Миллионлар ўйини тарихида кузатилган кўплаб воқеалар ҳали-ҳануз мухлисларни ҳайратлантириб келади. Айниқса, афсонага айланган футболчилар ҳақидаги маълумотлар баъзан кишилар юзига табассум югуртирса, бошқа сафар ғамгинликка сабаб бўлади. Бугун худди шундай фактлар ҳақида сўз юритамиз.
ГАРРИНЧА
Бразилия азалдан кўплаб буюк футболчиларни дунёга танитган - Пеледан тортиб, Зикогача, Ромариодан Роналдогача, улар орасида Роналдиньо ва Неймар ҳам бор. Шунингдек, ушбу рўйхатга Гарринчани ҳам киритиш мумкин. Тўлиқ исм-шарифи Мануэль Франсиску дус Сантус бўлган истеъдодли вингернинг ҳаётида диққатга молик воқеалар кузатилган. У полиомиелит хасталиги таъсирида кўплаб нуқсонларга йўлиққан. Хусусан, умуртқа деформациясидан азият чеккан, қолаверса, бир оёғи иккинчисидан олти сантиметр калта эди. Шифокорлар Гарринчанинг бинойидек қадам қў-йишига шубҳа остида қарай бошлаган пайтда у профессионал футболчига айланди.
Жорж БЕСТ
Шимолий Ирландия футбол афсоналари етиштириш билан мақтана олмайди. Аммо ушбу мамлакатдан чиққан Жорж Бестнинг буюклиги шубҳадан холи. Буни қарангки, «Манчестер Юнайтед»даги фаолияти орқали ном қозонган юксак иқтидорни ёмон кўрувчилар ҳам топилган. Айнан шундай шахслардан бири 1971 йили биринчи дивизион вакиллари «Ньюкасл» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасидаги баҳс арафасида полицияга қўнғироқ қилиб, ўйин пайтида Бестни отиб ўлдиришини айтган. Футболчига шу заҳоти таваккал қилмай, ўйнамасликни маслаҳат беришди. Бироқ Жорж хавфсизлик чораларини кучайтириш шарти билан майдонга тушишга қарор қилди. Бунинг сабаби сўралганида, у югураётган чоғи нишонга олиш қийин бўлишини таъкидлаган. Учрашувдан сўнг Бест авваллари бунчалик кўп югурмаганини тан олган.
Харальд БОР
Математик ва футболчи атамаларининг ўзаро боғлиқлигини ҳадеганда кузатавермаймиз, аммо Харальд Бор айнан шу икки касбга бевосита алоқадор бўлган: 1908 йилги Олимпиада ўйинлари кумуш медали соҳиби, етук олим, машҳур физик Нильс Борнинг укаси.
Одатда, математиклар олдида бирор тезисни исботлаш вазифаси турса, буни бир гуруҳ кишилар қаршисида амалга оширишади. Бироқ Бор шусиз ҳам амаллади: кейинчалик маълум бўлишича, аудиториядагиларнинг аксариятини ишқибозлар, айрим қисминигина олимлар ташкил этган. Шу тариқа ниманидир исботлашга ҳожат қолмаган.
Уильям ФУЛК
Бугунги кун футболчиси - бу юқори формадаги профессионал атлет. Авваллари талаблар бунчалик катта эмасди. Ёки бошқача айтганда, аксарият ўйинчилар спортчиларга хос ташқи кўриниш борасида қайғуришаётган паллада Уильям Фулк сиймосидаги истиснолар ҳам учраган.
Ҳар қандай футбол энциклопедиясининг қаҳрамонига айланган кипер «Шеффилд Юнайтед», «Челси» ва «Брэдфорд» сафида 411та ўйинда майдонга тушиб, ҳаттоки, Англия термаси дарвозасини қўриқлашга ҳам улгурган. Унинг 152 кг. вазнга эга эканлиги эса мазкур ҳолатда асло халал бермаган.
Бунинг натижасида унга «Бақалоқ» деб лақаб қўйишган. Фулк ўз вақтида ишончли дарвозабон сифатида чемпионликка эришиб, икки марта Англия кубогини боши узра кўтарган. Дарвоқе, у кейинчалик профессионал крикет билан шуғулланишга ҳам улгурган. Лақаби эса Уильямни асло ранжитмаган: «Мени қандай чақириш сизга ҳавола... асосийси, тамаддига чақиришни унутманг!».
Берт ТРАУТМАНН
Германияликлар ҳарбий асири бўлган Траутманн Манчестерни жуда ёқтиргани туфайли Англиядан қўним топишга қарор қилган. Бу бироз ғалати, аммо воқеа шу билан якун топмаган: бир сафар у ўйинда майдонга тушиб, бўйнидан жиддий жароҳат олган. Мазкур воқеа 1956 йили Англия кубоги финалида рўй берган. Берт тўп сураётган «Манчестер Сити» «Бирмингем»га қарши тўп сураётганда, дарвозабон рақиб ўйинчиси Питер Мёрфи билан тўқнашиб, шикастланган. Аммо Траутманн шундай ҳолатда ҳам баҳсни охиригача ўтказиб, якунда 3:1 ҳисобидаги ғалабага муносиб улуш қўшган.
Гильермо СТАБИЛЕ
Фамилияси барқарорликни англатувчи ҳужумчи олти йил қадрдон юрти Аргентинада тўп сургач, 1930 йили «Женоа» сафига қўшилди. Гильермо ўша йили ўтказилган жаҳон чемпионатида энг яхши тўпурарга айланиб, итальянлар эътиборини ўзига қаратганди. қизиғи шундаки, Стабиле бунга қадар мамлакати термасида ўйнамаганди, кейинчалик ҳам миллий жамоада тўп сурмади. Тўртта ўйин ва саккизта голнинг барчаси унинг учун ягона бўлган мундиалда қайд этилган. Бошқа қитъага кўчиб ўтиш қарори эса уни термадаги жойидан маҳрум қилганди.
Роберт ШЛИНЦ
Тарихда оғир жароҳатдан сўнг муваффақиятга эришган футболчилар кўп учраган, аммо улар орасида германиялик Роберт Шлинц алоҳида ажралиб туради. 1948 йили ўйин ўтказиш учун стадионга йўл олган ҳужумчи хотиржам тарзда қўлини автомобиль ойнасидан ташқарига осилтирганча кетар экан, кутилмаганда унинг бошқарувидаги машина ўйдим-чуқурга тушиб, ағдарилади. Ҳалокат оқибатида қўлни кесиб ташлашга тўғри келди. Шу билан Шлинцнинг фаолияти якун топгандек эди, аммо футболчи нафақат тўрт ойдан сўнг майдонга қайтди, балки «Штутгарт» сафида икки карра мамлакат чемпионлигини қўлга киритиб, уч марта терма жамоа либосида тўп сурди. Робертнинг тақдирига қизиқишни орттирадиган яна бир факт ҳам бор: миллионлар ўйинига кириб келишидан аввал, аниқроғи, Иккинчи жаҳон уруши пайтида ўқотар қуролдан отилган ўқ унинг жағини жароҳатлаган.
Боб ТОМСОН
Бошқа спорт турларида бўлгани каби, футболда ҳам кўз билан чамалаш муҳим аҳамият касб этади. Буни кимдир инкор этиши мумкин, фақат... «Челси»нинг афсонавий ҳужумчиси Боб Томсон эмас. Ушбу футболчи фаолиятининг аксар қисмини бир кўз билан ўтказган. Жиддий жароҳат унга болалигидан мерос қолганди. Натижада Томсон 83та ўйинда 23та гол уришга эришди. Эътиборлиси, ушбу кўрсаткичларнинг барини нотинч пайтлар - 1915 ва 1917 йиллар оралиғида қайд этган. Боб тўп кўзи кўрмайдиган тарафдан келса нима қилиши ҳақидаги саволга қисқа-лўнда жавоб қайтарган: «Иккинчи кўзимни ҳам юмиб, хотирамга таяниб ўйнайман».
Хью МАКЛЕНАХАН
Бир футболчи учун ўн миллионлаб пул сарфланишига аллақачон кўникиб улгурганмиз, аммо шундай паллалар ҳам бўлганки, трансфер учун валюта ишлатишга ҳожат қолмаганди. Хусусан, 1927 йили «Манчестер Юнайтед» «Стокпорт Каунти» футболчиси Хью Макленаханни сотиб олиш учун музқаймоқ тўлдирилган музлаткич берган. Нега айнан музлаткич? Чунки ўша пайтдаги мураббий ёрдамчиси Луис Рокка музқаймоқ ишлаб чиқарувчи фирма эгаси сифатида муваффақиятли келишувга эришганди. Бу хариддан «МЮ» асло афсусланмади - Макленахан «қизил иблислар» сафида 112та ўйин ўтказди.
Конгодаги учрашувнинг 11 қатнашчиси
1998 йили Конгода ўтказилган камтарона ўйинда майдонга урган яшин мазкур учрашув қатнашчиларини ҳақиқий афсонага айлантирди. «Басанга» ва «Бена Тшади» клублари ўртасида кечган баҳс пайти рўй берган воқеадан сўнг меҳмон жамоа аъзоларининг барчаси ҳалок бўлди. «Басанги»дан эса ҳеч ким шикастланмади. Беллашувни бевосита стадиондан кузатаётган мухлисларнинг 30 нафари турли даражадаги куйиш жароҳатини олишган бўлсада, қурбонлар кузатилмади. Одатда, конголиклар табиий офатларни сеҳр-жодуга боғлашади. Шу боис, мухлисларнинг аксарияти ҳозиргача ўша баҳсдаги фалокатга рақиб жамоа сабабчи бўлганига ишонишади.
Лев ЯШИН
Футбол тарихидаги, шубҳасиз, энг яхши голкипер. Акс ҳолда, «Олтин тўпни» қўлга киритган бошқа дарвозабонни танийсизми? қолаверса, футбол тарихи ва статистикаси Халқаро федерацияси Яшинни XX асрнинг энг яхши посбони, деб топган. Ушбу кипер фаолияти давомида Москванинг «Динамо» клубида 326та, собиқ иттифоқ термасида 74та ўйин ўтказган. Ушбу статистикада диққатга молик жиҳат йўқдек... агар шу вақт мобайнида кунига тўрт қути тамаки чекканини инобатга олмасак. Ҳаттоки, 1956 йилги Олимпиада ўйинлари арафасида Ҳиндистонга борганида фил унинг сигаретини ўғирлаган. Афтидан, шу жонивор ҳам зарарли иллатга қарши чиққан. Албатта, тамаки истеъмоли соғлиққа жиддий зиён етказади ва ушбу факт Яшин мисолида ҳам ўз исботини топди. Кашандалик одати иқтидорли дарвозабонни ошқозон ярасига етаклади ва бу хасталикдан кўп азият чекди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).