Бугунги ҳаётимизни футболсиз тасаввур қилиш мумкинми? Албатта, йўқ! Энди ана шу мафтункор ўйинни арзимасдек кўринган оддий бир буюм - тўпсиз кўз олдингизга келтиришга уриниб кўринг. Ишончим комилки, бу вазифа биринчисидан ҳам мушкулроқ. Келинг, яхшиси, бу ўта қизиқарли, лекин беҳуда мавзуни бир четга сурайликда, ана шу митти тўпнинг «таваллуди» қай тариқа юз бергани билан танишайлик.
Излар Покистонга элтади
Стадионимиздаги дастлабки учрашувни ўтказиш учун деярли ҳамма нарса тахт қилиб қўйилди: аъло сифатли майса, аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда оппоқ чизиқлар билан ажратилган ҳудудлар, мухлисларга муштоқ трибуналар. Фақатгина битта тўп етишмаяпти! «Думалоқ» шу пайтгача буюк футболнинг асосий белгиси, атрибути бўлиб келди, абадий шундай бўлиб қолади! «Мистер Бол»нинг мукаммаллиги - беллашув сифатини белгилаб берадиган бош омил!
Мукаммал футбол тўпини яратиш тарихи шунчалик кўҳнаки, замондошларимиз уни аллақачон унутиб улгуришган. Айрим ривоятларга кўра, мустамлака Ҳиндистондаги инглиз зобитлари «думалоқ» ёрдамида теннис ўйнаганлар, бошқа маълумотларда улар тўпни тепиб юрганлари қайд этилган. Фақат шу нарса аниқки, ҳозирда Покистон тасарруфидаги, авваллари Ҳиндистонга тегишли бўлган Сиялкет шаҳри футбол тарихига бевосита алоқадор. Панжоб вилоятидаги ям-яшил яйловлар футбол беллашувлари учун энг қулай маскан ҳисобланган.
Инглиз ҳарбийларидан ташкил топган жамоалар ўртасидаги учрашувларнинг бирида тўп тешилиб қолади. Футболчилар уни таъмирлаш учун маҳаллий этикдўзларга мурожаат қилдилар. Косиб бу вазифани аъло даражада уддалаб, кўплаб жамоаларнинг эътиборига тушади. Кейинчалик у этикдўзликни йиғиштириб, «думалоқ»ларни таъмирлаш билан шуғулланадиган бўлди. Шу тариқа таъмирлаш устахонаси росмана фабрикага, узоқ йиллар давомидаги тараққиётдан кейин эса футбол тўпларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган гигант корхонага айланди.
1970 йилдан то Германия мундиалига қадар машҳур Adidas фирмаси йирик мусобақаларга мўлжалланган энг сара футбол тўпларини айнан шу ерда тайёрлади. Албатта, узоқ йиллик тараққиёт жараёнида «Мистер Бол» ўзининг ранги, ташқи кўриниши ва дизайнини бир неча марта ўзгартирди. Лекин XIX асрда қабул қилинган ФИФА стандартлари атиги бир марта ўзгартирилди: 1937 йилдан бошлаб тўпнинг вазни бироз оғирлашди. Келинг, халқаро ташкилот томонидан футбол тўплари олдига қўйилган талаблар билан танишиб чиқайлик:
1. Тўп мукаммал думалоқ шаклда бўлиши шарт;
2. Уни тайёрлаш учун ишлатиладиган хом ашё - чарм ёки унинг ўрнини боса оладиган материал (низомнинг қайси асрда қабул қилинганини унутманг) бўлиши лозим;
3. тўпнинг айлана узунлиги 27 дюйм (68 см.)дан кам, 28 дюйм (70 см.)дан ортиқ бўлмаслиги шарт;
4. Учрашув бошланиши арафасида «думалоқ»нинг вазни 14-16 унция (410-450 грамм) оралиғида бўлиши лозим;
5. Тўп ичидаги ҳаво босими 0,6-1,1 атмосфера оралиғида бўлиши керак;
6. ФИФА тасарруфидаги мусобақаларда фойдаланиладиган тўплар ташкилотнинг 3та белгисидан ҳеч бўлмаганда биттаси билан тамғаланган бўлиши керак:
1) FIFA APPROVED (ФИФА маъқуллаган)
2) FIFA INSPECTED (ФИФАда текширилган)
3) INTERNATIONAL MATCHBALL STANDART (тўп халқаро стандартга жавоб беради)
Буюк омадсиз
Дастлабки резина копток Чарльз Гудьир томонидан 1855 йилда, каучукнинг ноёб хусусиятлари кашф этилганидан 17 йил кейин яратилди. Ўша романтик олим ҳозирги замонда яшаганида, фанлар бугунги ютуқларидан катта манфаат олган бўларди. Бироқ XIX аср Америкаси унга оғир қисматни тайёрлаб қўйганди.
Амас Гудьирнинг 6 нафар фарзанди орасида тўнғичи бўлган Чарльз болалигидан металл буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, 21 ёшида отасининг асосий ёрдамчисига айланди. У ўта барвақт уйланди, мустақил ҳаётини таъминлаш мақсадида оилани эрта тарк этди. Чарльз ўз хўжалигини йўлга қўйиш учун барча шароитларга эга эди: хусусий дўкони, пухта режага асосланган бизнес-лойиҳа, маълум даражадаги муваффақият. Бироқ афсуски, ўша давр иқтисодиёти сершовқин уммоннинг доимий тўлқинлари каби беқарор эканлигини шўрлик Чарльз ҳисобга олмаганди. Хуллас, унинг дўкони-ю бор топган-тутгани шафқатсиз иқтисодиёт уммонига ғарқ бўлди.
Айнан ана шу қашшоқлик хавф солиб турган таҳликали вазиятда ёш тадбиркор мўъжизакор каучук билан «танишди» ва бутун ҳаётини унга бағишлади. Қарзлар, улар туфайли юз берган қамоқ жазолари ва дастлабки омадсизликлар ҳам ёш олимни каучук билан боғлиқ илмий изланишлардан қайтара олмади. Ниҳоят, Чарльз 1844 йилда каучукни резинага айлантириш (вулканизация)ни кашф этиб, тегишли патент соҳибига айланди. Орадан 54 йил ўтгач, яъни 1898 йилда ташкил этилган дастлабки компания олимнинг шарафига Gold year Tire and Rubber Company номи остида фаолият юрита бошлади. Ҳозирда у бутун дунёга машҳур.
Тўп лабораторияси
Энди ҳикоямизнинг назарий қисмидан амалиётга ўтайлик. Москва вилоятининг Дмитров шаҳрида Россиядаги ягона муассаса - тўп лабораторияси фаолият юритмоқда. «Мистер Бол»нинг қай тариқа дунёга келиши ва техник жиҳатлари билан муассаса раҳбари Марк Земсков таништиради.
- Футбол тўпи тикиш ёки елимлаш усули билан тайёрланади. Елимлаш йўли билан тайёрланаётган тўпларнинг сифати юқорироқ. Уларни ишлаб чиқариш асосан Хитой ва Покистонда йўлга қўйилган. Чин юртида елимлаш, Покистонда эса тикиш усули устувор. Нима учун ишлаб чиқариш айнан шу мамлакатларда йўлга қўйилганлигининг сабаби оддий: ишчи кучи қаерда арзонроқ бўлса, ўша ерда ишлаб чиқариш кўп кузатилади.
- Россияда бундай ишлаб чиқариш корхоналари йўқми?
- Масаланинг иқтисодий жиҳати қониқтирмагани боис, биз футбол тўпларини тайёрлашдан воз кечганмиз.
- Ишлаб чиқариш жараёнига қандай талаблар қўйилади?
- Хом ашёни муайян ўлчамларда қирқиш дастгоҳлар ёрдамида бажарилади. Тикиладиган тўпларни қўлда тайёрланади. Ҳатто юксак технологияларга асосланган корхоналарда ҳам сўнгги чокни қўл билан тикадилар. Бу жуда мураккаб жараён - деярли тайёр бўлган тўпни ағдариб, кейин охириги чокни тикилади. Елимлаш усули анча соддароқ. Adidasнинг профессионал тўплари тўла-тўкис роботлаштирилган конвейерларда тайёрланади.
- Елимланган ва тикилган тўплар ўртасидаги фарқ нимада?
- Ишлаб чиқариш технологиясида. Елимлаш усулида тўпларни турли ўлчамдаги ва қизиқарли шаклдаги бўлаклардан тайёрлаш мумкин. Тикиш жараёнида эса деталлар бир хил ўлчамда бўлиши шарт. Тикилган тўпнинг аъло сифатини таъминлаш учун юксак малака талаб этилади.
- Қайси футбол тўпларини эталон сифатида қабул қилиш мумкин?
- Adidas фирмасининг йирик турнирлар учун ишлаб чиқарган тўпларини, албатта. Жаҳон ва Европа биринчиликларида айнан шу снарядлардан фойдаланадилар. Дарвоқе, уларни фақат елимлаш усули билан тайёрлашади. Бу тўпларнинг сифати ФИФА талабларидаги кўрсаткичлардан ҳам юқорироқ.
- Ишлаб чиқариш технологияси хусусида кенгроқ маълумот берсангиз...
- Ҳеч бир муболағасиз санъат дурдонаси билан тенглаштириш мумкин бўлган «думалоқ»ни дунёга келтириш катта молиявий харажатлар ва муддатни талаб қилади. Боиси, ҳар бир тўп жиддий назорат остида тайёрланади. Жараён тўпнинг «қовурға»си (каркаси)ни тайёрлашдан бошланади - у махсус қолипга кийдирилиб, босим остида қиздирилади. Кейин унинг ичига камера жойлаштирилиб, латекс билан қопланади. Сўнг тўпнинг ташқи қавати тайёрланади. Барча босқичлар жиддий назорат остида бўлиб, ҳар бир детал масъул мутахассислар томонидан тортиб кўрилади. Тайёр маҳсулотнинг сифати бир суткадан кейин қайта текширувдан ўтказилади.
- Наҳотки, барча тўплар шу йўсинда тайёрланса?
- Йўқ, албатта. Фақат фирманинг нуфузини белгилаб берадиган энг сара тўплар шундай тайёрланади. Уларнинг сифати жуда юқори. Оммавий тарзда ишлаб чиқариладиган тўпларнинг сифати бироз пасайиши аниқ. Лекин улар ҳам халқаро талабларга бемалол жавоб беради. Шу боис, уларнинг баҳоси сара тўпларникидан 2-3 баравар арзонроқ бўлади.
- «Думалоқ»нинг энг муҳим жиҳатлари қайсилар?
- Энг асосийси - унинг шакли, вазни ва ўлчами. Мана шу кўрсаткичларнинг бирортаси талабга жавоб бермаса, унга футбол тўпи номи берилмайди. Футбол федерациясининг талабларидан ташқари, копток зарбалар синовидан ҳам ўтади: 2000та зарбадан кейин ҳам тўпнинг шакли ўзгармаслиги шарт. Бор гап шу.
Танлаш имконияти бор!
Таъкидлаш жоизки, футбол тўпларини ишлаб чиқариш фақат Adidas фирмасининг қўлида эмас. Харидорлар бошқа корхоналар маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятига ҳам эгалар. Масалан, Дания терма жамоасининг собиқ посбони Энжил Нильсон томонидан 1947 йили асос солинган Select компанияси. Сир эмаски футболчилар ҳар доим ҳам миллионлаб даромадларга эга бўлишавермаган. Бўлажак тадбиркорлар аввал спорт психологиясини қунт билан ўрганишди, кейин пойафзал ва чарм ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширдилар.
Ўтган асрнинг ўрталарида дастлабки тўпни тайёрлаган Нильсон Дания терма жамоасини тўп билан таъминлаш хусусида мамлакат футбол федерацияси билан шартнома тузди. Собиқ дарвозабон қўли билан тайёрлаган снаряд бир қатор устунликларга эга эди: ташқи томонидан чок ипларидан холи Selectнинг думалоқлиги мукаммал бўлиб, унинг парвози аниқ ва тушунарли эди. Коптокнинг бир хилдаги 32 бўлакчалардан тайёрланиши ҳам Selectнинг ихтироси.
1974 йили данияликлар биринчи бўлиб синтетик резинадан тўп тайёрладилар. Юқори сифатли сунъий чарм ҳозир ҳам кенг қўлланилмоқда. Компания эса ҳамон ўз соҳасининг 3та асосий корхоналари қаторида келмоқда.
Мукаммалликнинг чеки йўқ
Футбол тўпини янада такомиллаштиришга қаратилган изланишлар дунёнинг кўплаб лабораторияларида давом этмоқда. Adidas бу борада етакчидек кўринсада, кўпчилик бу фикрга қўшилмаяпти. Масалан, кучли рақобатда ғолиб чиқишни мақсад қилган Puma компанияси шу пайтга қадар ҳеч ким қўл урмаган ишни бошлади: футбол тўпларини одатий силлиқ эмас, балки худди гольф коптокчаларига ўхшаш минглаб майда «чўтирчалар» билан ишлаб чиқара бошлади. Бундай услубда тайёрланган тўплар қўшимча кўтарилиш қувватига эга бўлиб, узоқроқ масофага парвоз қилади.
Манба: Sovsport.ru,
С. РАҲМОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).