Яна бир неча кундан сўнг, олий лига жамоалари йигирма тўртинчи тур баҳсларида майдонга тушади.
Дастлаб 30 сентябрь куни мазкур турдан жой олган тўртта учрашув бўлиб ўтади. Унда «Металлург» (Бекобод) – «Насаф» (Қарши), «Нефтчи» (Фарғона) – «Пахтакор» (Тошкент), «Машъал» (Муборак) – «Бунёдкор» (Тошкент), «Локомотив» (Тошкент) – «Олмалиқ» (Олмалиқ) жуфтликлари куч синашади.
Қолган тўртта ўйин эса 1 октябрь куни ўтказилиши белгиланган. Унда «Навбаҳор» (Наманган) – «Андижон» (Андижон), «Сўғдиёна» (Жиззах) – «Динамо» (Самарқанд), «Шўртан» (Ғузор) – «Қўқон-1912» (Қўқон), «Қизилқум» (Навоий) – «Бухоро» (Бухоро) жамоалари ўзаро орани очиқ қилишади.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ҳакамлар қўмитаси мазкур турда фаолият кўрсатадиган ҳакамлар гуруҳларини эълон қилди. Унга кўра, Навоийда бўладиган «Қизилқум» – «Бухоро» жамоалари учрашувини пойтахтлик Виктор Серазитдинов бошқариб боради.
Унга ён қанотларда янгийўллик Андрей Снетков, қаршилик Артём Калининлар кўмаклашади.
Ёшлар лигаси доирасидаги баҳсни эса деҳқонободлик Наим Қосимов бошқариб боради ва асосий таркиблар учрашуви захира ҳаками вазифасини бажаради.
Учрашувлар назоратчиси сифатида урганчлик Булат Галеев ташриф буюради.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси вакили Бобур Ҳайдаров учрашувни кузатиб боради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, Виктор Серазитдинов учун мазкур ўйин “Қизилқум” жамоаси иштирокидаги бу йилги иккинчи баҳс саналади. У баҳорда Ўзбекистон кубоги — 2015 доирасида Тошкентда ўтган “Обод” — “Қизилқум” баҳсини бошқарган эди.
Эслатиб ўтамиз, ёшлар лигаси доирасида “Қизилқум” — “Бухоро” учрашуви 30 сентябрь куни Карманадаги “Қизилқум” ПФК қошидаги Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби стадионида бўлиб ўтади. Ўйин соат 16.30 да бошланади.
Асосий таркиблар баҳси эса 1 октябрда Навоийдаги “Сўғдиёна” стадионида ўтказилади. Учрашув соат 17.30 да бошланиши белгиланган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).