Франциянинг «Лион» клуби президенти Жан-Мишель Оляс Европа лигасидан жой олган «Бешиктош»га қарши ўйин олдидан келиб чиққан тартибсизлик бўйича изоҳ берди.
«Бир қатор мухлисларимиз жиддий жароҳат олди. Туркиялик мухлислар пиротехника воситаларини улоқтира бошлагач, уларда стадионга югуриб чиқишдан ўзга йўл қолмаганди. Йўқса улар ҳақиқий тузоқда қолиб кетиши мумкин эди.
«Тартибсизлик келтириб чиқарган мухлислар жуда яхши уюшганди. Уларнинг айримлари ўйинни кўриш учун Германиядан етиб келган. Ваҳоланки, улар расман бу ерда бўлиши керак эмасди. Бироқ кимдир уларга чипта сотган.
«Мен «Лион»даги бу воқеадан кейин ўйин ўтишига умуман ишонмай ҳам қўйгандим. Шунга қарамай, биз мухлисларни ўйин ўтади деб тинчлантиришга уриндик. Мана шу ишимиз учун биз иккинчи бўлимда мукофотландик. Тақдир бизга шу йўл билан ғалаба тортиқ қилди. Биз бу билан шаклланган клуб эканимизни исботлай олдик» - деди Жан-Мишель Оляс, «Лион» президенти.
Франция нашрларининг қайд этишича, вазият қалтис бўлишига қарамай клуб президенти мухлислар қочаётган трибунага қараб йўл олган ва вазиятни назорат қилишга уринган. Шундай бўлса-да, франциялик бир қатор мухлислар стадиондан қочиб чиқишга улгурганди.
«Бешиктош» мухлислари келтириб чиқарган тартибсизликка қарамай, ўйин кечроқ бўлса-да бўлиб ўтди ва унда «Лион» сўнгги ўн дақиқада урилган икки гол сабаб иродали ғалабани қўлга киритди — 2:1.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).