Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун ниҳоят, орзиқиб кутилган ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Бундай аснода гапиришимиз сабаби бор, албатта. Биласиз, Самвел Бабаян жамоаси Канада термаси билан ўйинга қадар Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказиши керак эди. Лекин аввалига ўзимиз Қирғизистон термасига рад жавоб бердик, кейин эса Экваториал Гвинея жамоаси бизга нисбатан худди шундай қилди. Яхшиямки, аввалроқ Австрияда канадаликлар билан ўйнаш бўйича келишиб қўйган эканмиз. Акс ҳолда, терма жамоамиз ФИФАнинг қимматли кунларини яна мухлис сифатида кузатиш билан чекланарди. Мана, 3-кундирки, футболчиларимиз Австрияда йиғин олиб боришяпти. Жамоамиз делегацияси Falkensteiner Therme - Golf Hotel Bad Waltersdorf меҳмонхонасига жойлашган. Бугун режага кўра, Ўзбекистон-Канада учрашуви «Терменштадион» стадионида бўлиб ўтади. Биз якшанба куни терма жамоамиз дарвозабони Александр Лобанов билан боғланиб, ундан бўлажак ўйин хусусида эксклюзив интервью олдик.
- Саша, Австрия йиғини қандай давом этмоқда?
- Ҳаммаси режа асосида кетяпти. Кунига икки маҳал шуғулланяпмиз.
- Ёмғир ёғаётганини айтишди. Об-ҳаво шароити машғулотларга таъсир кўрсатмаяптими?
- Австрияга Москва орқали етиб келдик. Самолёт Венага қўнган пайт ҳаво булутли эди. Бугун (суҳбат 5 июнь уюштирилган) эрталаб кун очиқ эди. Ҳозир шаррос қуйиб ёмғир ёғяпти. Лекин машғулотларга ҳозирча халақит бергани йўқ. Одатий тартибда тайёргарлик олиб боряпмиз.
- Шароитлар яхшими?
- Жуда зўр. Машғулот майдони, тренажёр зали, умуман, ҳаммаси жойида.
- Сешанба куни Канада терма жамоасига қарши майдонга тушасизлар. Рақиб ҳам айни пайт Австрияда бўлиб турибди. Хўш, Канада термасини ўрганяпсизларми?
- Ҳа, канадаликлар Австрияга биздан аввалроқ етиб келишган. 3 июнь куни бу ерда Озарбайжон термасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга ҳам тушишди. Мураббийларимизда 1:1 ҳисоби билан якунланган шу ўйин видеоёзуви бор экан. Бугун кечқурун назарий машғулотлар чоғи уни кўриш орқали рақиб ҳақида маълумот олишимиз мумкин.
- Очиғи, айримлар Канада терма жамоасига паст назар билан қарашяпти. «Бу мамлакат спорти хоккей орқали танилган» қабилида фикр билдириляпти. Шахсан сиз бу борада нима дея оласиз?
- Жуда кулгули... Билганим шуки, Канадада фақат хоккей ўйнашмайди. Дейлик, терма жамоанинг кўплаб футболчилари Европа клублари шарафини ҳимоя қилишади. Улар орасида Англия, Испания, Португалия, Норвегия, АҚШ, Швеция каби мамлакатлар чемпионатларида ўйнайдиганлар бор. Шундай экан, Канада термасини жиддий қабул қилмаслик ноўрин, менимча. Қолаверса, жамоа европача футболга мойил. Хуллас, умид қиламанки, бўлажак ўйин биз учун ҳар томонлама фойдали бўлади.
- Қайд этилажак натижа қанчалик муҳим?
- Жамоамиз олдига рақиб ким бўлишидан қатъий назар, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш вазифаси қўйилади. Таркибимиз оптималми ёки аксинча, бунинг фарқи йўқ. Майдонга тушдикми, демак, фақат ижобий натижани кўзлаймиз. Канада термаси билан ўйинга ҳам худди шундай ёндашамиз. Тўғри, Австрияга асосий таркибнинг 4-5 нафар футболчисисиз келдик. Лекин бу ҳол жамоамизнинг сезиларли даражада кучсизланиб қолганини англатмайди. Хуллас, мухлислар учун ўйнаймиз ва ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Зеро, натижанинг ФИФА рейтингидаги ўрнимизга ҳам таъсири бор. Кейин ўртоқлик учрашувларидаги ғалабалар асосий ўйинлар олдидан футболчилар руҳини кўтаради. Энди мураббийлар позициясидан қарасак, улар аввало, терма жамоага номзод футболчиларнинг бугунги ҳолатини билиб олишни кўзда тутишган. Шунингдек, турли тактикаларни кўриб чиқишади. Буни ҳам унутмаслик лозим.
- Аввалига Қирғизистон, кейин эса Экваториал Гвинея термалари билан режалаштирилган ўйинлар бекор қилинди. Юзага келган вазият футболчилар руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмадими?
- Йўқ. Бундан тушкун ҳолатга тушмадик. Тўғри, яна битта ўйин бўлса, зарар қилмасди.
- Энди клубингиз ҳақида гаплашсак. Аввалроқ «Персеполис»да қолишни истамаётганингизни айтгандингиз. Хўш, янги жамоа бўйича бир тўхтамга келдингизми?
- Ҳозирча йўқ. Барчасини шу ой охирига қадар ҳал этишим керак.
- Ўзбекистон чемпионатига қайтиш вариантига қандай қарайсиз?
- Ҳа, бундай вариант ҳам бор. Лекин ҳозирча аниқ гапиролмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Бундан чиқди, «Пахтакор»га қайтишингиз эҳтимоли ҳам йўқ эмас...
- Балки. Ҳар нарса бўлиши мумкин.
- «Пахтакор»нинг ўйинлари қовушмаётган бир пайт бу жамоа мухлислари учун жуда яхши хабар...
- Афсуски, собиқ жамоамнинг ўйинлари кўнгилдагидек чиқмаяпти. «Пахтакор» иштирокидаги учрашувни кузатиб боряпман. Жамоа ОЧЛ баҳсларидан аламли тарзда чиқиб кетди. Ўзбекистон кубогидаги иштирокини ҳам эрта тўхтатди. Энди бор эътибор чемпионатга қаратилади. Ҳали «Пахтакор» ўзини ўнглаб олишига ишонаман. Ҳар қандай кучли жамоада ҳам гоҳида шундай пасайиш онлари кузатилади. Мухлислар буни тўғри тушунишсин...
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).