Футбол – бежизга “миллионлар ўйини” эмас. Зеро мазкур спорт турининг дунё бўйлаб миллионлаб ишқибозлари бор экани сиз-у бизга кундек равшан.
Футбол шинавандалари ўз севимли жамоалари ўйнаган пайти бутун дунё ғам- ташвишларини унутишади ва ёқтирган жамоаларига чин дилдан мухлислик қилиб, севимли футболчиларининг ўйинини қўллаб-қувватлашади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, профессионал футболчилар ҳам қайсидир жамоага ишқибозлик қилишади. Улар ҳам бўш вақтда оддий инсонлар каби гранд клублар ўйинларини томоша қилишади ва ўз севиклилари учун қайғуришади.
Хўш, ўзбекистонлик машҳур футболчилар қайси жамоаларнинг ашаддий фанатлари саналишади?! Бизнинг юлдузларимизга қайси жаҳонга машҳур футболчиларнинг ўйинлари ёқади?! Қуйида мана шу саволга жавоб излашга ҳаракат қилиб кўрдик.
Ишонамизки, нега Акмал Шораҳмедовнинг “Челси”га, Жавлон Гусейновнинг “Реал Мадрид”га, Шавкат Муллажоновнинг “Барселона”га ва Сардор Рашидовнинг эса ҳам “Реал” ҳамда “Барса”га мухлислик қилиши сизни бефарқ қолдирмайди.
Акмал Шораҳмедов (“Бунёдкор” ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Челси
Севимли футболчиси: Эден Азар
Менга Лондоннинг “Челси” жамоаси кўрсатадиган ўйин жуда ҳам ёқади. Зеро “Челси” ўйинида ўзига хослик, қандайдир жозиба бордек, туюлади менга. Ҳар гал ушбу клуб иштирокидаги ўйинни томоша қилсам, чин дилдан мазза қиламан ва дам оламан. “Челси” кўрсатадиган жамоавий ўйинни ҳам хуш кўраман. Нега айнан “Челси”ни ёқтираман?! Хайронаман! Аммо ишонч билан айтишим мумкинки, бу Жозе Моуриньо билан боғлиқ эмас. У “Челси”да иш бошлашидан аввал ҳам бу клубга мухлислик қилардим…
Футболчилардан эса сўнгги пайтларда “аристократлар” етакчисига айланиб бораётган Эден Азарни ёқтираман. Азар охирги пайтларда чиндан катта ўсишга эриша олди ва бугунга келиб у жуда ажойиб ўйин намойиш этмоқда. Унинг жозибакор ўйини, тезкор ва аниқ ҳаракатлари мени доим лол қолдиради.
Суҳроб Неъматов (“Бухоро” ярим ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Барселона
Севимли футболчиси: Ривалдо
Менга гранд клублар орасида Каталониянинг “Барселона” жамоаси жуда ёқади. “Барса”га анча вақтдан буён мухлислик қилиб келаман. Каталон клубининг қайси жиҳатларини ёқтираман? Менга “Барса” кўрсатадиган жамоавий ўйин жуда ёқади. Комбинацион ўйинни азалдан хуш кўраман. Бу клуб эса худди мен истагандек ўйин ташкил этади. Балким шу боисда ҳам айнан “Барселона” иштирокидаги ўйинларни иштиёқ билан томоша қиларман…
Менга ўйини ёқадиган футболчилар орасидан эса Ривалдони алоҳида ажратиб кўрсата оламан. Рива ўз даврида тенги йўқ футболчи эди. Унинг техникаси ва тезлиги жуда маъромида эди ва буни бразилиялик футболчи доим намойиш этарди. Ҳозирги кунда эса Лионель Месси кўрсатаётган ўйин ҳам менда жуда ажойиб таассурот қолдирмоқда.
Акмал Турсунбоев (“Пахтакор” дарвозабони)
Севимли жамоаси: Реал М
Севимли футболчиси: Икер Касильяс
Ёшлик пайтимдан буён Мадриднинг “Реал” клубига ишқибозлик қилиб келаман. Мен футбол кўришни энди бошлаган пайтим “қироллик клуби”да жуда ажойиб ижрочилар йиғилган пайт эди. У вақтларда ҳар қандай жамоа ҳам “Реал” таркибига хавас билан қарарди. Ўшандан буён “Реал”нинг деярли ҳар бир ўйинини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилиб келаман.
Менга замонавий футболда Икер Касильяс кўрсатадиган ўйин жуда-жуда ёқади. Икер жаҳон футболи тарихига ўз номини ёздириб қўя олган посбон саналади. У ёши ўтиб бораётган бўлса ҳам ҳамон яхши формада ва буни у “Порту” таркибида ҳам намойиш этмоқда. Шундай қилиб, ўз позициямда энг зўри дея айнан Икер Касильясни биламан.
Акбар Тўраев (“Бунёдкор” дарвозабони)
Севимли жамоаси: Ливерпуль
Севимли футболчиси: Златан Ибрагимович
Мен ёшлик пайтимдан “Ливерпуль” клубига ишқибозлик қилиб келаман. Бунга отам сабаб бўлган, деб айтсам ҳам хато бўлмайди. Чунки ёшлигимдан дадам билан биргаликда Англия Премьер Лигаси учрашувларини томоша қилиб келаман. Шу жараёнда Мерсисайд клуби ўйинларига меҳрим тушиб қолган. Имкон бўлди дегунча, “Ливерпуль” ўйинларини ўтказиб юбормасдан кўриб бораман.
Футболчилар ичида эса Златан Ибрагимовични энг зўр, деб биламан. Чунки Златан ҳар доим ҳам ўзининг юксак истеъдодга эга эканини кўрсатиб келган. У қаерда, қачон ва қайси жамоада ўйнамасин ҳар гал лидерликни қўлга ола билган. Айнан Ибрагимович каби ҳужумчилар дарвозабонларга катта хавф солиди.
Азиз Ибрагимов (“Бухоро” ярим ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Ювентус
Севимли футболчилари: Р. Баджо ва З. Зидан
Европанинг гранд клублари орасида “Ювентус”ни ёқтираман. “Юве” ҳар доим Италияда етакчи бўлиб келган. Биласиз, А Серияда скудетто учун бир нечта жиддий клублар кураш олиб боришади. Уларни енгиб чиқиш осон эмас, менимча. Шу сабабдан ҳам балки “кекса сеньора”ни яхши кўраман.
Менга яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузлари - Роберто Баджо ҳамда Зинедин Зиданлар жуда ҳам ёқади. Бу икки ижрочи чин маънода ўз ишининг усталари эди. Ҳар иккиси ҳам тўп билан муомоала қилишнинг “хадисини олган” эди. Қолаверса, улар жарима зарбалари амалга оширишда ҳам беназир футболчилар бўлишган.
Дилшод Ҳамроев (“Қизилқум” дарвозабони)
Севимли жамоаси: Барселона
Севимли футболчиси: М. Нойер
Каталониянинг “Барселона” жамоаси ўйинларини севиб томоша қиламан. Бу клуб ўйнаган пайти чиндан дам олади киши. Зеро тўпни бир маъромда ўзида сақлаб туриш, рақибни керакли вазиятда тезкорлик билан жазолай олиш каби жиҳатлар “Барса” ўйинини жозибакор қилади. Менга “Барселона”нинг ўйин давомида ҳужумкор тарзда ҳаракатланиши ҳам ёқади. Бунда айниқса, комбинацион ўйин намойиш этилиши қўл келишини таъкидлашим лозим.
Ўз амплуамда ўйнайдиган жаҳон юлдузлари орасида “Бавария” посбони Мануэль Нойерни жуда ҳам ёқтираман. Унинг кўплаб жиҳатларини ўзим учун ўрганишга, ўзлаштиришга уринаман. Зеро у нафақат ўз сейвлари орқали, балки керак пайти сўнгги ҳимоячи вазифасини ҳам аъло даражада бажара олиши билан бошқа киперлардан фарқ қилиб туради. Умуман олганда, футболчилар орасида “Барселона” етакчиси Л. Мессини яхши кўраман. У замонавий футболдаги энг зўр ўйинчи. Буни кўпчилик тан олади. Шу жумладан, мен ҳам ҳар гал Леонинг ўйинларини томоша қилганимда футболдан чин маънода завқ оламан.
Шукурали Пўлатов (“Нефтчи” ҳимоячиси)
Севимли жамоалари: Реал Мадрид ва Интер
Севимли футболчиси: Серхио Рамос
Анча пайтдан бери икки клубга мухлислик қилиб келаман. Булар – Испанияда “Реал Мадрид” ҳамда Италияда “Интер” жамоаларидир. Менга ҳар иккала жамоанинг ҳам ўйинлари, фалсафаси жуда ёқади. “Интер” ҳам, “Реал” ҳам доимо ўз олдига фақат улкан мақсадларни қўядиган жамоалар саналишади. Шу монанд равишда таркиб шакллантирилади. Натижада эса бу клубларнинг ўйини жуда ҳам томошабоп чиқади.
Футболчилар ичида “Реал” ҳимоячиси Серхио Рамоснинг ўйинларини хуш кўраман. Рамос бугунги кунда ҳеч шубхасиз жаҳон футболининг етакчи ҳимоячиларидан бири. У нафақат ўз ўрнида ишончли ўйнайди, балки керак пайти ҳужумда ҳам ўз жамоадошларига кўмак бера олади. Бу жиҳатга эса қойил қолмай илож йўқ!
Иқбол Бобохонов (“Андижон” ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Барселона
Севимли футболчиси: Карлес Пуёль
Менинг энг яхши кўрадиган жамоам – бу “Барселона”дир. “Барса”га бир неча йиллардан бери мухлислик қиламан. Менга бу клубнинг доим совринли ўринлар учун кураш олиб бориши жуда ёқади. Қолаверса, “Барселона” таркибида жуда яхши футболчилар йиғилган ва улар бир-бирларини сўзсиз тушунишади. Бу эса жамоа кўрсатадиган ўйиннинг мукаммал чиқишини таъминлайди. Хуллас, мен учун “Барселона”га тенг келадиган клуб йўқ.
Ҳозирда футболчилик фаолиятини тугатган бўлса ҳам Карлес Пуёльни яхши кўраман. У ўз даврининг энг зўр ҳимоячиларидан бири эди. Ҳар доим ўз ҳимоя қўрғони мустаҳкамлигини таъминлашни уддалаган бу футболчи кўплаб ёшларга кумир вазифасини ўтаб берган. Шу жумладан, менга ҳам.
Ҳусниддин Ғофуров (“Явор” ярим ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Барселона
Севимли футболчиси: -
Ёшлигимдан “Барселона”га ишқибозлик қилиб келаман. Билмайман, нега айнан “Барса”, “Реал” ёки “Челси” эмас. Балким, менга “Барселона”нинг жуда аҳил ва чиройли ўйин кўрсатиши ёқар. Нима бўлганда ҳам футбол кўришни бошлаган пайтидаёқ “Барса” ўйинига мафтун бўлганман ва ҳалигача айнан шу клубга фанатлик қилиб келаман.
Менга “Барселона” таркибидаги барча ўйинчилар ҳам жуда ёқади. Улар орасидан кимнидир алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Каталон супер клубида тўп сурадиган ҳар бир футболчини ўз позициясида энг зўр ўйинчилардан, деб биламан.
Жавлон Гусейнов (“Андижон” ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Реал Мадрид
Севимли футболчиси: Серхио Рамос
Футбол томоша қилишни бошлаган пайтим “Реал”да ажойиб таркиб йиғилган эди. Зидан, Бекхэм, Рауль, Фиго, Гути, Карлос каби ўйинчилар бир жамоада қандай тўп сурганини тасаввур қилиб кўринг! Бундай ажойиб ижрочилар йиғилган жамоага мухлислик қилмай бўладими, ахир… Ўша пайтлардан бери “қироллик клуби” шинавандлари қаторига кираман. “Реал” ҳар бир мусобақада фақат олтин медаллар учун кураш олиб боради. Бу жиҳат ҳам мени ушбу клубга мухлислик қилишимга сабаб бўлган, десам хато бўмайди.
Мен ўйинини севиб томоша қиладиган ўйинчилардан эса “Реал” ҳимоячиси Серхио Рамосни кўрсата оламан. Рамос – ўз позициясида жаҳондаги энг кучли футболчи. У рақиб футболчилари билан бўладиган тўп учун курашда деярли ютқазмайди. Бундан ташқари жамоасини ўз ортидан эргаштира олиш қоблияти ҳам Рамосни бошқалардан ажратиб туради.
Элдор Шомуродов (“Бунёдкор” ҳужумчиси)
Севимли жамоаси: Челси
Севимли футболчиси: Фернандо Торрес
Менга ҳужумкор ўйин кўрсатадиган жамоалар жуда ёқади. Лондоннинг “Челси” клуби эса айни мен истайдигандек ўйин намойиш қилади. Ёшлигимдан “Челси” ўйинларини мириқиб томоша қилиб келаман. Қанотлардан уюштириладиган тезкор ҳужумлар, стандарт вазиятлар амалга оширишдаги ранг-барангликлар “Челси”ни бошқа жамоалардан ажралиб туришига сабаб бўлади. Умуман, АПЛ жамоаларининг деярли барчаси ҳам мана шундай чиройли ва тезкор ўйнашга интилади. Аммо улар орасида барибир “Челси” ажралиб туради.
Яхши кўрган ўйинчим эса - Фернандо Торрес! Ҳеч иккиланишсиз айта оламанки, Торрес – жаҳондаги энг кучли ҳужумчилардан бири. У юксак иқтидор ва маҳорат эгаси. Фернандонинг тўп билан эркин ҳаракатланиши ва рақиб ҳимоячиларига қўрқув солишини кўриб, унга роса хавас қилганман. Ўйлашимча, Фернандо Торресдан ҳар қандай ёш ҳужумчи ўрнак олса арзийди.
Бобир Давлатов (“Жетису” ярим ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Милан
Севимли футболчиси: Кака
Мен ёшликдан мухлислик қиладиган жамоа – бу “Милан”дир. “Милан” ҳар доим ҳам Европада гранд клублар қаторига кириб келган. Тўғри, ушбу клуб сўнгги йилларда бир қатор қийинчиликларни бошдан ўтказди. Шундай бўлса ҳам ашаддий тиффозилар “Милан”дан воз кечишгани йўқ. Мен ҳам ҳамон ушбу клубни қўллаб-қувватлаб келяпман.
Айтганимдек, “Милан” ўйинларини ёшлигимдан кўриб келаман. Бунда айниқса, бразилиялик Какага бўлган меҳрим ўзгача. Кака ўз даврида шундай ишларни амалга оширардики, ҳар қандай юксак маҳоратли футболчи ҳам тўп билан бундай ҳаракатларни қила олмасди. Каканинг тўп билан ажойиб тарзда муомала қилиши ва турли жарим тўпларини нозик дид билан амалга ошириши менда жуда ажойиб таассурот қолдирарди.
Жасур Ҳакимов (“Сўғдиёна” ҳужумчиси)
Севимли жамоаси: Реал М
Севимли футболчиси: К. Роналду
Мен ёқтирган клубни сўрасангиз, “Реал” дея жавоб бераман! Чунки “Реал Мадрид” ҳамиша ҳужумкор ва чиройли ўйин кўрсатиб келади. Қолаверса, мен илк бор футбол кўра бошлаган пайтларимда “Реал” клубида шундай футболчилар ўйнашардики, Рауль, Зидан, Карлос-у Фиголарни ортиқча таърифлаб ўтириш шарт бўлмаса керак. Ўшандан буён ҳам “Реал” ўз ўйин фалсафасини ўзгартирмади ва ҳамон ҳужумкор ва тажовузкорликка асослнагн ўйин кўрсатиб келмоқда.
Ёқтирган футболчимга келадиган бўлсак, бу – Криштиану Роналду. Бундай дейишимга қуйидагича сабаб бор: Роналду – ҳар қандай футболчи ҳавас қилса арзийдиган сифатларга эга. У бақувват, тезкор, яхшигина дриблингга эга, зарбаси жуда ҳам кучли ва жарим тўпларини ажойиб тарзда ижро этади. Ҳар қандай ёш ҳужумчи португалиялик “чарм тўп устаси”дан ўрнак олса арзийди, назаримда. Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиб ўтишим лозим. Роналдуни ёқтираман, деганим Мессини ёмон кўраман, дегани эмас. Менга “Барселона” футболчисининг ўйини ҳам ёқади. Ундан ҳам кўп нарса ўрганиш мумкин.
Шавкат Муллажонов (“Локомотив” ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Барселона
Севимли футболчиси: Златан Ибрагимович
Каталониянинг “Барселона” жамоаси ўйинлари менга жуда ҳам ёқади. Менга айниқса, “Барса” кўрсатадиган комбинацион футбол ёқади. “Кўк-анорранглилар” ўйин услуби жуда қойилмақом тарзда ишлаб чиқилган. Ушбу системада ҳар бир футболчининг ўзига яраша вазифаси ва ўрни бор. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, “Барселона” таркибидаги ҳар бир футболчи ўз вазифасини аъло даражада бажаради ва натижада бу клуб ўйини жуда томошабоп чиқади.
Ўйинчилар орасида эса Златан Ибрагимовични алоҳида кўрсатган бўлардим. Ибра ажойиб футболчи. У юксак маҳоратга эга. Буни унинг қандай жамоаларда ўйнагани-ю қандай ютуқларни қўлга киритгани ҳам айтиб турибди. Златан рақиб жамоа ҳимоячиларини бир зумга тин олишга қўймайди. Бу эса ҳужумчилар учун энг керакли сифатдир.
Сардор Рашидов (“Ал Жайиш” ярим ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Реал Мадрид ва Барселона
Севимли футболчиси: Месси ва Роналду
Менга қайси жамоа ёқади?! “Барселона”ни ҳам, “Реал Мадрид”ни ҳам жуда ёқтираман. Менга ҳар икки жамоа кўрсатадиган ўйин ҳам маъқул келади. Аммо улардан бирига ашаддий мухлислик қилмайман. Ҳар икки клуб ҳам бутун дунёда ўз мухлисларига эга. Улар ҳамиша чиройли ва мазмунли ўйин намойиш этишади. Шу боисдан бу икки гранд клуб орасидан бирини алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Англиядачи? Англияда “Арсенал” жамоаси ўйинларини мазза қилиб томоша қиламан. “Тўпчилар” кўрсатадиган ўйин ҳам жуда ажойиб. “Арсенал” ҳамиша мухлисларга ёқадиган тарзда ўйнайди.
Футболчилар орасида ҳам менга кимдир жуда ёқади, деб айта олмайман. Ўйин услуби ва майдонда ўзини тутиши борасида Криштиану Роналду менда ажойиб таассурот қолдиради. Аммо Лео Мессини ҳам ёмон кўрмайман. У ҳам чин маънода бугунги футболнинг икки тимсолидан бири. Криштианудан ҳам, Мессидан ҳам қандайдир яхши ва ибратли жиҳатларни ўрганиш мумкин. Менимча, уларни бир-бири билан таққослайверишдан маъно йўқ.
Зоҳир Пиримов (“Олмалиқ” ярим ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Барселона
Севимли футболчиси: Ривалдо
Мен ҳам “Барселона”га ишқибозлик қиламан. Ушбу клубинг доим барқарор ўйин кўрсатиши ва ҳамиша совринлар учун кураш олиб бориши менга жуда ҳам маъқул келган. Бундан ташқари “Барселона” таркибида ҳар доим ҳам жуда яхши савиядаги футболчилар тўп тепиб келишган.
Масалан, менга дастлаб Ривалдо жуда ёқарди. Чунки техникага асосланган футболни хуш кўраман. Рива эса ўз даврида жаҳондаги энг техникаси юқори футболчилардан бири эди. У “Барса”да ҳақиқий етакчилардан эди. Ҳозирда эса Каталон клубида Лионель Месси асосий планга чиқиб бормоқда. Леонинг ўйинини ҳам мириқиб томоша қиламан. У ҳам кўпинча ноодатий қарорлар қабул қилади ва бу орқали рақиб жамоа ҳимоячиларини шошириб қўяди.
Салим Мустафоев (“Локомотив” ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Реал Мадрид
Севимли футболчиси: Р. Карлос
Мадриднинг “Реал” клубига ёшликдан меҳрим тушган. Жуда кичиклик пайтимдан айнан “Қироллик клуби”га ишқибозлик қилиб келаман. Бунга менга кўпроқ ҳужумкор ўйин ёқиши ва “Реал”нинг худди шундай ўйин намойиш этиши сабаб бўлса керак. Бундан ташқари “Реал” таркибида ҳар доим ўз амплуасида энг зўр бўлган юлдузларнинг тўпланиши ва уларнинг қойилмақом ўйин кўрсатиши менга ҳамиша маъқул тушиб келади.
Ўйинчилар ичида Роберто Карлос ўйинлари ёқарди. У кичик жуссага эга бўлса ҳам майдонда ҳақиқий жангчи эди. Тўп учун кечган курашларда Карлос ютқазиб қўйган вазиятларни ҳеч ҳам эслай олмайман. Бундай футболчига эса ҳавас қилмай илож йўқ, албатта.
Санжар Шоаҳмедов (“Локомотив” ярим ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Барселона
Севимли футболчиси: Хави
Менга жаҳон футболидаги бир нечта гранд клублар ёқади. Улар орасида энг севган клубим – эса албатта, “Барселона”дир. “Барса” намойиш этадиган ўйин мени анча йиллардан буён ўзига “ошуфта” этган. Зеро бир-биридан аниқ паслар, чиройли комбинациялар ва анитиқа голлар билан тугайдиган ҳужумлар ташкил қиладиган жамоани ким ҳам яхши кўрмайди, ахир?! Менга “Барселона” ўйин услуби жуда ёқади. Бундай тактика орқали клуб ўзи истаган барча мусобақаларда ғолиб чиқиши мумкин.
Хави ва Иниеста каби футболчилар ўйини ҳамиша менда жуда ажойиб таассурот қолдириб келган. Улар тўп билан муомала қилиш бобида замонамизнинг энг етук ижрочиларидир, менимча. Ҳар икки футболчидан ҳам тўпни олиб қойиш жуда қийин. Яна улар рақиб жамоа ҳужумини бузиб қўйиш ва ўз жамоасининг янги ҳужумини бошлашда бензир ўйинчилар сирасига киришади. Аммо афсуски, Хави ортиқ “Барселона”да ўйнамаяпти. Бу ҳолатдан бошида бироз ҳафа бўлдим рости.
Максимилиан Фомин (“Бухоро” ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Реал М
Севимли футболчиси: Игорь Сергеев
Мен ёшлигимдан мухлислик қилиб келадиган жамоа – бу “Реал Мадрид”дир. “Реал” жаҳондаги энг кучли жамоалардан бири ва у бежизга ўтган асрнинг энг кучли клуби, дея эътироф этилмаган. “Қироллик клуби” ҳозирда ҳам жаҳонда етакчи бўлишга даъвогар. Мадрид жамоаси кўрсатадиган чиройли ўйин кўпчиликка, шу жумладан менга ҳам жуда маъқул тушади.
Менинг энг севган футболчим – эса Игорь Сергеев. Игорь – ажойиб футболчи. У юксак истеъдод эгаси. Қолаверса, у ўзини тутиши борасида ҳам кўпчиликка ўрнак бўла олади. Сергеев каби ҳужумчилар рақиб ҳимоячиларига ҳамиша катта хавф туғдира олишади. Бундай форвардлар билан ўйинда хушёрликни бир зумга бўлса ҳам қўлдан чиқариб бўлмайди. Йўқса бу жуда қимматга тушиши мумкин.
Фарруҳ Турдалиев (“Цементчи” дарвозабони)
Севимли жамоаси: Интер
Севимли футболчиси: Ж. Буффон
Миланнинг “Интер” клубига ёшлигимдан мухлислик қиламан. Бунга у ерда бир пайтлар бразилиялик Роналдо тўп сургани сабаб бўлган. Зеро ўша пайтларда “сўйлоқ” жаҳондаги энг зўр футболчи эди ва у билан “Интер” ҳар қандай жамоани енгга оларди. Ўша пайтларда анча-мунча жамоалар “Интер”нинг олдига туша олмасди. Кейинроқ Роналдо “Интер”дан кетди, аммо менинг ушбу клубга бўлган меҳрим ҳамон сўнгани йўқ!
Мен ростини айтадиган бўлсам, Мессига ҳам, Роналдуга ҳам мухлислик қилмайман. Чунки менинг амплуам бошқа. Менга кўпроқ Жанлуижи Буффоннинг ўйинлари жуда ёқади. Жижи иштирокидаги учрашувларни ёшлигимдан мириқиб кўраман. Ундан ўзим учун фойдали бўлган кўплаб жиҳатларни ўрганишга ҳаракат қиламан.
Сардор Раҳмонов (“Нефтчи” ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Манчестер Юнайтед
Севимли футболчиси: Тиаго Силва
Мен ўйинини мазза қилиб томоша қиладиган жамоа – бу Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клубидир. Жуда кичилик пайтимданоқ “Қизил иблислар”га ишқибозлик қила бошлаганман ва ҳалигача “Ман Юнайтед” ўйинларига бефарқ эмасман. Доим “Юнайтед” ўйнаган пайтлари имкон топиб, ўйинни томоша қилишга интиламан. “Манчестер”нинг ўйинларини кўриб киши ҳеч ҳам зерикиб қолмайди. Чунки АПЛнинг ҳеч бир ўйини зеркирарли ўтмайди. Айниқса, МЮ иштирокидаги ўйинлар жуда ҳам қизиқ ва томошабоп руҳда кечади.
Менга ўйини ёқадиган футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсам, булар қаторига Неманья Видични ҳамда Тиаго Силваларни киритишим мумкин. Видичдан ёш футболчилар кўп жиҳатларни ўрнак сифатида ўрганиши мумкин. Бунинг учун ушбу футболчи иштриокидаги олдинги ўйинларни қайтадан кўриб чиқса ҳам арзийди. Силва эса ҳозирги кунда ҳимоя қўрғони вакиллари орасида фаолият олиб бораётган етук ўйинчилардан саналади. У ҳам ўз мудофаа чизиғи дахлсизлигини сақлашга уринади ва бу борада улкан тажрибага эга.
Бобур Юлдашев (“Локомотив” ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Манчестер Юнайтед
Севимли футболчиси: Криштиану Роналду
Ёшлигимдан “Манчестер Юнайтед”га мухлислик қиламан. Сир Алекс Фергюсон устозлик қилган даврларда “қизил иблислар” жамоаси намойиш этган ўйинни кўриб, шу клубга мафтун бўлганман. Ҳар гал “Манчестер Юнайтед” ўйинини кузатсам, бу жамоа учун жуда ҳам қайғураман. Менга МЮнинг тезкор ҳужумларга асосланган техникавий ўйин кўрсатиши ёқади. Қолаверса, “Манчестер Юнайтед”да қанотлар ҳам ҳар доим зўр ишлаб келган.
Севимли футболчим эса - Криштиану Роналду! Нега?! Чунки у “Манчестер Юнайтед”да ўйнаганда! Ҳазил, албатта! Менга умуман Роналдунинг ўйин услуби ростдан жуда ҳам маъқул тушади. Унинг майдонда чаққон ҳаракат қилиши, рақиб ҳимоячиларини шошириб қўйиши, узоқдан берадиган хавфли ва кучли зарбалари ҳар қандай мухлисга ҳам ёқиши тайин. Тўғри, Рони ҳозир МЮда эмас, у “Реал” футболчиси. Мен эса барибир унинг ўйинларига мухлислик қилавераман. Чунки “Барса”дан кўра “Реал”га, Мессидан кўра Роналдуга меҳрим баландроқ.
Жавлон Мирабдуллаев (“Металлург” ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Ливерпуль
Севимли футболчиси: Л. Месси
“Ливерпуль” – мен севган жамоа. Ушбу клуб ўйинларини мароқ билан томоша қиламан. Чунки “қизллар” жуда тезкор ва ақлли ўйин кўрсатишади. Қолаверса, Мерсисайд клуби яхши савиядаги ижрочиларни тайёрлаш бобида ҳам каттагина тажрибага эга. “Ливерпуль” таркибида доим маҳоратли футболчилар тўп суриб келшган.
Ўйинчилар орасида эса менг “Барселона” ҳужумчиси – Лионель Месси ёқади. Унинг ҳудо берган иқтидорига тан бераман. Месси тўп билан майдонда юриш бобида тенгсиз футболчи. Роналду ҳам ажойиб истеъдод эгаси. Аммо унинг ҳозирги даражага етишида меҳнат асосий омил бўлган. Мессида эса бу қоблият ёшликдан бор.
Отабек Исроилов (“Нефтчи” ҳужумчиси)
Севимли жамоаси: Манчестер Юнайтед
Севимли футболчиси: У. Руни
Мен ўйинини севиб томоша қиладиган жамоа – бу “Манчестер Юнайтед”. МЮга анча йиллардан бери ишқибозлик қилиб келаман. “Қизил иблислар” иштирокидаги ўйинларни имкон қадар ўтказиб юбормасликка интиламан. Инглиз грандининг ҳужумкор ўйин кўрсатиши менга жуда маъқул келади.
Айниқса, Руни МЮ ўйинида жуда муҳим вазифани бажариб беради. Унинг футболчилик сифатларига тан бермай илож йўқ. Руни – тезкор, кучли зарбага эга, тўп билан яхши муамала қилади, қолаверса, у тўпсиз ҳам яхши ўйнайди. Шуни инобатга олганда ҳолда айтишим мумкинки, менга МЮ ва Руни жуда ёқади.
Музаффар Музаффаров (“Сўғдиёна” ярим ҳимоячиси)
Севимли жамоаси: Реал Мадрид
Севимли футболчиси: Криштиану Роналду
Мен ёшлигимдан буён Мадриднинг “Реал” клубига шинавандлаик қиламан. “Реал” ҳар доим жаҳоннинг энг кучли гранд клублари қаторида бўлиб келган. Бежизга бу жамоани “қироллик клуби” деб аташмайди. “Реал”нинг ҳар қандай рақибга қарши ўйинга ҳам ҳужумкор тактика танлаб майдонга чиқишини жуда яхши кўраман. Бу клуб ўйинини кўрсам, ҳеч ҳам зерикмайман.
Севимли футболчим ҳақида гапирадиган бўлсам, Криштиану Роналдуни жаҳондаги энг етук ўйинчи, деб биламан. У юксак иқтидор ва маҳорат эгаси. Роналду каби қойилмақом ўйин кўрсатиш ҳар қандай футболчининг ҳам қўлидан келмайди. Унинг тўп билан тезкор ҳаракатланиши мени ҳамиша хайратлантириб келган. Менимча, Роналдуга ўхшаган футболчи яқин йиллар ичида бошқа чиқмаса керак.
Давоми бор…
Зоҳирбек Акрамхонов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).