5 март куни футбол бўйича Ўзбекистон XV миллий чемпионатига старт берилади. Янги мавсум аввалгиларидан шиддатли ўтиши кутилмоқда ва бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Жорий мавсумда чемпионлик учун асосий кураш ҳар доимгидек “Пахтакор”, “Локомотив”, “Бунёдкор” ва “Насаф” жамоалари ўртасида кечиши кутилмоқда. Қолаверса, юбилей чемпионатимизда “Нефтчи”, “Олмалиқ”, “Бухоро” сингари клублар Осиё Чемпионлари лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бориши эҳтимолдан холи эмас. Ушбу омиллар табиийки ҳали мавсум бошланмасдан унга бўлган қизиқишни оширади. Шу билан бирга янги мавсумда олий лига дебютанти “Обод” клубидан ҳам мухлисларга ўзига хос “совға” ҳозирланган, десак муболаға бўлмайди.
2013 йилда ташкил топган жамоа атиги уч йил ичида миллий футболимиз элитасигача бўлган йўлни босиб ўтди. Олий лигагача бўлган масофани бундан қисқароқ вақт ичида фақат “Қурувчи” (ҳозирги “Бунёдкор”) жамоасигина босиб ўта олган. Бугунги кунда “қалдирғочлар” ўзбек футболининг байроқдорларидан бирига айланиб улгуришганлигини барча яхши билади. Ажаб эмаски, “Обод” тимсолида яна бир шундай жамоа шаклланиб келаётган бўлса. Бундай фикрга келишимизнинг боиси, пойтахтнинг олий лигадаги тўртинчи вакили мавсумга тайёргарлик жараёнида кўпчиликни ажаблантирадиган натижалар қайд этди. Дебютант жамоа назорат-синов учрашувларида фақатгина амалдаги чемпион “Пахтакор”га барча жабҳада имкониятни бой берганлигини айтмаганда, қолган клублар билан тенгма-тенг, ҳаттоки кучлироқ ҳам ўйнашди. Ушбу омиллар бизни “Обод” жамоасининг янги мавсумга тайёргарликлари ҳақида тўлиқроқ материал тайёрлашга ундади ва шу мақсадда клуб томон йўл олдик. Дастлабки суҳбатдошимиз клуб директори Фарҳод Сафаров бўлди.
Фарҳод Сафаров: «Мавсумга тайёргарлик кўнгилдагидек ўтди»
- Фарҳод ака, аввало сизни янги футбол мавсумининг бошланиши билан табриклаймиз. “Обод” клуби олий лигада дебютант жамоа сифатида иштирок этмоқда. Шу боис мавсум олдидан ҳаяжон бўлса керак.
- Албатта. Биласиз, “Обод” жамоасининг ташкил топганига кўп бўлгани йўқ. Ўтган йили 1-лигада муваффақиятли тўп сурдик ва якунда олий лига йўлланмасини қўлга киритдик. Мавсум тугагач кўплаб футболчиларимиз билан олий лига клублари жиддий қизиқишди ва биз танлаш ҳуқуқини уларга қўйиб бердик. Биласизми, йигитларимиз олий лига жамоаларининг ҳар томонлама манфаатли бўлган таклифларини рад этишган ҳолда “Обод”да қолиш ва жамоамизга ёрдам бериш истагини билдиришди. Бундан хурсанд бўлдик ва бу ўз навбатида жамоамизда ажойиб муҳит шаклланганлигидан дарак беради. Энди олий лигада ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз.
- Жамоа ПФЛ ва ОФКнинг талабларини тўлиқ бажардими?
- Акс ҳолда бизга олий лигада ўйнаш учун рухсат беришмасди. Албатта, клуб ПФЛ ҳамда ОФК талабларини тўлиқ бажарди. Жумладан, ОФКнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда ўз мактабимизни очдик ва унда айни пайтда 100га яқин иқтидорли ёшлар бир нечта гуруҳда юқори малакали мутахассислар қўл остида футбол сирларини ўрганишмоқда. Чемпионат доирасидаги ўйинларда рақибларни “ЖАР” стадионида қабул қиламиз. Бу борада стадион билан келишувга эришилган. Биласиз, мазкур стадионда нафақат ички, балки халқаро учрашувларни ҳам ўтказиш мумкин. Бизга шундай ажойиб стадионда тўп тепиш имкониятини тақдим этгани учун “ЖАР” стадиони раҳбариятига миннатдорчилигимизни билдирамиз.
- Мавсумолди тайёргарлик жараёнидан кўнглингиз тўлдими? Ўйлаган режаларга қанчалик эришилди?
- Ҳа, ўйлаган режаларимиз амалга ошди. Мавсумга тайёргарликни декабрь ойидан бошладик ва Тошкентда икки босқичдан иборат ўқув-машғулот йиғинини ўтказдик. Сўнгра жамоа БААда икки ҳафталик йиғин ўтказди. Ўйлайманки, қилинган меҳнатлар ўз самарасини бермасдан қолмайди.
- Сир бўлмаса жамоада молиявий ҳолат қай даражада?
- Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Футболчилар ва клуб ходимлари учун нафақат 2015 йилги маошлар тўлиқ тўланган, балки жорий йил январь ойи учун ҳам маошларни берганмиз. Ўзбекистон миллий чемпионатида қатнашиш учун ПФЛга аъзолик бадалини ҳам биринчи бўлиб тўлиқ тўлаб қўйдик. Гарчи “Обод” хусусий клуб саналса-да, раҳбарият жамоани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
«Обод» ФК матбуот хизмати
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).