Азал-азалдан маълумки, кўпгина болакайлар улғайганларидан сўнг кўпроқ ота касбини давом эттиришга қарор қилишади. Албатта, миллионлар ўйини ҳисобланмиш футбол ҳам бундан мустасно эмас. Қани, кўрайлик-чи, яқин ўтмишнинг қайси юлдузлари ўзларидан муносиб ворислар қолдиришяпти экан?
Дарвозабон: Каспер Шмейхель («Лестер Сити», Англия)
2015 йилнинг энг ёрқин клуби дарвозабони яқинда уни машҳур отаси билан қиёслашлари жонига текканини айтиб ўтди: «29 ёшга кирдим, ота бўлдим. Эндиликда мени отам билан солиштиришларини истамайман. Айтганча, бу нарса дадамни ҳам безор қилди. Бу таққослаш вақтлар ўтиши билан унутилиб кетишига умид қилгандим, аммо бундай бўлиб чиқмаяпти. Бу эса борган сари жаҳлимни чиқармоқда».
Шуниси қизиқки, Каспер аста-секин «отасининг сояси»дан ажралиб чиқмоқда. Зеро, у ҳам Петер Шмейхель каби ажойиб голкипер. Каспер катта футболдаги фаолиятини «Манчестер Сити»да бошлаб, узоқ йиллар давомида Жо Харт билан рақобатлашиб келган (дарвоқе, Жо дарвозабонга қўл келувчи кўплаб усулларни айнан Каспердан ўзлаштирганини тез-тез эслаб туради) ва АПЛга катта машаққатлар билан кириб келган. Аммо кичик Шмайхель узоқ вақтларгача барқарор ўйин намойиш қилолмади. «Лестер»га ўтганидан сўнг эса, ниҳоят, излаган нарсасини топди. Бугунга келиб Каспер Шмейхель - АПЛдаги энг эътиборга лойиқ клуб ва Дания терма жамоасининг асосий дарвозабони.
Ҳимоячи: Дэйли Блинд («Манчестер Юнайтед», Англия)
Бундан 20 йиллар муқаддам Голландиянинг «Аякс» клуби Чемпионлар Лигасида муваффақият қозонади. Зафарли юришнинг бошида эса Луи ван Гал (бош мураббий) ва Данни Блинд («Аякс» сардори)лар туришарди. Ван Гал ва Блиндлар ўртасидаги муносабат шу қадар яқин эдики, улар бирга тушлик қилишдан ташқари, оилавий борди-келдиларни ҳам йўлга қўйишганди. Шундай экан, ван Гал кичик Блинд «Манчестер Юнайтед» билан шартнома имзоламасидан олдин ҳам «Аякс» сардорининг уйида ажойиб истеъдод етишиб чиқаётганидан хабардор эди, албатта. Аммо Дэйли Блинд терма жамоа эшигини қоққан илк паллаларда голландиялик мухлислар уни ҳуштакбозлик билан қарши олишади. Ахир, бу ишда отасининг қўли борлиги ҳам мумкин эди-да! Лекин вақтлар ўтиши билан Дэйли чиндан-да маҳоратли футболчи эканини исботлай олди. 2014 йилда эса эредивизиянинг энг яхши футболчиси, деб топилди. Бразилияда ўтган мундиал кичик Блинднинг истеъдодини тўлиқ очиб бергач, у «Манчестер Юнайтед»дан таклиф олди.
Ҳимоячи: Кристиан Мальдини («Милан», Италия)
Аслини олганда, 19 ёшга тўлган Кристиан ҳали-ҳамон «Милан» асосий таркибига кира олмаяти, бироқ «ёшлар» жамоасида уни ўрнини боса оладигани йўқ. Энг муҳими, Кристианнинг рақами ҳозирданоқ маълум - у ўз аждодлари каби 3-рақам остида майдонга тушади. Қадим ўтган замонларда бу рақамни Чезаре Мальдини елкасида кўришган, кейин эса у 24 йил мобайнида Паолонинг «ташриф қоғози»га айланди. Шундай экан, тез орада бу омадли рақам Кристианга ҳам асосий таркибдан ўрин кафолатласа, ажабмас. Ҳар ҳолда, Синиша Михайловичдан буни кутса бўлади, чунки у яқиндагина 16 ёшли Жанлуижи Доннаруммага ҳам ишонч билдирди-ку...
Ўнг қанот ҳимоячиси: Нил Киоун («Рединг», Англия)
Нилнинг отаси Мартин Киоун фаолиятининг катта қисмини «Арсенал» либосида ўтказди. Аммо бутсаларни михга илиш вақти келганида, у «Рединг»ни танлади. Шунинг учун Нил футболдаги илк қадамларини айнан шу клубда қўйганига ажабланмасак бўлаверади. Тўғри, ҳозирча Нил жамоада барқарорликка эришолмаяпти. Лекин у эндигина 20 ёшга кирди ва ҳаммаси ҳали олдинда эканига ишонгимиз келади.
Таянч ярим ҳимоячи: Серхио Бускетс («Барселона», Испания)
Франциянинг L~Equipe нашри 1990 йилда Карлес Бускетсни «қўлқопсиз голкипер» деб атаганди. Лекин шуниси қизиқки, у «Барселона»да 10 йилдан кўпроқ ўйнаган бўлса-да, атиги 79 марта майдонга тушган холос. Бироқ унинг ўғли Серхио «Барселона» таркибига ёрқин нур сочиб кириб келди. Аслида, Серхиони «Барселона» мактабига қабул қилишмайди. Чунки у тестларни кўнгилдагидек топшира олмаганди. Лекин кичик Бускетс ёшлигидан клуб ҳақидаги орзулар билан ўсгани боис, мақсадидан чекинмайди ва ниҳоят, 2005 йилга келиб каталонияликлар таркига қўшилади. Жамоа устозлиги Хосеп Гвардиола қўлига ўтганидан кейин эса Серхионинг юлдузи порлай бошлади. Бугунга келиб Бускетс «кўк-анорранглилар»нинг энг муҳим футболчиларидан бирига айланди.
Марказий ярим ҳимоячи: Тьяго Алькантара («Бавария», Германия)
Тьяго ва унинг укаси Рафинья Алькантаралар клуб миқёсидаги муваффақиятлар бўйича Мазиньо Алькантарадан ўзиб кетишди, десак янглишмаймиз. Чунончи, Мазиньо учун «Фиорентина» ва «Валенсия»да ўтган йиллар фаолиятнинг энг юқори чўққиси бўлиб қолганди. Унинг ўғиллари эса «Барселона» академиясида таълим олиб, падарларидан анча-мунча ўзиб кетишди. Тўғри, Рафинья ҳалигача каталонияликлар сафини тарк этмай, ҳамон ўз вақтини кутиб яшамоқда. Бироқ Тьяго мана уч йилдирки, Хосеп Гвардиола билан ҳамкорликни тўхтатмай, уйидан олисларда юрибди ва анчагина донг таратишга улгурди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Янис Хажи («Вииторул», Руминия)
Георге Хажи нафақат румин футболида из қолдирган шахс, балки ўзи каби футболчиларни етиштириб беришда тенги йўқ мутахассис сифатида ҳам ном таратмоқда. Жумладан, унинг ўғли Янис айнан отаси асос солган футбол академиясида таълим олиб, 16 ёшидаёқ «Вииторул» клубида дебютини нишонлади. Унутмаслик лозим, бу жамоада катта Хажи мураббийлик қилади, лекин Янисда ҳам нимадир борки, Георге уни танқидлардан чўчимай майдонга туширмоқда.
Энг муҳими, Яниснинг истеъдоди хорижлик скаутларни ҳам қизиқтириб қолган. Бунинг самараси ўлароқ, у ёзда «Вииторул»дан «Фиорентина»га кўчиб ўтиши кутилмоқда.
Чап қанот ярим ҳимоячиси: Денис Черишев («Валенсия», Испания)
Катта ёшли футбол мухлисларига маълумки, Дмитрий Черишев футболчилик даврида жуда чаққон ва тезкор бўлгани учун «Динамо» мухлислари унга «Электричка» деб лақаб қўйишганди. Хуллас, у футбол оламида етарлича ном қозонгач, Хихоннинг «Спортинг» клубига ўтиб кетади ва бутсаларини михга илганидан сўнг Испанияда яшаб қолишга қарор қилади. Кейинроқ мураббийлик ишига тайёрланиш билан бирга, ўз ўғлида футболга меҳр уйғотиб, уни «Реал» академияси даражасига олиб чиқади. Гарчи Денис «Реал» асосий таркибидан жой ола билмаса-да, маҳорати чакки эмаслигини намоён қилишга улгурди. Шу боис, ла-лиганинг «иккинчи даражали» клублари уни ижарага олишга астойдил киришишди. Айни пайтда кичик Черишев «Валенсия» шарафини ҳимоя қилмоқда.
Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Андре Айю («Суонси», Уэльс)
Бор экану-йўқ экан, Абеди Пеленинг икки ўғли бўлган экан... Бу эртакнинг охирида ҳар икки ўғил ҳам отасининг изидан бориб, футболчи бўлиб етишди. Тақдирни қарангки, Андре ҳам, Жордан ҳам Абеди каби катта футболдаги фаолиятларини Францияда бошлашди. Улар «Марсель» ярим ҳимоясининг ҳар икки қанотини эгаллашди. Лекин вақтлар ўтгани сари, оға-ини Айюларнинг йўллари айро туша бошлади. Ниҳоят, ўтган ёзга келиб Жордан «Астон Вилла»ни, Андре эса «Суонси»ни танлади.
Эътиборлиси, Жордан Айю «Вилла» билан жадвал сўнгида «судралиб» юрибди. Андре ва унинг «Суонси»си эса ҳарқалай, хавфли ҳудуддан сал узоқроқда.
Ҳужумчи: Лука Захович («Херенвен», Голландия)
Лука дунёга келган вақтда унинг отаси Златко Португалия чемпионатида сайр қилиб юрганди. Табиийки, Лука Захович ҳам отасининг изидан боришга қарор қилади ва Златконинг илк жамоаси - «Марибор»да шуғулланади. 2013 йилга келиб жамоадаги дебютини нишонлайди ва орадан бир йил ўтгач, ЕЧЛ доирасидаги ўйинда «Спортинг» дарвозасини ишғол қилиб, шуҳрат орттиради. Шу боис, ўтган ёзда Луканинг атрофида Европанинг топ-скаутлари гирдикапалак бўлиб қолишади. Аммо Лука отасининг маслаҳати билан камтарингина «Херенвен»га йўл олади. Зеро, бу клуб ҳужумчиларни етиштириш бўйича (Афонсо Алвесдан тортиб Клас-Ян Хунтеларгача) анча-мунча донг таратган.
Ҳужумчи: Жованни Симеоне («Банфилд», Аргентина)
Яқин-яқингача Симеоне номи тилга олинганда, фақат «Атлетико»нинг ҳиссиётларга берилувчи машҳур мураббийи ёдга келарди. Лекин бугунги кунда унинг ўғли ҳам анча танилиб қолди. Келинг, яхшиси, кичик Симеонега қисқача таъриф бера қолайлик: у фаолиятини «Ривер Плейт»да бошлади, «Банфилд»да мунтазам тўп сурмоқда, Аргентина ёшлар терма жамоасида тенгсиз етакчи.
Шунингдек...
Хаби Алонсо («Бавария», Германия)
Фрэнк Лэмпард («Нью-Йорк Сити», США)
Динияр Билялетдинов («Рубин»)
Диего Пойет («Вест Хэм», Англия)
Роман Ерёменко (ЦСКА)
Ривалдиньо («Можи-Мирим», Бразилия)
Ромариньо («Бразилиенсе», Бразилия).
Манба: Championat.com,
И.РАҲИМОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).