Тошкентнинг «Обод» клубини бошқараётган мутахассис Жаъфар Ирисметов Россиянинг «Чемпионат» нашри билан суҳбатда бўлди. Асосан Москванинг «Спартак» клубидаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилган Ирисметов журналист Марк Бессоновнинг ўзбек футболи ҳақида саволига ҳам жавоб қайтарган.
«Ўзбекистон миллий терма жамоасининг амалдаги бош мураббийи Самвел Бабаян яқиндагина ‘Чемпионатъга интервью бериб, маҳаллий футбол ўсиб бораётгани ҳақида айтиб ўтганди. Чиндан ҳам шундайми?», — деб берилган саволга Ирисметов қуйидагича жавоб берди:
«Сизга айнан Самвел Вячеславович каби жавоб берайми ёки аслида мен қандай ўйлашимни айтайми? (кулади). Ўйлашимча, бизнинг футбол сўнгги йилларда ўсмаяпти, аксинча пастга қараб кетмоқда. Болалар ва ўсмирлар футболи оқсаётганини кўриш мумкин. Мана ёшлар мундиалига чиқа олмадик, ваҳоланки сўнгги йилларда жамоамизни Жаҳон Чемпионатларида кўришга ўрганиб қолгандик».
Шундан сўнг журналист «Ахир миллий терма жамоа Россия мундиалига чиқишга яқин-ку» қабилида савол берди:
«Тортишмайман. Бабаян натижа кўрсатмоқда, лекин Эронга қарши сўнгги ўйин муаммоларимизни кўрсатиб қўйди. Ўзбекистон термасига савияли футболчилар етишмайди. Аҳмедов ва Денисов футболни тугатгач, уларни ким алмаштиради? Мен ўз чемпионатимни яхши биламан, шу ерда ишлайман. Айтишим керакки, термани кучайтириши мумкин бўлган ҳеч ким йўқ», — деб таъкидлаган Ирисметов.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).