«Манчестер Сити» ҳужумчиси Омар Мармуш жорий ёзги трансфер ойнасида жамоасини ўзгартириши мумкин.
Журналист Пит О’Руркнинг маълумотларига кўра, «шаҳарликлар» мисрлик футболчини 70 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёр. Ҳужумчи жорий мавсумда мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш борасида қийинчиликларга дуч келмоқда, шу сабабли у клубдан кетиш борасида қатъий туриб олиши мумкин.
Айни дамда «Астон Вилла» 26 ёшли футболчига жиддий қизиқиш билдирмоқда. «Шерлар» келаси мавсумда Чемпионлар Лигасида иштирок этишлари инобатга олинса, ҳужум чизиғини кучайтириш ниятидалар.
Маълумот учун, Омар Мармуш 2025 йилда Франкфуртнинг «Айнтрахт» клубидан 75 миллион евро эвазига «Манчестер Сити»га ўтган эди. Унинг амалдаги шартномаси 2029 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
Жорий мавсумда ҳужумчи «шаҳарликлар» сафида барча турнирларда 33 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 7 та гол ва 3 та голли узатмани ёздириб қўйди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).