Шу йилнинг 13–30 октябрь кунлари Баҳрайнда 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган Жасур Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси 6–9 август кунлари ўтказиладиган Марказий Осиё Футбол Ассоциациаси Кубогида иштирок этади.
19 ёшгача бўлган футболчилардан тузилган терма жамоалар қатнашадиган турнирда Абдураимов шогирдларидан ташқари Афғонистон, Қирғизистон, Эрон, Тожикистон ҳамда Туркманистон жамоалари қатнашади. Ўйинлар "Жар" ҳамда "Пахтакор" стадионларида бўлиб ўтади.
Аввалроқ, ушбу мусобақа тақвимини расмий сайт орқали маълум қилган эдик.
Осиё чемпионатига тайёргарликнинг сўнгги босқичида эса ёшлар терма жамоаси Қатарда ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб, Қатар ёшларига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Эслатиб ўтамиз, 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси қуръа натижасига кўра “D” гуруҳидан жой олган. Гуруҳ босқичида ўзбекистонлик футболчилар Тожикистон, Австралия ва Хитой ёшлар жамоаси билан куч синашади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).