Донецкнинг «Шахтёр» клубидаги фаолияти давомида кўплаб ютуқларга эришиб, маҳаллий мухлислар ҳурматига сазовор бўлган Мирча Луческу янги мавсумни РФПЛда бошлайди - руми-ниялик мутахассис Санкт-Петербургнинг «Зенит» жамоаси билан шартнома имзолади. Россиялик ҳамкасбларимиз шу баҳона тажрибали мураббийнинг ҳаёт йўлига назар ташлаб, унда учраган энг қизиқ воқеаларни миллионлар ўйини ихлосмандлари билан баҳам кўришга қарор қилишди.
«ИККИ ОЁҚЛИ» ФУТБОЛЧИ-ОТА
Мирча 1945 йилнинг 29 июлида, туғилган. Ўша кезлари Руминиядаги кўп болали оила(тўрт ўғил ва бир қиз)ларга осон бўлмаганини тахмин қилиш қийин эмас. Аммо болалар боғчаси ёшидаги кичкинтойларга асосий муаммо - овқат эмас, балки ўйин-кулгу эди. Ака-укалар масалани осонликча ҳал этишди: латталардан тўп ясаб, икки кишидан икки жамоага бўлинишди ва дарвоза вазифасини ўтаган кроватга гол уришни бошлашди. «Отам футболни деярли тушунмасди, - дея эслайди Луческу ўша пайтларни. - Бир куни у сафимизга қўшилиб, тўп тепаркан, икки оёғида зарба беришга уринди ва йиқилди. Шунчаки, бундай ҳаракатларнинг аслида қандай бажарилишини билмаганди».
ДЕЯРЛИ ДИПЛОМАТ
У кезлари Руминияда таълим соҳаси энг устувор вазифа саналар, футбол эса охирги даражадаги майда-чуйдалардан бири ҳисобланарди. Тарбияли Мирча дарсларда фаол қатнашар, ўз навбатида, Бухарестнинг «Динамо»си сафида машғулот ўтказишга ҳам улгурарди. Мактабни якунлагач, пойтахтдаги олий таълим даргоҳининг халқаро иқтисодий муносабатлар факультети кундузги бўлимига ҳужжат топширди. Ота-онасининг фикрича, Луческудан ажойиб дипломат чиқиши лозим эди. Ажабланарлиси, Мирча университетни тамомлаб, гарчи охирги курсда гарчи футболчи бўлишини англасада, дипломли бўлди.
ФҲДЁ - ТРАМВАЙ - СТАДИОН
«Илк бор Мирчани талабалар тамаддихонасида учратганимда, у диққатимни тортди, - дейди Нелли Луческу турмуш ўртоғи ҳақида ҳикоя қиларкан. - Бир неча кундан сўнг, у жомадонларим билан трамвайдан тушаётганимни кўриб, менга ёрдамлашди ва шу тахлит танишдик». 1967 йилнинг 21 июнь куни Нелли ва Мирча турмуш қуришди. Ортиқча ҳашаматларсиз - шунчаки, имзо ва иккита «розиман» билан. ФҲДЁ идорасидан чиқишлари ҳамоно, куёв трамвайга чиқиб, келин томон қўл силкиди. Шу куни Руминия термаси итальянлар билан ўйин ўтказиши лозим эди. Миллий терма жамоа аъзосининг тўй туфайли учрашувни ўтказиб юбориши эса ҳурматсизлик белгисидир. «Ўша пайт кўзимга ёш келди, - Неллининг ҳаяжонини тушуниш мумкин. - Аммо вақт ўтгани сари бундай ҳолатларга кўника бошладим. Ваҳоланки, қизларни футболчилар билан турмуш қурмасликка даъват этувчи сабаблар қайд этилган буклет тайёрлаш ҳақида ҳам ўйлагандим».
ПЕЛЕНИНГ ЛИБОСИ
1970 йили қанот ҳужумчиси Луческу Руминия термаси билан Мексикада ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Жамоа гуруҳдан чиқолмади, аммо Мирча ортга қуруқ қўл билан қайтмади - гуруҳ босқичининг учинчи туридан ўрин эгаллаган Бразилияга қарши баҳс якунлангач, Пеле билан футболка алмашди. Ушбу соврин «Зенит»нинг янги устози ғазнасининг энг кўринарли қисмидан жой олди. «Бу либосни, ҳаттоки, бирор маротаба ювмаганман!» - дейди Луческу мамнун ҳолда.
МАДҲИЯ ҲАММУАЛЛИФИ
Фараз қилинг, Валерий Карпин ўзининг мураббийлик соҳасидаги илк жамоаси - «Спартак»нинг мадҳияси матнини ёзгач, бутун «Откритие Арена» уни куйласа. 70-йилларда Руминияда бундай ҳолатни тасаввур қилиш қийин эмасди: Луческу 1977 йили мўъжазгина, қишлоқнамо клуб - «Корвинул»нинг бир қисмига айланди. Мирча у ерда оркестр-одам вазифасини ўтади: ўйнади, машғулот ўтказди, маҳаллий газетада алоҳида саҳифа юритди, мадҳия матнини ёзди. «Дастлаб композицияни маҳаллий хор жамоаси, кейинчалик эса бутун стадион куйлади! - дейди Луческу фахрланиб. - Менинг «Корвинул»им ўша йиллари бир ўйинда 6-7тадан гол урарди, шу боис ҳамиша гавжум бўлган трибуналарда мусиқий кайфият ҳукм сурарди».
ЗИЛЗИЛА
1977 йили рўй берган яна бир воқеа Луческунинг тақдирига таъсир ўтказиши мумкин эди, хайриятки, бундай бўлмади. Бухарестда кутилмаганда рўй берган Рихтер шкаласи бўйича магнитудаси 7,2 балли зилзила бир ярим мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетди. Мирча ўша куни жамоа сафида эди, рафиқаси ва ўғли Рэзван (Грециянинг «Ксанти» клуби мураббийи) эса пойтахтда қолишганди. «Уйимиз бутунлай вайрон бўлганди, - бироз титроқ билан эслайди Луческу. - Шаҳардаги аксарият хонадонлар шундай кўриниш касб этганди. Асосийси, оила аъзоларим соғ қолишди - улар кинотеатрга кетишган экан».
АСАРЛАР ҚАҲРАМОНИ
Луческунинг таржимаи ҳоли воқеаларга бой. Шу боис, 36 ёшида «Майса миражи» номли асар ёзишга ҳам улгурди. Қизиғи, китоб адади камтарона бўлгани туфайли унинг барча нусхаси бир кунда сотиб тугатилди. Умуман олганда, руминиялик мураббий Ион Кирилловнинг «Оёқдаги одам» ҳамда Георг Николаескунинг «Луческу» асарларларида ҳам бош қаҳрамон сифатида гавдаланди. Иккинчи китоб муқовасида Мирчанинг ўғли Рэзванни ўпиб тургани тасвирланган. Машҳур фото УЕФА кубоги-2005 гуруҳ босқичидан сўнг суратга олинган, ўшанда катта-Луческунинг «Шахтёр»и кичик-Луческунинг «Рапид»ига ютқазганди. Матбуот анжуманида Рэзван ажойиб фикр билдирганди: «Отамнинг жамоасини мағлуб этганим туфайли қувонаётганимдан уялмоқдаман».
ҲАМЖИҲАТЛИК КАФОЛАТЛАНГАН
Луческунинг «Шахтёр»даги энг катта хизматларидан бири - бразилиялик ва украиналик футболчилар уюшқоқликни таъминлагани. Аксарият клубларда легионерлар билан маҳаллий ўйинчилар ўртасида айролик кузатилади, аммо бундай ҳолат Донецк клубига ёт: Луческу жамоани мунтазам равишда шашлик сайлига олиб борар, ҳаммалари мусиқа садолари остида тамадди қилишарди. Дарвоқе, Мирча созандаликдан ҳам бебаҳра эмас - доира чалишни қойиллатади.
СОВҒАГА ЖАВОБАН СОВҒА
Луческу фалсафани хуш кўради ва ҳар сафар ғалабалардан фақат хотиралар қолишини таъкидлайди. Шу боис, ушбу хотираларни нимагадир муҳрлаш унинг учун жуда муҳим. Бир неча йил аввал Мирча турк усталарига мурожаат этиб, ўзи ишлаган пайтда «Шахтёр» қўлга киритган муваффақиятларни акс эттирувчи кубоклар тайёрлатди. Ўзига хос эсдалик буюмларининг ҳар бирида ML рамзи қайд этилган. «Кончилар» УЕФА кубогида зафар қучишгач, Луческу бутун шаҳарга соврин шаклидаги ҳайкални совға тариқасида берди. У мэрлик ёнидаги истироҳат боғига ўрнатилди. Донецк ҳам мазкур туҳфага ҳадя билан жавоб қайтаришни маъқул кўрди - руминиялик мутахассиснинг 70 йиллигига атаб ҳайкал барпо этилди.
САНЪАТ ШАЙДОСИ
Луческу «Зенит» билан тузилган шартномага Эрмитаж яқинидаги яхтада имзо чекди - шундай нозик меҳмон учун мос ҳудуд. Мирчанинг ноёб суратлар коллекцияси ҳар йили тўлдирилади, у санъатни жуда яхши тушунади. Юбилей муносабати билан рафиқаси Нелли унга машҳур рус ва япон мусаввирлари асарларини совға қилди. Айтишларича, ўшанда Луческу суратлардан кўз узолмай қолган экан.
Мирча Луческу Россия чемпионати тарихидаги ёши улуғ мураббийлар орасида учинчи ўринни эгаллайди. У «Зенит» бошқарувидаги дастлабки ўйинини 71 ёшга тўлганида ўтказади. 65 ёшга тўлганидан сўнг рус элитасида ишлаш атиги 9 нафар мутахассисга насиб қилган. Бу борада ўтган асрнинг 90-йиллари «Асмарал» ва «Динамо»ни бошқарган Константин Бесковгина руминиялик мураббийни ортда қолдирмоқда.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).