Европада трансфер бозори қизғин давом этмоқда. Энг сўнгги шов-шувли трансферлардан бири, яъни, “МЮ” ярим ҳимоячиси Ди Мариянинг ПСЖ клубига ўтиши деярли ҳал бўлди. Бундан бир йил аввал “Реал Мадрид”дан рекорд сумма (£60 миллион фунт)га “МЮ”га келиб қўшилган Анхель Ди Мария ҳозирги кунда Қатар мамлакатида “парижликлар” учун тиббий кўрикдан ўтмоқда. ПСЖ бўлажак трансфер учун £44,4 миллион фунт сарфлаши таҳмин қилинмоқда. Бу эса “манкунианликлар” бир йилда £15 миллион фунтдан ортиқ зарар кўради деганидир. Бўлажак трансфердан хулоса чиқарган ҳолда, эътиборингизга АПЛнинг энг омадсиз ва катта зарар келтирган трансферларини тақдим этамиз.
Фернандо Торрес (“Челси”, 2011 йил)
Сотиб олинган: “Ливерпуль”, £50 миллион фунт
Сотилган: “Милан”, эркин агент
Кўрилган зарар: £50 миллион фунт
Ўз пайтида АПЛ учун рекорд суммага сотилган
Фернандо Торрес, “Челси”да ўзига билдирилган ишончни оқламади. Испаниялик футболчининг “Челси”даги фаолияти инглиз ОАВ ва клуб мухлислари учун кулгига айланди. Гап-сўз ва кулгуга тоқат қила олмаган “аристократлар” “Атлетико” тарбияланувчисини аввал “Милан”га ижарага беришди, кейин эса уни бутунлай сотиб юборишди.
Андрей Шевченко (“Челси”, 2006 йил)
Сотиб олинган : “Милан”, £30,8 миллион фунт
Сотилган : “Динамо”, эркин агент
Кўрилган зарар: £30,8 миллион фунт
2006 йилда
Андрей Шевченко “Стэмфорд Бриж”га дунёнинг энг яхши тўпурари мақомида келганди. Аммо, украиналик ҳужумчи Торрес сингари “кўклар” сафида рўшнолик топмади. АПЛнинг 48 учрашувида Шевченко атиги 9 маротаба гол киритган. Роман Абрамович украиналик футболчининг ҳар бир голи учун £3,4 миллион фунт сарфлагани ачинарли ҳол, албатта. Устига устак, Шевченко эркин агент сифатида клубни тарк этади ва россиялик миллиардернинг “чўнтагини” 30,8 миллион фунтга бўшатади.
Энди Кэрролл (“Ливерпуль”, 2011 йил)
Сотиб олинган: “Ньюкасл”, £35 миллион фунт
Сотилган: “Вест Хэм”, £15,5 миллион фунт
Кўрилган зарар: £19,5 миллион фунт
“Ливерпуль” сафида порлаган Фернандо Торрес “Челси”га сотиб юборилгач, “қизиллар”га унинг ўрнини боса оладиган футболчи керак бўлиб қолди. “Мерсисайдликлар” Торресда фойда қилинган £50 миллион фунтдан £35 миллионини “Ньюкасл”га,
Энди Кэрролл эвазига “совға” қилишади. Аммо, Кэрроллнинг янги жамоада омади чопмайди. Яхшиямки “Вест Хэм”да ижара асосида ҳаракат қилиб, Сэм Эллардайс ишончини қозонган Кэрролл, “Ливерпуль” унинг учун сарфлаган маблағнинг ярмини қайтаришга ёрдам беради.
Робиньо (“Манчестер Сити”, 2008 йил)
Сотиб олинган: “Реал”, £32,5 миллион фунт
Сотилган: “Милан”, £15 миллион фунт
Кўрилган зарар: £17,5 миллион фунт
“Реал Мадрид”дан катта маблағ эвазига сотиб олинган бразилиялик футболчи “Ман Сити”да ўз ўйинини топ олмади. Араб шайхлари учун сумма катта бўлмаса-да, “Ман Сити” ҳужумчидан анчагина зарар кўрди. Афсуски, Робиньо Туманли Альбионда ҳеч қандай натижаларга эриша олмади.
Эммануэль Адебайор (“Ман Сити”, 2009 йил)
Сотиб олинган: “Арсенал”, £25 миллион фунт
Сотилган: “Тоттенхэм”, £5 миллион фунт
Кўрилган зарар: £20 миллионов фунтов
“Манчестер Сити” маблағларни беҳуда сарфлаш бўйича ҳам “чемпион” ҳисобланади. Бунга яққол мисол сифатида “Арсенал”дан £25 миллион фунтга сотиб олинган
Эммануэль Адебайорни келтириш мумкин. “Тўпчилар” сафида ёрқин ўйини билан мухлислар эътиборини қозонган ҳужумчи бошқа жамоаларда порлай олмади. Адебайор ҳатто “Реал” таркибида ҳам (ижара асосида) тўп суришга улгурган. Бироқ, буларнинг барчаси унга ҳеч қандай натижа келтирмади. Натижада, “шаҳарликлар” тоголик футболчини арзимаган £5 миллион фунтга “Тоттенхэм”га сотишди.
Хуан Себастьян Верон (“Ман Юнайтед”, 2001 йил)
Сотиб олинган: “Лацио”, £28,1 миллион фунт
Сотилган: “Челси”, £15 миллион фунт
Кўрилган зарар: £13,1 миллион фунт
Афсонавий Алекс Фергюсен ҳам трансферлар борасида қўпол хатоларга йўл қўйган. Аргентиналик плеймейкер –
Хуан Себастьян Верон шулар жумласидан. Ярим ҳимоячи “Олд Траффорд”да икки мавсум ўтказиб, АПЛ чемпиони бўлишга ҳам улгурди, аммо, жамоанинг “юраги”га айланмади. Алекс Фергюсен эса ҳеч иккиланмай уни азалий рақибларга сотди.
Карлос Тевес (“Манчестер Сити”, 2009 йил)
Сотиб олинган: “Манчестер Юнайтед”, £25,5 миллион фунт
Сотилган: “Ювентус”, £12 миллион фунт
Кўрилган зарар: £13,5 миллион фунт
Қайсидир маънода
Карлос Тевеснинг “МЮ”дан “Ман Сити”га ўтишини омадсиз трансфер деб бўлмайди. “Шаҳарликлар” таркибида дастлабки 73 учрашувни ўтказган аргентиналик ҳужумчи 50 маротаба рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, сал бўлмаса клуб рекордини ўрнатарди. Шундай бўлса-да, Тевес доимий равишда ёқимсиз воқеалар сабабчиси бўлган ва бунга тоқат қила олмаган раҳбарият уни “Ювентус”га, катта зарар билан сотишга мажбур бўлди.
Димитар Бербатов (“Ман Юнайтед”, 2008 йил)
Сотиб олинган: “Тоттенхэм”, £30,75 миллион фунт
Сотилган: “Фулхэм”, £5 миллион фунт
Кўрилган зарар: £25,75 миллион фунт
“МЮ” учун болгариялик футболчининг трансфери катта зарар келтирган бўлишига қарамай, Бербатов 2010/11 йилги мавсумда 20 та гол киритиб, Премьер-лига тўпурарига айланган. Бироқ, Алекс Фергюсон унга бўлган эътиборни камайтиради ва болгариялик футболчи заҳира ўйинчисига айланади. Бербатовнинг ўзи кейинчалик айтишича, Фергюсон билан унинг муносабатлари яхши бўлмаганлиги учун у асосий таркибдан қолиб кетган.
Димитар Бербатов учун 30 миллион фунтдан ортиқ сарфлаган “МЮ” кейинчалик уни “Фулхэм”га арзимаган £5 миллион фунтга сотади.
Анхель Ди Мария (“Манчестер Юнайтед”, 2014 йил)
Сотиб олинган: “Реал Мадрид”, £60 миллион фунт
Таҳминий сотилиш нархи: ПСЖ, £44,4 миллион фунт
Кўриладиган зарар: £15,6 миллион фунт
Катта умидлар билан “Реал”дан сотиб олинган Анхель Ди Мария “МЮ”да кутилган натижани қайд этмади. Луи ван Гал аргентиналик ярим ҳимоячини кетишини истамаса-да, Ди Мария ПСЖга ўтишни қарор қилди. Келишув муваффақиятли якун топса, “МЮ” бир йил давомида Ди Мария дастидан 15 миллион фунтдан ортиқ зарар кўради.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).