«Реал»нинг туркиялик умидли ярим ҳимоячиси Арда Гюлернинг мақтовга сазовор икки хислати бор: ҳаётда камтарин, табиатан самимий ва бироз тортинчоқ бўлса, майдонга тушганида ҳақиқий жангчига айланади. Бу икки жиҳат унинг Мадрид клубида катта мавқега эга бўлишида муҳим рол ўйнамоқда. 20 ёшли футболчи айниқса, жорий мавсум Хаби Алонсо қўл остида янада феноменал ўйин намойиш этмоқда. Яқинда у L~Equipe нашрига берган интервьюсида «Реал»даги босим, Алонсо билан муносабати ва келажак режалари ҳақида сўз юритди.
— Камтаргина Туркия футболидан «Реал»дек катта жамоага ўтиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Сиздан нафақат ватандошларингиз, балки бутун дунёдаги «Мадрид» ишқибозларининг умиди катта. Бундай вазиятда босимга қандай дош беряпсиз?
— Аслини олганда, менга шундай эътибор ниқоятда керак. Лекин атрофимдаги воқеликларни ҳеч қачон босим сифатида кўрмаганман. Чунки бундай ёндашув ўз ишимни қийинлаштириши мумкин. Албатта, масъулият бор ва кундан-кунга салоҳиятимни яхшилаш, даражамни ошириб боришга ҳаракат қиламан. Хуллас, амбиция ҳамда интилиш етарли. Асосийси ўз имкониятларим даражасида ўйин кўрсатиш ва ўзлигимга хос бўлмаган инсон бўлишга уринмаслик.
— Жорий мавсум «Реал»даги ишларингиз кутилганидан ҳам яхшироқ давом этмоқда. Айниқса рақиб жарима майдони атрофидаги стандарт вазиятларни сизга ишониб топширилаётганлиги катта ютуқ. Хўш, қисқа давр ичида бунга қандай эришдингиз?
— Менимча, бундай имкониятга одатий машғулотлар якунлангач, алоҳида тарзда жарима зарбаларини амалга оширишни машқ қилиш орқали эга бўлдим. Чунки билардимки, бу борада ўз устимда қанча кўп шуғуллансам, ўйин вақти рақиб дарвозаси яқинидаги жарима зарбаларини ижро этиш учун шерикларимдан тўпни сўраш шунча осонроқ бўлади. Лекин уни талаб қилиш ва бошқаларни ҳурмат қилиш ўртасидаги мувозанатни топишни ҳам билиш керак эди. Айтайлик, ўтган мавсум Лука Модрич стандартлардан фойдаланмоқчи бўлса, ҳеч қандай қаршилик билдирмасдан унга имконият беришга одатлангандик.
— Айтганча, Модрич билан муносабатларингиз қай даражада илиқлиги жуда кўп бор тилга олинганди...
— Ҳа албатта, Модрич билан кечган биринчи суҳбатимиз чоғида мен уни «Лука Аби» деб атагандим. Чунки болалигимизда бизга катталарнинг исмларига «Аби» (катта ака) сўзини қўшиб чақиришни ўргатишган. Туркларга хос маданиятга кўра, уларни шунчаки исмлари билан чақириб бўлмайди. Ўз навбатида Модрич ҳам менга нисбатан жуда илиқ муносабатда бўлди ва жамоа ўйинига мослашиб кетишимда қўлидан келганича ёрдам берди.
— Фаолиятингизни айни ўтиш босқичида «Реал»дек катта жамоа сафида ўз имкониятига эга бўлиш учун курашиш маълум жисмоний муаммоларни келтириб чиқаргандир?
— Йўқ, унчалик эмас. Чунки аввалданоқ дунёдаги энг катта клубга кўчиб ўтаётганлигимни билардим ва бунга ҳар томонлама тайёр эдим. Айтиш керак, «Мадрид»даги биринчи машғулотимдан бошлаб бу жамоа сафида бемалол ўйнаб кетиш учун етарли салоҳиятим борлигини англагандим. Хуллас, «Реал»да муваффақият қозонишимга ҳеч қачон шубҳа қилмаганман. Жуни Калафат («Мадрид» скаути, селекционер мураббий) эса, бу борадаги режаларни аниқ тушунтирганди: «Биринчи йил қийин бўлади, чунки фақатгина Туркия футболидан хабардор йигитча учун бундан бошқача бўлиши мумкин эмас». У шунингдек, менинг муваффақиятларим Модрич ва Кроосдан кейинги даврга тўғри келишини очиқ-ойдин таъкидлаганди. Кўриб турганингиздек, барчаси олдиндан кўзланган муайян мақсад ва режа остида амалга ошди. Бу давр ичида эса жамоадошларимдан жуда кўп нарса ўргандим.
— Анчелотти сизни энг муҳим ўйинларда майдонга туширмагани Туркияда жуда катта шов-шув келтириб чиқарганди...
— Дон Карло нафақат «Реал», балки жаҳон футболи тарихидаги энг тажрибали мураббийлардан бири ҳисобланади. Шундай экан, унинг қарорлари ортиқча муҳокама қилинмаслиги керак. Унутманг, у ОАВ билан мулоқотда ҳамиша мени вақти келиб дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири бўлишимни айтиб келган. Давиде (Ачелоттининг ўғли ва ёрдамчиси) эса ҳар доим ривожланишимда ёрдам беришга ҳаракат қилган. Бир сўз билан айтганда, мен улардан доимо миннатдорман.
— Кўриниб турибдики, Алонсо билан муносабатларингиз анча яхши...
— Албатта, бош мураббийимиз билан биринчи марта гаплашганимда у: «Биламан, сенда инстинктив ўйин бор, майдонда ҳақиқий жангчисан, сенга ишонаман», деганди. Ўз навбатида мен ҳам Алонсонинг режаларига тўлиқ ишонаман: агар у кейинги ўйинда дарвозабон сифатида ўйнашимни сўраса, дарҳол дўконга бориб қўлқоп сотиб оламан.
— Ҳозир кўпчилик Мбаппе билан ҳамкорлигингизни Ўзил ва Криштиану дуэти билан таққослашмоқда...
— Ооо бу нақадар ёқимли таққослаш. Тан олиш керак, улар чиндан ҳам «Реал»да катта ютуқларга эришишди. Лекин унутмаслик керакки, буюк ғалабалар ҳар доим жамоа сифатида қўлга киритилади, фақат икки ўйинчи эмас. Демоқчиманки, барчамиз шунчаки мана шу оиланинг бир қисмимиз холос. Килиан ҳақида гапирадиган бўлсам, биз у билан майдонда бир-биримизни мукаммал тушунамиз ва вазиятларни ҳал қилишда баъзан биргина қараб қўйишнинг ўзи кифоя қилади.
— Мбаппенинг мақтовга сазовор ўйин услуби шундаки, у вазиятга қараб рақиб жарима майдони атрофидан узоқлашади ҳамда янгитдан ҳужум ташкил қилиш учун майдон марказигача етиб келади...
— Менимча, биз унга хоҳлаган жойида ўйнаш эркинлигини беришимиз керак. Чунки Килианнинг истеъдоди майдонда ўзи истаган ишни қилиш ҳуқуқини беради. Агар у марказга қадар етиб келса, буни шунчаки қилмайди. Аксинча, ўйин динамикаси нимага муҳтожлигини тушунган ҳолда шундай қарорга келади.
— Сизда аллақачон битта ЕЧЛ кубоги бор. Аммо «шалпангқулоқ»ни яна бир бор ютиш учун иштиёқ қай даражада?
— Очиғи, «Реал» сафидаги дастлабки мавсумим ЕЧЛда ғолиб чиққан бўлсакда, мен бу совринни ўзимники, деб қабул қилмайман. Чунки ўша йилги турнирда бир дақиқа ҳам ўйнамагандим. Агар танлов қилиш имконияти берилса мен у чемпионликдан воз кечиб, галдаги ЕЧЛда муваффақият қозонишни танлаган бўлардим. Жорий йилги асосий мақсадларимдан бири ҳам шу аслида. Тўғриси, «Мадрид»даги ғалабаларим орқали туркиялик ёш футболчиларга ўрнак бўлишни, «Арда буни уддалади, мен ҳам қила оламан» дейишларини кўришни истайман.
Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).