Жорий йилнинг 24 март куни афсонавий футболчи Йохан Кройф саратон касаллигидан 68 ёшида вафот этди. Фаолиятининг асосий қисмида «Аякс» ҳамда «Барселона» клубларида тўп сурган футболчи, 3 карра «Олтин тўп»ни қўлга киритган.
Мураббий сифатида ҳам бир қанча мусобақаларда зафар қучган ҳамда бугунги «Барселона»га тики-така услубини олиб кирган мураббий сифатида тарих зарварақларидан ўрин олган. Кройф 68 ёшида ўпка саратони ташхиси билан вафот этди.
Буюк футбол афсонаси ҳақида қизиқ маълумотлар:
Хе́ндрик Йо́ханнес Кройф (Круифф) 1947 йил 25 апрелда Амстердам шаҳрида дунёга келган.
2007 йилнинг 18 апрель куни таниқли футболчи ва мураббий 60 ёшни қарши олганида Амстердамнинг “Аякс” клуби маъмурияти шундай қарор қабул қилди: Жамоа Кройфнинг клуб олдидаги буюк хизматларига ҳурмат рамзи сифатида 14-рақамли спорт формасини “музлатиб” қўйди. Шундан буён мазкур рақамли формада ҳеч ким майдонга тушмайди.
Кройф “тотал футбол”ни олиб кирган мутахассис саналади. Ана шу услуб билан у “Аякс”да УЕФА Европа чемпионлари кубогини ва 8 бор Нидерландия чемпионлигини қўлга киритган.
1973 йилда Йохан Кройф ўз даврининг рекорд суммаси (922 минг фунт стерлинг) эвазига Испаниянинг “Барселона” жамоасига ўтди. Орадан бир йил ўтиб, Кройф “лолалар” таркибида Жаҳон чемпионати финалигача етиб борди. Мюнхендаги 75 200 мухлис кўз ўнгида ўтказилган финалда Голландия ГФР терма жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган.
Тўп билан енгил ва нозик муомала қилиш, майдондаги домий маневрлар Кройфга хос эди. У ўзининг кутилмаган финтлари ва қарорлари сабаб, “Учар голланд” деган лақаб олди. Рақиблар унинг қандай ҳаракат қилишини олдиндан ҳеч қачон била олмаган.
Унинг ўзига хос техник услубларидан бири–оёқнинг юз қисми билан бериладиган айланма зарба. Бундай зарбаларнинг траекториясини топиш жуда мушкул эди. Гоҳида бурчак тўпларини ана шундай бурама зарбалар билан тепиб, рақибларига ҳақиқий хавф туғдирар эди.
“Учар голланд”нинг яна бир неча лақаблари мавжуд: “Кроншаҳзода”, “Бутсали Пифагор”, “El Salvador” (Қутқарувчи).
Футбол тарихи ва статистикаси Халқаро федерацияси (IFFHS) Йохан Кройфни 20 асрнинг энг кучли футболчилари рўйҳатида Пеледан кейин иккинчи ўринда қайд этди.
Кройф доим бир хил—14 рақам остида майдонга тушган. Айнан шу рақам билан 17 ёшида “Аякс” таркибида дебют қилган.
Яратган унга чин иқтидор ва жисмоний қувват ато қилганди. Ўз даврида у 30 метрни 3,8 сонияда босиб ўтарди. Яна бир томони борки, у ўсмирлигидан сигарета чекишни ўрганиб олганди. Кунига бир қути чекарди. Шу сабаб 90-йиллар бошида соғлиги билан боғлиқ муаммо келиб чиққанда, шифокорлар унинг ҳаётини базўр сақлаб қолишган.
Йохан Кройф, айтиш мумкин бўлса, футбол ичида улғайган. Чунки унинг онаси “Аякс” клубида кир ювувчи бўлиб ишлаган. Шунинг учун унинг болалаги мазкур буюк жамоада кечган.
Йохан Кройф “Олтин тўп”ни кетма-кет 3 бор (1971, 1973 ва 1974 йил) қўлга киритган илк европалик футболчи саналади. Ундан сўнг мазкур натижани Мишель Платини ва Марко ван Бастен такрорлади.
2010 йилнинг 26 март куни Кройф “Барселона” клубининг фахрий Президенти, деб эълон қилинди.
Кройф Cruyff Classics оёқ кийимлар бренди асосчиси. Компания эркаклар ва аёллар учун спорт пойабзаллари савдоси билан шуғулланади.
Унинг ўғли Йорди Исроилнинг “Маккаби” футбол клуби спорт директори саналади.
Голлари:
204 та “Аякс”да (Амстердам, Голландия)
48та “Барселон”да (Барселона, Испания)
14 та “Лос-Анджелес Ацтекс”да (Лос-Анжелес, США)
12 та “Вашингтон Дипломатс”да (Вашингтон, США)
2 та “Леванте” (Валенсия, Испания)
11 та “Фейеноорд”да (Роттердам, Голландия)
Голланди терма жамоасида 33 та.
Кройф ва унинг олтин иборалари
«Футбол – жуда оддий ўйин. Яқинингда одам турганда 50 метр узоқликдаги шеригинга йўқотиш хавфи билан тўп оширишга не хожат? Энг яхши ғоялар—энг оддийси. Гол ўтказиб юборишни хоҳламайсизми? Унда тўпни шунчаки рақибга бермай, ўзингизда ушлаб туринг!»
«Кўчликнинг фикрича, хато қилиш—бу муаммо. Мен бундай ўйламайман. Бунинг маъноси шуки, хатолар бизни ҳар томонлама кучли қилади. Ўрганиш учун энг тўғри йўл—хатолар!»
«Кўп одамлар Месси ва Роналдуни солиштиришади. Улар мутлақо фарқли. Уларни таққослаш мумкин эмас. Иккови ҳам буюк ва бири-биридан бошқача. Шунинг учун улардан қай бири кучли, деб савол қўйиш нотўғри…”
«Яхши ва ёмон ўйинчи орасида қандай фарқ бор? Фикрлаш тезлигида. Агар сизда бу юқори бўлса, унда тўпга эгалик қилиб турган рақибни хато қилишга мажбур қилинг. Ва энг муҳими, хужумдан ҳимояга тез ўтиш ёки аксинча. Зеро, биринчи ҳимоячи—бу хужумчи! Ҳимоянинг дастлабки босими айнан ундан бошланади…»
«Яхши ривожланган индивдуал спорт турлари кўп. Агар биз футбол ва гольфни қиёслайдиган бўлсак, гольф ўйинчисининг ёрдамчи-ҳайдовчиси, зарбалар бўйича мураббийи бор. Футболда-чи? 15 одамга 1 нафар мураббий—бу абсурд!»
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).