2015|2016 йиллар мавсумининг энг яхши тўпурари бўлган «Олмалиқ» жамоаси ҳужумчиси Жамолиддин Шариповга Ўзбекистон футзал ассоциацияси томонидан махсус соврин ҳамда телевизор топширилди. У якунига етган чемпионат давомида рақиблар дарвозасини нақ 38 марта ишғол этиб, бош голеадор мақомини олди. Маълумот учун айтиш керак, Шариповнинг энг яқин таъқибчилари - Фарҳод Абдумавлонов ва Даврон Чориев (иккиси ҳам «Ардус») 22тадан голга муаллифлик қилишди. Хуллас, мавсум Жамолиддин учун жуда-жуда омадли ўтди. У аввалига Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Осиё вице-чемпиони бўлди ва тарихда илк бор ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилишига муносиб ҳисса қўшди. Яқинда якунига етган мамлакат биринчилигида эса олтин медаль соҳибига айланди. Умуман, «Олмалиқ» бу билан чемпионлик унвонини ҳимоя қилди. Табиийки, Жамолиддин Шариповнинг голлари Александр Петров жамоасига жуда қўл келди. Биз аввалги ҳафта чемпионат тўпурари билан учрашиб, ундан мавсум якунлари, терма жамоамизнинг бўлажак мундиалдаги иштироки юзасидан интервью олдик.
- Жамолиддин, охирги футзал мавсуми анча мураккаб кечди. Бунга терма жамомиз иштирокидаги ўйинлар ҳам таъсир қилгандир. Лекин якун сиз ва жамоадошларингиз учун жуда чиройли бўлди. Суҳбатимизни айни мавзу бўйича фикрларингиз билан бошласак.
- Ҳа, мавсумнинг айниқса, сўнгги ўйинлари жамоамиз учун анча мураккаб кечди. Чунончи, амалдаги чемпион сифатида ўз унвонимизни ҳимоя қилишимиз керак эди. Биласиз, чемпион бўлишдан кўра, уни ҳимоя қилиш қийинроқ саналади. Асосий рақиб - «Ардус» билан финалда тўқнаш келдик. Қоидага кўра, финал раунди жамоалардан бирининг 2 марта ғалаба қозонишига қадар давом этади. Биринчи баҳсда «Ардус»га имкониятни бой бердик. Ўша вақт таркибимизда жароҳатланган футзалчилар кўп эди. Шунга қарамай, иккинчи ўйинга жиддий ҳозирлик кўрдик. Зеро, яна мағлубиятга учрасак, мавсумни совринсиз якунлардик. Чунончи, бир муддат аввал «Ардус» 3та ўйиндан иборат кубок финалида бизни мағлубиятга учратиб, биллур совринни ўзиники қилганди. Хуллас, хатони такрорлашга ҳаққимиз йўқ эди. Таркибдаги йўқотишларга қарамай, иккинчи ўйинда ғалаба қозониб, ўртадаги ҳисобни тенглаштирдик. Ҳал қилувчи учинчи учрашувда эса «Ардус»га ҳеч қандай имконият қолдирмадик ва чемпионлик унвонини ўзимизда сақлаб қолдик. Мавсумнинг яна бир мураккаблик туғдирган жиҳати, дарҳақиқат, терма жамоамизнинг ўта масъулиятли баҳсларда паркетга тушганидир. Пойтахтимиз йил бошида учинчи марта Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Бу галги қитъа биринчилиги жаҳон чемпионатига йўлланма бериши билан аҳамиятли эди. Шу мусобақада ниҳоят, мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Лекин жуда ҳам қийин бўлди. Ахир Тошкент турнирида қатнашган 16та терма жамоанинг барчаси ЖЧ чиптасини қўлга киритиш илинжида эди. Осиё чемпионати кутилмаган натижалари билан ҳам ёдда қолди. Дейлик, Япония терма жамоаси ЖЧ-2016 йўлланмасини қўлга киритолмади. Бу ҳам қитъада футзал тобора ривожланиб бораётганлигидан дарак бериб турибди.
- Жаҳон чемпионати мавзуси очилган экан, куни кеча ташланган қуръа натижаларига муносабатингиз қандай? Жараён терма жамоамиз учун омадли келди, дейиш мумкинми?
- Жаҳон чемпионатига ўз қитъаларининг энг кучли ва сараланган терма жамоалари боришади. У ерда кучсиз рақибнинг ўзи бўлмайди. Энди нисбий олганда, қуръа бизга ўртача натижа тақдим этди, дейиш мумкин. Колумбия терма жамоаси - мусобақа мезбони ва шунга яраша, ўз мухлислари кўз ўнгида икки ҳисса яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қилиши тайин. Табиийки, мезбонлик фактори колумбияликларга қўшимча куч бағишлайди. Лекин бошқа томондан, масъулият ва шу билан бирга босимни ҳам юзага келтиради. Кейин Колумбия термасининг сўнгги жаҳон чемпионатида ярим финалга қадар етиб борганини эсдан чиқармаслик керак. Португалия терма жамоасини эса кўпчилик яхши билади. Европанинг кўзга кўринган футзал жамоаси ҳисобланади. Таркибида дунёнинг энг кучли футзалчиси ўйнайди. Бу ҳам ўзаро ўйинимизга қизиқишни оширади. Гуруҳимиздаги учинчи жамоа - Панама термаси ҳақида айтарли маълумотга эга эмасмиз. Энди мундиалда ўз ўйинимизни намойиш этсак, рақиблардан чўчимасак, бас. Биласизми, ҳар қандай ҳолатда ҳам, жаҳон чемпионати ҳаяжони босади, барибир. Ахир бундай нуфузли мусобақада илк маротаба иштирок этамиз. Демак, биринчи галда, ортиқча ҳаяжонни енгиб ўтишимиз муҳим.
- Терма жамоа бош мураббийи Хосе Мария Мендез ҳақида қандай фикрдасиз?
- Хосе Мария жуда кучли мутахассис ҳисобланади. Нафақат Осиё, балки дунё футзалида ҳам катта обрўга эга. Иш услуби ҳам ўзгача. Мудом қандайдир янгиликни амалга татбиқ этади. Хуллас, жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишида Мендезнинг хизмати жуда катта. Насиб қилса, Колумбияда ҳам испаниялик мутахассис қўл остида ижобий натижаларга эришамиз.
- Яна Ўзбекистон чемпионати мавзусига қайтсак. Чемпион ва кубок соҳиби битта жамоанинг финалдаги 2та ғалабаси орқали аниқланяпти. Бу йўл қанчалик тўғри ҳамда ўзини оқлаяптими?
- Адашмасам, 3 мавсумдан бери ғолиблик масаласи шу тизим бўйича ҳал этиляпти. Бунга анча кўникиб қолдик. Очиғи, илк мавсумда тизим моҳиятини тушунмаган эдик. Бор кучимизни битта ўйинга сарфлаб қўйиб, бунинг натижасида мураккаб вазиятга тушиб қолгандик ҳам. Кетма-кет 3та ўйин ўтказиш бир томондан яхши. Дейлик, биринчи ва иккинчи кунги ўйинлардан сўнг умумий ҳисоб тенглашса, ғолиб ҳал қилувчи учинчи учрашувда аниқланади. Бу ҳолат мухлисларга айни муддао. Дастлабки йилларда кучни тўғри тақсимлашда қийналганимиз рост. Мана, секин-аста барчасини ўзлаштириб олдик. Мисол учун, бу йил «Ардус»га биринчи ўйинда ютқазиб, ке-йинги иккисида ғалаба қозондик. Ўзи асосий эътиборни иккинчи ўйинга қаратгандик. Умуман олганда, ҳозирги тизимнинг фойдаси айниқса, халқаро турнирларда билинади. Айниқса, кучни тақсимлаш масаласида.
- Энди «Олмалиқ» сафида Клублар ўрасидаги Осиё чемпионатида ҳам иштирок этасизлар. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон чемпиони «B» гуруҳида Эроннинг «Тасисат Дарёи» ҳамда Ливаннинг «Ал-Маядин» клубларига қарши баҳс олиб боради.
- Эрон клуби мусобақанинг амалдаги ғолиби ҳисобланади. Рақибга ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Эрон термасининг аксарият футзалчилари шу клуб сафида ўйнашади. Кейин форслар ўз унвонларини ҳимоя қилишга уринадилар. Гуруҳдан дастлабки икки ўрин соҳиби чорак финалга йўл олишини назарда тутиб айтсак, йўлланмалардан бири учун Ливан клуби билан курашамиз, чоғи. Лекин бу билан Эрон вакилига ютқазамиз, демоқчи эмасман. Кўп нарса жамоаларнинг мусобақага қандай тайёргарлик билан боришларига боғлиқ. Агар гуруҳдан чиқиб олсак, чорак финалда бизни кучли рақиб қарши олади. Менимча, «А» гуруҳидан ке-йинги босқичга Таиланднинг «Чонбури Блювейв» ҳамда Япониянинг «Нагоя Оушенс» клублари чиқишса керак. «Нагоя» ва «Чонбури»да Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати финалида ўйнаш тажрибаси бор. Ҳар иккиси бу йилги мусобақада ҳам ғолибликка даъвогарлик қилади. Мана, терма жамоамиз қитъа биринчилигида қандай салоҳиятга эгалигини кўрсатиб қўйди. Энди навбат клубимизга келди, менимча. Хуллас, клуб миқёсида ҳам қитъада ўрнимиз борлигини исботлашимиз шарт. Рақибларни ўрганиб, мусобақага юқори спорт формасида киришамиз, деб ўйлайман. Мен 2012 йили «Ардус» таркибида Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати кумуш медалини қўлга киритганман. «Олмалиқ» билан ҳам камида шу муваффақиятни такрорлаш ниятим йўқ эмас.
- Жамолиддин, келинг, энди болалик йилларингиз ҳақида суҳбатлашсак. Қизиқ, нима учун футбол эмас, футзални танлагансиз?
- Энди ҳар бир боланинг қизиқиши турлича бўлади. Менга шунчаки, футзал кўпроқ ёқарди. Кундан-кунга қизиқишим ортиб, футзал билан профессионал тарзда мунтазам шуғуллана бошладим. Тўғри, бошида катта футбол ҳам ўйнаганман. Лекин футзалга нисбатан меҳр кучлилик қилди, барибир. Футзални касб сифатида танлашимга Абдулла Бўриев сабабчидир. Қисқаси, бугунги кунда «Бунёдкор»га мураббийлик қилаётган Абдулла акага ҳавас қилиб, футзал билан жиддий шуғуллана бошлаганман. Бўриев Ўзбекистон терма жамоаси ва «Ардус» клубида катта ютуқларга эришган. Хусусан, бир неча йил давомида тўп-урарлик салоҳиятини намойиш этган. Ўзи аслида биз битта маҳалладанмиз. Қолаверса, маҳалламизда яна бир машҳур собиқ футзалчимиз Аҳад Юсупов яшарди. Унинг ўйинларига ҳам ҳавас қилардим. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи, деб топилган Абдулла Бўриевни алоҳида табриклайман. «Бунёдкор» жорий мавсум дарҳақиқат, жуда яхши ўйнади. Таркиби анча ёш эканлигига қарамай, кучли тўртликдан жой олди. Фақат, бронза медали учун кечган учрашувлар унга озгина тажриба етишмади. Энди ўзимга келсак, илк профессионал клубим - «Ардус» таркибида 9 йил ўйнадим. Мана, 2 йилдирки, «Олмалиқ» шарафини ҳимоя қиляпман. Кетма-кет 2 марта Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Футзалдаги илк мураббийларим - Абдужаббор Абдуғаффоров ва Александр Петров. Уларнинг қўл остида «Ардус» таркибида илк бор мамлакат чемпиони бўлдим. Ўша пайтдаги ҳис-ҳаяжонни ҳозир сўз билан тасвирлаб беролмайман. Фаолиятимда икки маротаба шундай ҳолатга тушганман. Бири - илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлганим, иккинчиси - жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган пайтим. Ҳар иккисида ҳам беихтиёр кўзимга ёш келганди.
- 2014 йили легионер сифатида Қозоғистон чемпионатида ўйнаб, катта тажриба тўпладингиз. Қўшни давлат биринчилиги савияси ҳақида нима дея оласиз?
- Қозоғистон чемпионати даражаси жуда баланд. Фикримни «Қайрат» жамоасининг сўнгги йилларда УЕФА кубоги турнирида қайд этаётган натижалари ҳам тасдиқлайди. Мана, бу клуб Европа чемпионлигига ҳам эришди. Умуман олганда, қозоқ жамоалари молиявий жиҳатдан анча барқарор. Ўзим Тараз шаҳрининг «СКА-Юг» клубида ўйнадим. Мен борган ўша 2014 йили Қозоғистон олий лигаси жамоалари сони қисқартирилди. Яъни чемпионатда аввалгидек 10та эмас, 8та жамоа иштирок этди. Маълум сабабларга кўра, «БТА-Футзал» ўз фаолиятини тўхтатди. Бу клуб таркибида бизнинг футзалчилар ҳам ўйнашганди. Шунингдек, Қирғизистоннинг «Дордой» клуби ҳам мусобақадан чиқиб кетди. Умумий айтганда, Қозоғистон лигаси легионерлар ҳисобига кучли. «Қайрат»дан ташқари, «Тулпор» ва «Аят» каби жамоалар чемпионат савиясини белгилаб беришади.
- Хўш, айнан молиявий томондан қарасак, ўз чемпионатимиз ва қозоқ лигаси ўртасидаги тафовут камаймоқдами?
- Олдинги йилларга қараганда, ҳа. Зеро, бизда ҳам жамоаларнинг моддий ҳолати анча барқарорлашмоқда. Тўғри, айни пайт ҳам қозоқ клублари нисбатан бойроқ.
- Авваллари Қозоғистон чемпионатида бир қатор футзалчиларимиз тўп суришарди. Ҳозир эса бундай эмас. Сабаби нима?
- Биринчи сабаб Қозоғистон чемпионатидаги кучли рақобат бўлса керак, менимча. Қолаверса, Ўзбекистон чемпионати савияси ҳам анча кўтарилди. Айтмоқчиманки, қўшни мамлакатга бориб, ўртамиёна клублар сафида ўйнашга ҳожат қолмади. Кейин пойтахтимизда Осиё чемпионати ўтказилганининг ҳам таъсири бор. Зеро, йигитларимиз учун хорижда ўйнашдан кўра, терма жамоа бош мураббийи кўз ўнгида бўлишгани муҳимроқ эди.
- Энди спортдан бироз четга чиқамиз. Бўш вақтни қандай ўтказасиз одатда?
- Балиқ овига қизиқишим жуда баланд. Бу ўзига хос хоббим. Айтганча, мени балиқ овига жамоадошим Жавлон Аноров қизиқтирди. Энди эса уни сира тинч қўймайман. Имконият туғилиши ҳамоно қўлга қармоқ олиб, Сирдарё бўйларига йўл оламиз.
- Энг йирик овингиз неча килограмм тош босганини айта оласизми?
- Адашмасам, бир сафар чамаси 10-11 килоли балиқ тутгандим. Ўшанда жамоадошларимиз билан 2 кунга балиқ овига чиққан эдик. Қизиқ томони, энг катта балиқ менинг қармоғимга илинганди.
- Уйда ҳам балиқ боқасизми?
- Йўқ. Ҳозирча бунинг иложи бўлмади. Лекин ниятим бор. Ахир аквариумда балиқлар ҳаракатини томоша қилиш орқали ҳордиқ чиқаришга нима етсин? Бу одамга мутлақо сокинлик бағишлайди.
МАЪЛУМОТ УЧУН
Жамолиддин ШАРИПОВ
Туғилган санаси ва манзили: 1985 йил 12 август, Тошкент шаҳри
Айни пайтдаги жамоаси: «Олмалиқ»
Ўйнаган жамоалари: «Ардус» - 2006-2013; «СКА-ЮГ» (Қозоғистон) - 2014; «Олмалиқ» - 2015-...
Ютуқлари: Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби - 2010, 2016; Осиё ўйинлари бронза медали соҳиби - 2007, 2009; Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби - 2012 («Ардус» билан); 5 карра Ўзбекистон чемпиони; 4 карра Ўзбекистон кубоги соҳиби
Оилавий ҳолати: уйланган, 2 нафар фарзанд (бир қиз ва бир ўғил)нинг отаси
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).