. Робин кейинги фаолиятини Туркия чемпионати билан боғлашни ният қилди.
Карлос ТЕВЕС
Қаердан: «Манчестер Юнайтед»
Қаерга: «Манчестер Сити»
Қачон: 2009 йил
Умуман олганда, аргентиналик ҳужумчи «МЮ»га тегишли эмасди. Унинг ҳақ-ҳуқуқлари «Вест Хэм» ихтиёрида бўлган. Шунга қарамай, «қизил иблислар» мухлислари Тевес билан шартнома тузилишига умид боғлашганди. Карлоснинг эса бу борада ўз режалари бўлган. Сэр Алекс билан тил топиша олмаган форвард маҳаллий ишқибозлар нафратига дучор бўлди. Орадан 3 йил ўтиб, «шаҳарликлар» чемпионликка эришдилар, ушбу муваффақиятни «RIP Ferguson» плакати билан нишонлаган Тевес эса изза бўлди. «Сити» мухлислари учун шаҳардаги «Welcome to Manchester» ёзуви кўпроқ аҳамият касб этарди.
Эшли КОУЛ
Қаердан: «Арсенал»
Қаерга: «Челси»
Қачон: 2006 йил
«Арсенал»да ҳафтасига 27 минг фунт олган ҳимоячи ушбу кўрсаткични 60 минггача кўтаришни сўради. «Тўпчилар»нинг 55 минг таклиф қилиши эса Коулнинг ғазабини қўзғади. Натижада, у «Челси» билан шартнома имзолаб, ҳафтасига 90 минг ишлаб оладиган бўлди. Вазиятни кузатиб турган «Арсенал» мухлислари унга Cashley Hole тахаллусини беришди. Тан олиш керак, Коул янги клубида ҳам юксак даражадаги ўйинни намойиш этди.
Роберто БАЖЖО
Қаердан: «Фиорентина»
Қаерга: «Ювентус»
Қачон: 1990 йил
Италиянинг аксарият юлдузлари «Ювентус», «Милан» ҳамда «Интер» сафида тўп суришган (мисол учун Кристиан Вьери). Аммо Бажжо тарихи умуман ўзгача кечганди. «Фиорентина» 1990 йили УЕФА кубоги финалида «Юве»га ютқазиб қўйди. Кўп ўтмай энг яхши ҳужумчиларидан бирини Туринга қўйиб юборди. Футболчи учун ўша пайтдаги рекорд даражада маблағ сарф этилди, «Фио» фанатлари эса шаҳар кўчаларида тартибсизликни юзага келтиришди. Эътиборлиси, Бажжо собиқ клубини ҳурмат қилишини бир неча бор исботлаган. «Ювентус»га бориб қўшилганига бир йил тўлгач, «Фиорентина» дарвозаси томон белгиланган пенальтини тепишдан бош тортди. Шунингдек, трибунадан ирғитилган бинафшаранг шарфни қўлига олиб ўпган.
Микаэль ЛАУДРУП
Қаердан: «Барселона»
Қаерга: «Реал»
Қачон: 1994 йил
Лаудрупнинг бу тариқа клуб алмаштириши ҳозиргидек шов-шув кўтармаганди. Шунга қарамай, каталониялик 20 минг нафар ишқибоз клуб мутасаддиларига мурожаат этиб, даниялик футболчини жамоада олиб қолишни сўрашди. Лекин бу саъй-ҳаракатлар самарасиз якунланди. Микаэлнинг Мадриддаги фаолияти ҳам омадли давом этди. Футболчининг ўзи асосан «классико»да ўйнашга қийналганини тан олган.
Сол КЭМПБЕЛЛ
Қаердан: «Тоттенхэм»
Қаерга: «Арсенал»
Қачон: 2001 йил
Ҳимоячининг трансфери «Арсенал»га текинга тушди. «Тоттенхэм»даги дебют учрашувини 15 ёшида ўтказиб, «шпорлар» шарафини 315та ўйинда ҳимоя қилишга улгурган Кэмпбеллнинг Лондонда қолиши кутилмаган ҳол сифатида қабул қилинди. Сол шартнома муддатини узайтиришга қарши эмаслиги, бунинг учун унда вариантлар етарли эканини таъкидлаганди. Басавлат ҳимоячи «Арсенал» сафида бир-биридан ажойиб мавсумларни ўтказди.
Луиш ФИГУ
Қаердан: «Барселона»
Қаерга: «Реал»
Қачон: 2000 йил
Бу ном - бугунги мавзу учун ҳақиқий намуна. «Реал» билан келишадиган даражада тентак эмасман», - деганди Фигу «Қироллик клуби» президентлиги сайловида Флорентина Перес номзоди ҳам қўйилган бир паллада. «Барса» 37 миллион фунт эвазига футболчини Мадридга қўйиб юборди. Шундан сўнг, Фигунинг «Камп Ноу»га ташрифи ҳуштакбозлик билан қарши олинадиган, майдон турли буюмларга тўладиган бўлди. Айниқса, стадионнинг бурчак тўпи тепишга мўлжалланган қисми ахлатга тўлиб кетарди (португалиялик ўйинчи гўё ишқибозларни жунбушга келтиришни ният қилгандек, ҳар гал стандарт вазиятни ўзи бажарарди).
А.ҚОДИРОВ тайёрлади, "ИнтерСПОРТ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).