“Металлург” – “Нефтчи” жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин мезбонлар жамоаси бошлиғи Шавкат Саидов ўз фикрларини маълум қилди.
Шавкат Саидов, “Металлург” ФК жамоа бошлиғи: Чемпионатнинг охирги турини ўз мухлисларимиз қаршисида ўтказаётганлигимиз боис фақат ғалаба иштиёқида майдонга тушдик ва мақсадимизга эришдик. Бугун ўйинчиларимизнинг барчаси ўз зиммаларига юкланган вазифани мукаммал бажаришди.
Албатта, ҳисоб бундан-да йирикроқ кўриниш олиши ҳам мумкин эди. Агар футболчиларимиз яратилган вазиятлардан унумли фойдаланишганида, пенальтиларни аниқ амалга ошира олганимизда. Бевосита мавсум ҳақида ҳам фикримни қисқача баён этиб кетадиган бўлсам, чемпионатни муносиб ўтказдик, дея оламан. Баъзи учрашувларда кучни тўғри тақсимлай олмаганимиз, бемавруд очко йўқотиш сабаб еттинчи ўринга тушиб қолдик. Лекин бу ҳам ёмон натижа эмас. Мавсум давомидаги матбуот анжуманиларида таъкидлаб келдик, клуб олдига бу йил олтинчи-ўнинчи ўринлар оралиғидан жой эгаллаш вазифаси қўйилганди. Бу вазифани бажардик.
Энг муҳими чиройли, ҳужумкор ўйин намойиш этиб, мухлисларимизни хурсанд этдик. Чемпионат тўпурарлари рўйхатида иккинчи поғонадан жой эгаллаган Зоҳид Абдуллаев клуб рекордини янгилади. Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилди. Иқтидорли ёшларимиз Исломжон Қобилов, Жавоҳир Эсонқуловлар эса 19 ёшгача бўлган терма жамоамиз таркибида қитъа чемпионатида қатнашди.
Хуллас, бу йилги мавсумдаги иштирокдан кўнгил тўлди. Энди, яна икки кундан кейин Тошкентда тўпланамиз. Қишки таътил олдидан ўйинчиларга ажойиб мавсум учун миннатдорчилик билдирамиз. Тўкин дастурхон атрофида жамланиб, кейинги мавсум режалари ҳақида гаплашиб оламиз.
Бугунги учрашувдаги рақибларимиз – “Нефтчи” жамоаси ҳақида ҳам илиқ фикрларни билдираман. Фарғоналиклар ўз уйларидаги ўйинда ҳам, бугун Бекободда кечган учрашувда ҳам жиддий рақобат кўрсатишди. Бу клуб ўз номи, тарихига эга бўлган жамоа.
Ўйлайманки, “Нефтчи” қаддини яна тиклаб олди. Улар кейинги мавсумларда бемалол юксак натижаларни ҳал этишга қодир. Бу йўлда фарғоналикларга омад тилайман,
дейди Шавкат Саидов.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).