«Советский спорт» нашри Германия терма жамоаси ва Мюнхеннинг «Бавария» клуби ярим ҳимоячиси - Йозуа (Йосуа) Киммихнинг ҳаёти ва футболдаги фаолияти ҳақида тўхталади.
Ойнанинг чил-чил сингани атрофни тутади. Биз айбдорларча бир-биримизга қарадик. Бу товушни ойимиз жуда яхши билар ҳатто нима бўлганини ва бу қандай юз берганини сўрамасди ҳам. У шунчаки кўчага чиқарди-да, бизга қарарди:
«Хўш, бу сафар ким айбдор?»
Мен немисларнинг чоғдеккина қишлоғи - Безингенда, Шварцвальд ва Штутгарт замини марказида таваллуд топдим. Чоғдеккина деганимда мен ҳақиқатан ҳам кичиккина қишлоқни назарда тутгандим - унда 1700 нафар аҳоли яшарди. Ҳаммамиз футболни яхши кўрардик, аммо биз болалар учун футбол ўйнайдиган майдоннинг ўзи йўқ эди. Бунинг оқибатида эса, уйимиз деразаларидаги ойналар жабр кўрарди.
Ёзда биз ота-онамиз боғига чиқардик ва онамнинг гуллари биз кўнгил очадиган нарсага айланарди. Қишда эса, уйимиз олдидаги кўчага кўчардик, аммо шунда ҳам ойналар хавф остида бўларди.
Ота-онамнинг боғи мен футбол ўйнашни ўрганган ва уни севиб қолган жой эди. 4-5 ёшлигимда дадам билан ўша ерга йўл олардик ва у менга тўп оширишни, ўнг ва чап оёқда ўйнашни ўргатарди. Улғайганим сари у ерга дўстларим билан футбол ўйнаш учун йиғила бошлардик.
Адашмасам, 7 ёшдалигимда ҳар сафар бир деразадаги ойнани аниқ мўлжалга ола бошлагандим. Орадан маълум фурсат ўтгач, ота-онам бунга чек қўйиш керак, деган қарорга келишди. Бир куни уйга қайтганимда уйимиз олдида бир жуфт футбол дарвозаси турганига кўзим тушди. Маълум бўлишича, маҳаллий футбол клубига бу жиҳозлар керак бўлмай қолган, шу боис ота-онам уни мен учун олиб келишган экан. Дадам эгасиз ётган ерга мени бошлаб борди ва шундай деди: «Болалар билан энди шу ерда тўп тепасизлар».
Шу тариқа ўзимизнинг футбол майдонимиз пайдо бўлди. Бутун бир майдон фақат бизгагина тегишли эди. Мактабдан кейинги оқшомни ва дам олиш кунларини биз ўша ерда ўтказа бошладик. Ҳатто ўз «стадион»имиз учун трибуналар ҳам ясадик. Яқиндагина уй қурган қўшнимизда бир қанча тупроқ ва ёғоч маҳсулотлари ортиб қолган эди ва биз уларни исроф қилмасликка қарор қилгандик-да. Мақсадимиз одамлар бизнинг ўйинимизни томоша қилишини, қайсидир бир жамоага мухлислик қилишини хоҳлаш эди, чунки барчамиз ўзимизни профессионал футболчи деб ҳисоблардик. Келажакдаги орзуимиз эди, бу.
Майдонга вақт ўтгани сайин ортиб бораётган футбол коллекциямдаги либосларни кийиб тушардим: Зидан, Швайнштайгер ёки Томаш Росицки футболкаларини. Ўзимни трибуналари мухлислар билан тўлган стадионда ўйнаётгандай ҳис қилардим, мени олқишлаётган фанатлар кийимида эса KIMMICH ёзуви муҳрланган бўларди.
Аммо кунларнинг бирида бу ҳам барҳам топди. Зеро, қишлоғимиздаги барча одамлар мен ва дўстларим каби футбол ишқи билан яшамасди. Ота-онам қишлоқдошларимиздан бири бу ерни сотиб олганини ва тез орада қурилиш бошлаш ниятидалигини айтди. Ўшанда мен жуда кичкина бўлганим боис ўйингоҳ бизга тегишли эмаслигини тушунмасдим. Роса жаҳлим чиқди, аччиқландим. Чунки, бу майдон бизники эди, трибуналар бизники эди. Уйимиз ётоқхонасидаги деразадан ўйингоҳимиз томон йўл олган қурилиш материаллари ортилган юк машиналарини кузатдим, катта меҳнатимиз эвазига барпо қилинган стадионимизни яксон қилишаётганида кўзларимга ёш келди. Ва, ниҳоят, ўйингоҳимиз ўрнида сунъий кўл ва боғ барпо қилишди.
Юракни ларзага солувчи воқеа бўлганди, бу.
Қўшни қишлоқда яшаган бобом бизни футболга бўлган меҳримизни қутқарувчи бўлди. Унинг уйи олдида қаровсиз ер бўлиб, биз ўйингоҳимиздаги барча нарсаларни ўша ерга кўчирдик, кичкинагина уй барпо этдик ва яна кечгача тўп тепиш имконига эга бўлдик. Футбол мен учун аҳамиятга эга бўлган ягона нарса эди. Дўстларим билан футбол ўйнамаган пайтларимда маҳаллий клуб ёшлари билан машғулотларда қатнашардим. Бир сафар ҳудуддаги энг яхши клуб ёшларидан иборат бўлган «Штутгарт»га қарши тўп сурдик. Ушбу клубда кўпгина профессионал футболчилар ўз карьераларини бошлашган. Ўша баҳсда мен 3та гол урдим ва биз 3:2 ҳисобида ғалаба қозондик.
Аммо «Штутгарт» мени ўз сафида кўриш истагида ота-онамга таклиф билан чиққанида улар рад жавобини беришди. Ўшанда эндигина 8 ёшда эдим ва бу таклиф қабул қилинганида мен ҳар куни қўшни шаҳарга 2 соат машинада қатнашимга тўғри келарди. Аммо хафа бўлмадим, зеро шундоқ ҳам аъло жамоада тўп сурар ва кутилмаганда катта академияга тушиб қолиш ҳар доим ҳам ижобий натижага олиб келмаслигини тушунардим. 8 ёшида шундай академияга олиб кетилган болакай орадан 2 йил ўтгач у ердан ҳайдалгани ҳақида ҳам эшитгандим.
Мен эса ҳар доим майдонга тушишим мумкин бўлган, ўсишда давом этишимда ёрдам берадиган жойда қолишни истардим. Аммо кейинги 3 йил давомида ҳам «Штутгард» ўз таклифи билан ота-онамга мурожаат қилишда давом этди. Улар бизни ҳатто ўз базаларига келиб, шароитлар билан танишишга таклиф қилишди ҳам.
Аммо ота-онамнинг қарорлари қатъий эди.
«Агар уларга бирор нарса керак бўлса, марҳамат, ўзлари келишсин», - дерди отам.
Билишимча, улар отамнинг бу сўзларини борича қабул қилишди шекилли, тез орада эшигимизни «Штутгарт» академияси директорининг шахсан ўзи тақиллатди. У таклиф устида яна бир неча кун ўйлаб кўришни айтди. Ота-онам ҳам бир неча ҳафта олдин бешинчи бор Германия чемпионлигини расмийлаштирган клубнинг бир қисмига айланиш қандай шараф ва ўғиллари учун энг яхши вариант эканлигини тушуниб етишганди. Шу тариқа икки йил давомида отам мени Штутгартга олиб бориб юрди. Бу эса осонмасди: ҳар куни эрталаб соат 7да уйқудан турар ва кеч соат 10да уйга қайтардим. Уй вазифасини машинада тайёрлашга ва қоронғу тунгача ўқишимга тўғри келарди. Ниманидир алмаштириш пайти келганди.
Айнан ўшанда менга доимий равишда «Штутгарт» академиясига ўтишни таклиф қилиб қолишди. Ҳар йили клуб 18 нафар янги ўйинчиларни жалб қилар ва мен уларнинг бири бўлишим мумкин эди. Аммо бу уйдан кетишим кераклигини ҳам англатарди. Мен бу ҳақда ота-онам билан гаплашганимда улар шундай қилиш энг аввало, ўзимга фойдалигини айтишди. Шу тариқа нарсаларни йиғиштириб машинага жойладик-да, академияга йўл олдик. Ойим хайрлашаётган чоғимизда кўз ёшларини аранг тийиб турардилар, боиси улар йиғлаётганликларини кўришимни истамасдилар. Мен ҳам шундай қилишга интилардим.
Мен билан шу ерлик яна бир бола ҳам бор эди ва биз «Штутгарт»даги энг кичкина футболчилар эдик - 14 ёшда. Интернат бўйлаб айланиб чиқишни ва янги дўстлар орттиришни истардик. «Салом! Мен Йосуаман!», — дердим мен ўзимни дўстлардай тутишга интиларканман, аммо юрагим қўрқувга тўла эди.
Кўп ўтмай мен академиядаги ёш ўйинчилар қандай яшашини тушундим: улар ошхонани тозалашар, ҳамма овқатланиб бўлгач эса столларни ювишарди. Аммо буларнинг барчаси дарс ва машғулотлар ўртасидаги танаффусларда футбол ўйнаш имкони яратилганидан билинмасди. Академияда ўтган 4 йиллик ҳаётим давомида мен янада кўпроғига эришишим кераклигини англадим. Ўшанда ёшим 18да эди ва ўзимни «Штутгарт»нинг иккинчи жамоасида - немисларнинг 3-лигасида тўп суришга тайёрлигимни билардим. Аммо клубда бошқача ўйлашарди.
«Ҳозирча жисмоний тарафдан бунга тайёр эмассан», - дейишди мураббийлар ва яна шуни қўшимча қилишди: «Ёшлар жамоасида яна бир йил ўйнашинг лозим». Профессионал жамоада позициямда мендан яхшироқ ўйнайдиган бир нечта футболчи бор экан.
«Сенда уларни таркибдан сиқиб чиқариш имкони йўқ».
Аммо мен тайёрлигимни, ягона имкон берилса баслигини билардим. Ҳаммага майдонда нималарга қодирлигимни кўрсатгим келарди. Агар бу жамоада менга ишонишмас экан, бошқа клубни топишга қарор қилгандим.
Ўша пайтларда мен англаб етган энг муҳим нарса, бу футболчи карьерасида унга ишонадиган менеджер ва мураббийнинг бирдай муҳим аҳамият касб этиши бўлди. Маълум бўлишича, ўшанда - уйимизга мени «Штутгарт»га ўтишимни истаб келган жамоа академияси директори бошқа клубга - «РБ Лейпциг»га ўтиб кетган экан. Мен жамоа спорт директори Ральф Рангник билан учрашдим. У Европа футболида кўпчилик ҳурмат қиладиган етук ва эртаси порлоқ мутахассис ҳисобланарди. Айнан Ральф кўпчилик ёш иқтидор эгалари билан ишлаганидан ҳам хабардор эдим. Аммо Лейпциг уйимиздан янада узоқ эди, бироқ мен профессионаллар билан ўйнашни истардим. Биз яна оила аъзоларимиз билан бу масалани муҳокама этдик.
Ральф ва клуб томонидан ишонч билдирилгач, шундай имкон туғилганда нега ундан фойдаланмаслигим керак, деган қарорга келдим. Бу ҳаётимдаги энг мураккаб давр эди.
«Лейпциг»га мен жароҳат билан ўтган ва қачон жисмоний томондан тўлиқ тикланишимни билмасдим. Тўрт ой даволанишга кетди, лекин ҳамон жамоа билан бирга тайёрланолмас, якка тартибда шуғулланардим. Жамоадошларим билан танишиш имкони ҳам менда йўқ эди. Уйдан 550 км. узоқдаги меҳмонхонада турардим. Фақат телевизор, ноутбук ва мобиль телефоним бор эди, холос. Ҳар куни уйга қўнғироқ қилардим.
«Хоҳласанг ёнингга бораман ва бир неча ҳафта бирга турамиз», - дерди онам.
Барча мураккабликларга қарамай бу даврни бошдан ўтказишим лозимлигини билардим. Жароҳатимни тузатишим ва ҳаммага нимага қодирлигимни кўрсатишим шарт эди. Шу тариқа аста-секин майдонга қайтдим, жамоадошларим билан танишдим. Бир неча ойдан кейин биз «Штутгарт»га қарши майдонга тушдик. Ўша даврга бориб мен мутлақо соғайиб кетган ва ҳатто бир неча баҳсларда майдонга тушишга ҳам улгургандим. Шу боис, асосий таркибда тўп сурдим. Ўша учрашувда биз ғалаба қозондик. Боримни бериб ўйнагандим ва билдирилган ишончни оқлай билгандим. Мен учинчи лигада ўйнардим, профессионал футболчи эдим. Ҳаммаси ўйлаганимдан ҳам аъло борарди. «Лейпциг»да мен бирга тўп сурган йигитлар 19 ёшли жамоалар ўртасида Европа биринчилигини қўлга киритишганди ва ўша мавсумда биз 2-лигага кўтарилдик. Январда эса агентим қўнғироқ қилди.
«Мюнхеннинг «Бавария»си сени ўз сафида кўришни истаётганига нима дейсан?»
- Кечирасиз, нима? Аммо бунинг имкони йўқ.
- Йосуа, улар сени сотиб олишмоқчи.
Мен агентга ишонмасдим.
- Мен бу гапни менеджердан эшитмоқчи эдим, - дедим мен.
Футбол тарихидаги энг таниқли клублардан бири мени сотиб олмоқчи? Икки ҳафтадан сўнг мен бу гапни «Бавария» офисидаги конференц-залда Пеп Гвардиола билан учрашувни кутганча ўтирганимда менеджердан эшитдим.
Авваллари Пепни фақат телевизорда кўргандим. Шу боис, аввалига роса ҳаяжонландим, лекин у менга ишонишини англагач, «Бавария»да ўйнашни истаётганимни тушундим. Пеп кучли ва заиф томонларимни гапираркан, менга ёрдам бермоқчилигини таъкидлади: «Сени жамоамда кўришни хоҳлайман», - деди у. Бу сонияларни асло унутмайман.
Пеп ва «Бавария» менда ниманидир кўришаётганлигини англар ва буни исботлашни, улар хато қилмаётганликларини кўрсатишни хоҳлардим.
Сизга қандай туюлади билмадим-у, аммо ўтган йил орзулар рўёбга чиққан йил бўлди. Ёшим эндигина 21да, аммо ҳар куни жаҳон футболининг энг яхши ўйинчилари билан елкама-елка майдонда тўп сураман. Жаҳон биринчилиги, Европа ва Чемпионлар Лигаси ғолиблари жамоадошларимдир.
Албатта, «Альянц-Арена»даги биринчи ўйиним олдидан босимни сездим, ҳаяжонландим - ахир, Мануэл Нойер, Томас Мюллер, Филипп Лам, Жером Боатенг ва бошқа йигитлар билан ўйнаш катта масъулият. Мухлислар ҳам бор. Ҳар ҳафта 75000 минг томошабин «Альянц-Арена»ни лиқ тўлдиради. Болалигимда «Бавария» ўйинларини томоша қилгани отам билан бирга борардим, аммо ҳеч қачон катта стадионларда тўп сурмагандим. Бу - ажойиб. Барчаси ҳайратланарли. Ўн йилдан сўнг отам бу трибуналарга «Бавария» сафида биринчи учрашувимни томоша қилиш учун қайтди. Мен Чемпионлар Лигасида ўйнадим, бундеслигада ғолиб бўлдим - бу мўъжиза эди.
Баъзида дўстларим билан Безинген стадионидаги учрашувлар ва номимни олқишлаётган фанатлар ҳақида ўйлайман. Бугун мен билан содир бўлаётган воқеалар ҳақида ўшанда ҳатто тасаввур ҳам қилолмасдим.
Ўтган йил ёзини уйда ўтказдим. Барча менинг ўтган мавсумдаги ҳамда Европа чемпионатидаги муваффақиятларимдан хурсанд эканликгини кўрдим. Мен учун, барча учун ҳам номим Евро-2016 рамзий термасидан жой олгани кутилмаган воқеа бўлди. Мазкур термадан, шунингдек, «Бавария»даги жамоадошим Жером Боатенг ва Антуан Гризманн ҳамда Криштиану Роналдулар ҳам ўрин олишганди.
Мўъжазгина қишлоқдаги баъзи нарсалар ҳеч қачон ўзгармайди. Бу ерда доим футбол деса барча нарса унутилади, болалар эса футбол либосларида тўп тепишда давом этаверишади. Аммо, барибир, нималардир ўзгарган. Бизнинг ўйингоҳимиз энди йўқ. Бироқ дарвозаларнинг бири бобомнинг уйига олиб бориб қўйилибди, у ерда боғ бор ва дарвоза учун жой ҳамиша топилади.
Бобом бу нарсани кичик жияним учун асраяпти, зеро у ҳам келажакда профессионал футболчи бўлишга аҳд қилган. Ҳозирча тўп узатишни ва зарба беришни ўрганяпти - дастлаб чап оёқда, кейин ўнгида. Устида эса Мюнхеннинг «Бавария» клуби либоси ва унга KIMMICH деб ёзиб қўйилган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).