«Барселона» клуби ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Саудия Арабистонига тегишли Мисрнинг MBC телеканалига берган интервьюси давомида ўз бутсаларини кимошди савдосига қўйиб, ундан йиғилган барча маблағни хайрия қилишни таклиф қилди. Мессининг ушбу таклифини бир қатор мисрликлар ҳақорат сифатида қабул қилди, деб хабар беради Marca.
«Етти минг йиллик цивилизациямиз давомида биз ҳеч қачон бундай ҳақоратланмаган эдик. Мен ўз оёқ кийимим билан сени таъзирингни бераман, Месси. Мана менинг оёқ кийимим, уни Аргентинага хайрия қиламан», – дейди Миср парламенти аъзоси Саид Ҳасасин маҳаллий телевидения эфирлардан бирида.
Миср футбол ассоциацияси аъзоси Азми Мегаҳед ҳам Мессининг ишидан норозилик билдирди.
«Бизнинг ночор одамларга Месси керак эмас. Унинг бутсалари ўзи учун хизмат қилади. У ушбу ишораси билан бизни камситмоқчи бўлди. Яхшиси, у бутсаларини ўзининг бошига кийиб олсин ёки мухлисларининг бошига кийдирсин. Бизга унинг бутсалари керак эмас, шунингдек, унинг хайрияси яҳудий ёки Исроил халқига ҳам керак эмас. Бутсаларингни ўз халқинга бер, Аргентинада камбағаллар кўп», – дейди Азми Мегаҳед.
Мисрликлар орасида аргентиналик футболчининг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаганлар ҳам бўлди. Жумладан, футбол бўйича Миср терма жамоаси ҳамда «Сельта» ва «Тоттенхэм» клублари собиқ ҳужумчиси Мидо Мессининг таклифига қуйидагича изоҳ берди.
«Ёзувчининг энг қимматбаҳо ашёси – қалам, футболчининг энг қимматбаҳо нарсаси эса бутса ҳисобланади», – дея ёзади Мидо ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
MBC телеканали журналисти, Месси билан интервью олиб борган Мона эл-Шаркавий ҳам аргентиналик ҳужумчининг ёнини олди.
«Кўрсатувимиз анъанасига кўра, ҳар бир меҳмондан совға тариқасида бир нима олиб, уни кимошди савдосига қўямиз. Ундан йиғилган маблағ эса хайрияга йўналтирилади. Мен одамларнинг ушбу хабарга муносабатидан ҳайрон қолдим. Биз хайрия маблағини айнан Мисрда ёки бошқа бир жойда ишлатамиз, деб айтмаган эдик», – дея тушунтирди Мона эл-Шаркавий.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).