Яқинда ўзбек футболи тарбияланувчиси бўлган 23 ёшли Сергей Смородин Одессанинг «Черноморец» клуби билан шартнома имзолади. Ўтган ҳафта украиналик журналистлар ушбу футболчини суҳбатга тортиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
— Акцентсиз гапиряпсиз. Шунингдек, исм-шарифингиз ҳам ўзбекча эмас. Оилангиз қай тарзда Ўзбекистонга бориб қолган?
— Иккинчи жаҳон уруши бошланганда бувимнинг онасини Тошкентга эвакуация қилишган. Ота-онам айнан ўша ерда танишиб, турмуш қуришган. 1994 йили мен туғилганман. Орадан саккиз йил ўтиб, синглим туғилди.
Ўзбекистонда тил борасида умуман қийналмаганман. Мамлакатнинг кўп аҳолиси русчада бемалол гаплашаверади. Шунингдек, ўзбек тилини ҳам биламан. Балки аниқ гапира олмасман, аммо барчасини яхши тушунаман.
— Футболдаги илк қадамингиз ҳақида гапириб берсангиз?
— Отам машғулотларга олиб борганида саккиз ёшда эдим. У ишлайдиган ташкилотнинг иккинчи лигада ўз клуби бор эди. Шунингдек, бу жамоанинг болалар мактаби ҳам бўлган. Дастлабки машғулотларимни айнан ўша ерда ўтказганман.
— Дарвозабонлар учун одатий савол. Нима учун айнан шу позицияни танлагансиз?
- (кулади) Отам билан турли ўйинларга борганмиз. Дарвозабонларнинг ҳаракатларини кўриб, шуни истаганман. Балки уларнинг қўлқоплари бошқаларда йўқлиги таъсир ўтказгандир. Қолаверса, киперлар бўйларининг баландлиги билан ажралиб туришган.
Мен билан шуғулланадиган болалар орасида энг бўйдори ўзим эдим. Шунга бўлса керак, мураббий менга дарвозани қўриқлашни топширган. Менга ҳам бу позиция ёққан. Дадам ҳимояда ўйнагани учун дарвозабоннинг юки оғир бўлишини кўп айтган ва ўзимни ҳужумда синаб кўришимни таъкидлаган. Аммо фикримдан қайтмаганман.
— Айтганча, ота-онангиз футболчи бўлишингизга қандай муносабат билдиришган?
— Яхши. Отам нафақат футбол, балки бокс билан ҳам шуғулланган. Шунга бўлса керак, етти ёшлигимда қўл жанги секциясига олиб борган. Қандайдир жанг санъати билан шуғулланишимни истаган. Бироқ мени кўпроқ футбол қизиқтирган.
— Тошкентнинг «Бунёдкор» ёки «Локомотив» клубларидан бирини танлашингиз ҳам мумкин эди. Нима учун айнан «Пахтакор»га ўтгансиз?
— 10 ёшлигимда «Пахтакор» вакиллари ота-онам билан гаплашиб, ўз жамоаларига таклиф қилишган. Нафақат ўшанда, балки ҳозир ҳам шу клуб мактаби мамлакатда энг яхшиси ҳисобланади. «Пахтакор» академиясида ўқиш катта имкониятлар эшигини очади.
— Футбол мактабдаги ўқишларга салбий таъсир ўтказмаганми?
— Биринчидан, ўқитувчилар бизга имкон беришган. Иккинчидан, мураббийимиз ўқишимизни алоҳида назорат қиларди. Мисол учун, машғулотларга кундалик дафтарларимизни олиб келардик.
Агар бирор кишининг баҳоси паст бўлса, уни тўғрилашга жўнатарди. Ўзбекистонда 12 йиллик бепул таълим йўлга қўйилган. Шундан тўққиз йилини мактабда, қолган уч йилини эса коллеж ёки лицейда ўтказиш имконияти мавжуд. 7-синфгача ўрта мактабда ўқиганман.
Шундан сўнг олимпия захиралари спорт интернатида таҳсил олдим. 9-синфдан сўнг ўқишимни Олимпия захиралари коллежида давом эттирдим.
— «Пахтакор» академиясидаги даврингизда нималар кўпроқ эсда қолган?
— «Виктор Банников кубоги»нинг юбилей 10-турнирида кумуш медалларни қўлга киритганимиз ёдимда. Бу мусобақа 2007 йили бўлиб ўтганди. Мусобақадаги барча учрашувларда майдонга тушганман. Финалга қадар етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда Киевнинг «Динамо»сига 0:3 ҳисобида имкониятни бой бергандик.
— Болалар футболидан ўсмирлар футболига қандай ўтгансиз?
— Академияни якунлаганимдан сўнг «Пахтакор»нинг ўринбосарлар жамоасига жалб қилишди. 2012 йилни биринчи лигада иштирок этадиган «Пахтакор-2»да ўтказдим.
— «Пахтакор»нинг асосий ва ўринбосарлар жамоасида бирорта ҳам ўйин ўтказмай, «Андижон» таклифини қабул қилгансиз?
— «Пахтакор»нинг асосий таркибида мунтазам равишда терма жамоага чақириладиган икки нафар дарвозабон бор эди. Жуда ёш бўлганим учун ҳам асосийга киришим осон эмасди. 2013 йили биринчи лигага тушиб кетган «Андижон» ижарага олмоқчи бўлган. Андижонликлар олий лигага қайтишни мақсад қилишгани туфайли ушбу жамоа таклифини қабул қилганман. Жамоага учинчи дарвозабон сифатида қўшилдим.
Дастлабки икки турда асосий посбон қўпол хатоларга йўл қўйди. Бош мураббий Азамат Абдураимов иккинчи дарвозабонни синовдан ўтказишга қарор қилди. У ҳам бир-икки учрашувда ўзини кўрсата олмади. Натижада менда имконият туғилди. Абдураимовга ишончли ўйиним маъқул келди ва қолган барча учрашувларда қатнашдим. Хуллас, ўша мавсум олий лига йўлланмасини қўлга киритдик.
2014 йилги мавсум олдидан «Андижон» «Пахтакор»дан мени сотиб олди. Лекин ёш дарвозабонни асосий ўйинчига айлантиришдан чўчиб, тажрибалироқ посбонни таклиф қилди.
Тўғриси, бироз хафа бўлдим. Аммо мавсум охирида яна асосий таркибга киришга эришдим. Биринчи даврадан сўнг Абдураимовни лавозимидан озод этишди. Унинг ўрнини Ориф Маматказин эгаллашига қарамай, жадвалда пастга «шўнғиш» давом этаверди. Раҳбарият уни ҳам ишдан олди. Кейин Сергей Шевченко келди. Бироқ барибир, мени асосий дарвозабон сифатида кўришмади.
Терма жамоа билан Иорданияда йиғинда эдим. Дарвозабонлар мураббийи Борис Белошапка «Тайёргарлик кўр, кейинги турда майдонга тушасан», деб хабар жўнатди. Клуб ихтиёрига яхши кайфиятда қайтдим. Дебютга тайёргарлик кўраётгандим. Ўйинга бир кун қолганда, мураббийлар штаби кутилмаганда молиявий муаммолар туфайли истеъфога чиқди.
Кузда жамоани Эдгар Гесс қабул қилиб олди ва менга ишонч билдиришини айтди. Ниҳоят, олий лигадаги дебютим мавсум охирига келиб амалга ошди. «Андижон» охирги ўринни эгаллади. Аммо лигадаги жамоалар сони ортиши муносабати билан қуйи дивизионга тушиб кетмади.
— 2015 йили қай тарзда «Нефтчи»га бориб қолдингиз?
— Жамоа бош мураббийи Мурод Исмоилов мени ўз жамоасида кўришни хоҳлаган. Ўшанда Қозоғистондан ҳам таклиф олгандим. Аммо «Нефтчи» яхшигина пул эвазига мени «Андижон»дан сотиб олди.
Шунингдек, доимий ўйин амалиётига эга бўлишимга ваъда берди. Жамоа билан мавсумолди йиғинларда иштирок этдим. Лекин ўрнимга «Рубин»дан Евгений Черемисинни таклиф қилишди. Шундай бўлсада жамоадан кетмадим. Аммо мураббий бошқа фикрда экан. Ўйин борасида 2015 ва 2016 йиллар мавсумини йўқ деб ҳисобласам ҳам бўлаверади. Ўйнайсан, деб ишонтиришарди. Аммо фақат кубок ўйинларида майдонга туширишган.
— Ўзбек футболини ичидан билган инсон сифатида нима дея оласиз, ўсиш кузатиляптими?
— Юртимизда футбол ривожланяпти, деб бемалол айта оламан. Клублар ҳам ёш футболчиларга кўпроқ ишонч билдиришмоқда. Иқтидорлилар бошқа мамлакатлардан таклифлар олишмоқда. Мисол учун, «Бун-ёдкор» ҳужумчиларига Россия клублари қизиқишмоқда.
— Украина футболи ўзбек футболидан нимаси билан фарқ қилади?
— Украина футболи Европаникига яқинроқ. Бу ерда тактикага жиддий эътибор қаратилади.
— Сўнгги йилларда Украинада футбол даражаси бироз пасайди. Легионерлар ва ёш иқтидорлар кетиб қолишмоқда. Жамоалар йўқолиб кетяпти ёки молиявий имкониятлари анча пасаймоқда. Ўзбекистонда молиявий масала бўйича вазият қандай? Жамоалар қай тартибда кун кечиришади?
— Кўп нарса маҳаллий ҳокимият раҳбарларига боғлиқ. Нефть ва мобил алоқа компаниялари 5 ёки 6та клубга ҳомийлик қилишади. Умуман олганда, жамоаларни молиялаштириш жараёни ёмон эмас.
— «Черноморец» варианти қандай пайдо бўлди?
— «Нефчи» билан шартномам борлиги туфайли қишда бошқа иш жойи қидирмадим. Лекин омадим келиб қолди. Турмуш ўртоғим билан таътилни Киевда ўтказаётгандик. Одесса клубидан Евгений Боровик кетди.
Мураббийлар штаби эса мени кўрикка таклиф қилишди. Машғулотлар ва назорат ўйинларида ўзимни кўрсатишга интилдим. Ҳаракатларим маъқул келган шекилли, шартнома таклиф қилишди. «Нефчи» билан эса ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилдим.
— Ўзбекистондан илк бора ташқарига чиқяпсиз. Қийин бўлгандир?
— Албатта, уйни соғинаман. Аммо бу каби яхши таклифлар ҳар куни ҳам учрайвермайди.
— Бундан олдин Одессада бўлганмисиз?
— Йўқ. Лекин рафиқам Кривой Рогдан. У Киевда яшарди. Ўтган йили турмуш қурганмиз. Айни пайт Одессада бирга яшаяпмиз.
— Собиқ жамоаларингиз билан солиштирганда, «Черноморец»нинг инфратузилмаси қандай?
— «Пахтакор»нинг базаси ёмон эмас. Лекин «Черноморец»нинг базаси Тошкентда бўлганида, мамлакатдаги энг яхшиларидан бири бўларди.
— Биринчи жамоада икки нафар украиналик голкипер бор. Сиздан асосий таркибга кириш ва легионер сифатида улардан кучлироқ бўлиш талаб этилади. Бу ҳолат сизни хавотирга солмаяптими?
— Тўғрисини айтсам, йўқ. Таклиф тушган куни бу ҳақда ўйлагандим. Ҳар ҳолда Украинада дарвозабонлар мактаби анча кучли. Лекин машғулотлар пайтида барча шубҳалар йўқолиб кетади. Шундай экан, рақобатга тайёрман.
— Ўзингизни кучли тарафингиз қайси деб ҳисоблайсиз?
— Энг муҳими - тажриба тўплашим керак. Қолгани ўз-ўзидан келаверади.
— Саволдан усталарча қочдингиз.
— (кулади) Тўғриси, бундай саволларни ёқтирмайман. Кучли тарафимни айтиб, мақтанмоқчи эмасман. Кучсиз тарафимни биламан. Лекин уни ошкор қилиш ниятим йўқ. Бу борада мураббий билан ишлаяпмиз. Аста-секинлик билан оптимал формага кириб боряпман.
— Бўйингиз баландлигини ҳисобга олсак, тўпга чиқишларни кучли тарафингиз, деб ҳисобласак бўладими?
— Машғулотлар туфайли бу борада ўзимни эркин ҳис қиламан.
— Нима учун 30-рақамни танладингиз?
— Бу менинг севимли рақамим. Ҳаттоки, «Андижон»да ҳам танловим шу бўлган.
— Айтганча, бир неча йил олдин «Черноморец»да ҳамюртингиз тўп сурган. Кимлигини биласизми?
— Эслай олмаяпман. Ким эди?
— Максим Шацких. У билан шахсан танишмисиз?
— Бир неча бор кўришганмиз, саломлашганмиз, шу, холос. Бизда у - афсона. Лекин ҳозирда ўзбекистонлик футбол мухлислари кўпроқ Виталий Денисовга эътибор қаратишади. У билан шахсан танишман. Виталий «Днепр»да ўйнаган пайтлари ҳақида гапириб берганди.
— Ўзбекистоннинг ёшлар жамоаларида қанча ўйнагансиз?
- Илк марта 14 ёшлигимда Ўзбекистон термасига чақиришган. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари сафида ўртоқлик учрашувларида иштирок этганман. 2009 йили Малайзияда саралаш баҳсларида қатнашиб, Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритганмиз.
2010 йили U-16 Осиё чемпионати Тошкентда бўлиб ўтган. Ўшанда финалда КХДРга 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни олгандик. 2011 йили эса Мексикада бўлиб ўтган U-17 жаҳон чемпионатида қатнашганмиз. Ўшанда кўпчилик имкониятларимизни паст баҳолаганди, лекин биз чорак финалгача чиққанмиз. Мазкур мусобақага иккинчи дарвозабон сифатида борганман.
— «Черноморец»даги мақсадларингиз қандай?
— Бу ердаги яхши ўйинларим билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаяннинг эътиборини қозонмоқчиман.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).