«Тоттенхэм» машҳур «Уайт Харт Лейн» аренаси билан хайрлашди, «Атлетико» эса бутун тарихидан гапирувчи «Висенте Кальдерон»дан кетмоқда. Soccer.ru сайти ижодкорлари мавсум-2016|2017 финишидаги бу воқеалар сабаб, ўтмиш саҳифаларига муҳрланган яна бир қатор афсона мисоли стадионларни эсга солишди.
Футбол ўтмишига айланган ареналар
Эски «Уэмбли» ёки «Эмпайр Стэдиум» (1923-2000)
Нафақат Лондон, Англия ёки Буюк Британия, балки бутун жаҳон футболида алоҳида ўрин тутган стадион. Яхши ҳамки, эски «Уэмбли»да вориси бор. Тўғри, айнан ўша жойда қад ростлаган ва айнан «Уэмбли» номини олган янги арена ўтмишдоши эришган машҳурликнинг ўндан бир қисмига ҳам етганича йўқ. Ваҳоланки, 2007 йили очилган бу арена аввалгисидан унча фарқ қилмайди. Боз устига, у ҳозирда алоҳида белгига эга: баландлиги 134 метрга тенг пўлат арка. Бироқ ушбу меъморчилик мўъжизасининг эски «Уэмбли»даги икки машҳур оқ минорага тенглашиши учун кўп йиллар керак, чоғи. Қолаверса, «Эмпайр Стэдиум» унча-мунча воқеаларга ўз бағрини очганди: Европа Чемпионлар кубогининг 5та финали, энг сара юлдузлар концертлари, Олимпиада ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари... Англия терма жамоаси ўз тарихидаги илк ва ягона жаҳон кубогини айнан эски «Уэмбли»да қўлга киритганининг ўзи салмоқли тош босиши тайин. Ҳа, янги аренанинг бундай воқеаларга гувоҳ бўлиш-бўлмаслигини вақт кўрсатади.
«Динамо» (1928-2008)
Собиқ иттифоқ даврида шахсий стадиони билан мақтана оладиган клублар кўп эмасди. Москванинг «Динамо» жамоаси эса нақ 80 йил давомида рақибларини ўзига номдош аренада қабул қилган. Айтиш жоиз, уй аренаси жойлашган Петровский хиёбони ҳали-ҳамон барча «оқ-мовийлар» учун муқаддас манзил саналади. Умуман олганда, «Лужники» қад кўтаргунча деярли 30 йил оралиғида айнан «Динамо» улкан мамлакатнинг бош стадиони ҳисобланган. Мана, вақти етиб, «қария» ўз ўрнини «ёш»га бўшатиб берди. Аниқроғи, унинг жойида замонавий «ВТБ Арена Парк» қурилмоқда. «Динамо» энди Химкидаги 10 йиллик сарсонликдан сўнг шу янги аренага кўчиб ўтади.
«Хайбери» (1913-2006)
Инсон ижоди. Шотландиялик архитектор Арчибальд Литч лойиҳаси бўйича қурилган бу арена ташқи қиёфасида гўёки, Англия футболининг XX асрдаги ҳолати тасвирлангандек. «Хайбери» 1913-2006 йиллар оралиғида «Арсенал»га уй стадиони сифатида хизмат қилиб, беҳисоб ёрқин дамларга гувоҳ бўлди. «Канорирлар» хусусан, «енгилмаслар» тарихини шу арена майдонидан қўшимча куч олган ҳолда ёзишди. «Фахрий» ўрнини эгаллаган «Эмирейтс» эса ҳозирча «Арсенал»ни шуҳратга кўмиш миссиясини бажаролмаяпти, гарчи клуб таркиби ва имконияти чакки кўринмаётган бўлсада. «Хайбери»дан бўшаган ҳудудга келсак, у ерда шу номдаги турар-жой мажмуаси барпо этилдики, унча арзон бўлмаган квартиралар худдики, иссиққина пишириқ каби тезда сотилди.
«Делле Альпи» (1990-2006)
«Ювентус» бу аренада атиги 16 йил ўйнаган, холос. Эътиборлиси, кўплаб футболчилар, мураббийлар ва мухлислар «Делле Альпи»ни футбол ўйнаш ва томоша қилиш нуқтаи назаридан қалтис иншоот сифатида «таърифлашарди». Лекин факт шуки, «кекса синьора» учун айнан шу қалтис макондаги давр ўта сермаҳсул келган. Ахир жамоа 90-йилларда УЕФА кубогини ютди, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди, скудетто эса унинг доимий мулкига айланди. Бу орада туринликларни Марчелло Липпи бошқарди, «Делле Альпи» майдонида Алессандро Дель Пьеро, Зайниддин Зидан, Давид Трезеге ва Павел Недвед каби аслар ўзгача жавлон уришди. Ушбу стадион ўрнида қад ростлаган «Ювентус Стэдиум» ҳам чакки эмас. У «Юве» учун жонажон шинам уйга айланиб улгурди. Бироқ аввалги стадионга боғлиқ эҳтирос ва хотиралар шу қадар кўпки, уларни унутиш шунчаки, иложсиздир.
«Али Сами Йен» (1945-2011)
Футболдан озгина хабари бор ҳар қандай инсон Туркиядаги бу стадионнинг алоҳида жиҳатини билса керак, албатта. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Зеро, унинг киравериш жойига даҳшатли ёзув илиб қўйилганди: «Дўзахга хуш келибсиз!» Ҳа, «Али Сами Йен» дарҳақиқат, қандайдир мўъжизавий қудратга эга эдики, «Галатарасой» бундан фойдаланиб, унинг бағрида энг хавфли рақиблар билан ҳам тенгма-тенг курашган, ҳаттоки, кўпларига эсдан чиқмайдиган сабоқ берган. Ваҳоланки, «Али Сами Йен» бор-йўғи 23 минг мухлисни сиғдирарди, холос. Шунга қарамай, арена «Галатасарой» футболчиларини шердек ўйнашларини таъминларди. Шу маънода айтсак, янги «Турк Телеком Арена» ҳали кўп нарсаларни ўрганиши керак.
«Жерлан» (1926-2016, футбол аренаси сифатида)
«Жерлан»нинг тарихи жуда узун ва у ҳали узилган ҳам эмас. Шунчаки, «Лион» клуби янгигина «Люмьер»га кўчиб ўтгач, тарихий спорт иншооти бироз сояга чекинди. Айтиш ўринли, «Жерлан» нақ 34 йил давомида футбол бобидаги хўжайинини кутган. Зеро, «Олимпик Лион» жамоасига 1950 йилга келибгина асос солинган. Шу тариқа «тўқувчилар» ярим асрдан кўп вақт давомида сиғими 40 мингли аренада тарих ёзишди. «Стад де Жерлан»нинг ҳозирги ҳолатига келсак, у ҳамон фаолиятини давом эттирмоқда. Яъни арена тўлиқ бошқа спорт турига ихтисослаштирилди. Аниқроғи, эндиликда «Лион» регби жамоаси ўз рақибларини футбол оламида донг таратган стадионда қарши олмоқда.
«Эштадиу Даш Анташ» (1952-2004)
«Порту» одатда «Драгау»да ўйнайди, аммо бу стадионнинг очилганига атиги 14 йил бўлди. Хуллас, «аждарлар» энг ёрқин ғалабаларини эскигина аренада нишонлашган. Рақамларда ифода этсак, жамоа Португалия ички мусобақаларида деярли 20та соврин ютишдан ташқари, 1987 йили ўз тарихида биринчи марта Чемпионлар кубогида зафар қучган. Ҳа, Жозе Моуриньо ҳам ўзининг ғолибона юришини айнан «Даш Анташ»да бошлаган: «Порту» УЕФА кубогида ғалаба қозонган мавсум тўлиқ шу аренадан фойдаланган ва кейингисини ҳам «Драгау» майдонига боғлиқ муаммолар сабаб, унда бошлаганди. Билсангиз керак, «аждарлар» ўша мавсум финишида Чемпионлар Лигаси бош соврини соҳибига айланишди. 2004 йилга келиб, «Даш Анташ» бузиб юборилди ва унинг ўрнида янги квартал қурилди. Тўғри, аренадан фақат ёрқин ғалабалар хотирасигина қолмади. Чунончи, шаҳар маъмурияти қарорига кўра, 4та улкан ёритиш прожекторидан бири олиб ташланмади ва унга «Даш Анташ» ёдгорлиги сифатида қарашмоқда.
«Сан-Мамес» (1913-2013)
Испаниядаги энг қадимий стадионлардан бири 100 йил давомида «Атлетик» (Бильбао) жамоасига хизмат қилди. Янгигина «Сан-Мамес» эса унга яқин ҳудуд, деярли ўша жойда қад кўтарди. «Атлетик» тўрт томонда қурилиш ишлари давом этаётган вақт ҳам тарихи бир асрлик аренада ўйнайверди. Факт шуки, стадион мутлақо янги кўриниш олди. Хусусан, «Нуево Сан-Мамес»га кенглик бағишлаш мақсадида эски арена трибуналарини олиб ташлашга тўғри келди.
Футбол ўтмишига айланаётган ареналар
«Висенте Кальдерон» (1966-2017)
«Висенте Кальдерон» 50 йилдан зиёд вақт давомида Мадрид «Атлетико»сига садоқат билан хизмат қилди. Бироқ шаҳар маъмурияти клубнинг арена сиғимини ошириш учун навбатдаги реконструкция ишларини бошлашига қарши чиқди. Натижада «матрасчилар» ночор ҳолда 73 минг мухлисга мўлжалланган «Ла-Пейнет»га кўчиб ўтадиган бўлишди, гарчи фанатлар армияси тарихий жойда қолишни ёқлаб, бунга кучли эътироз билдирган бўлсада. Энди «Висенте Кальдерон» бузиб ташланади ва унинг жойида «Парк Атлетико Мадрид» дам олиш маскани барпо этилади.
«Уайт Харт Лейн» (1899-2017)
«Тоттенхэм» XIX асрнинг охирида қурилган тарихий аренаси билан хайрлашишга улгурди. Эътиборлиси, «Уайт Харт Лейн» ҳам етук меъмор Арчибальд Литч иши маҳсулидир. Тўғри, қадимий иншоот охирги вақтларда замонавий талабларга мувофиқ келмай қўйганди. Энди стадион қайта тикланади ва «Тоттенхэм»га янги қўнимгоҳ сифатида топширилади. Эътиборлиси, у Лондонда энг катта клуб стадиони бўлади.
«Уайт Харт Лейн» билан хайрлашув
«Шпорлар» 118 йиллик тарихга эга «Уайт Харт Лейн» билан хайрлашув оқшоми «Манчестер Юнайтед»ни 2:1 ҳисобида доғда қолдиришди. Айтганча, португалиялик мутахассис Жозе Моуриньонинг жамоалари бу стадионда «Тоттенхэм»ни 2005 йилдан буён мағлубиятга учратолмаётганди (АПЛ доирасида). Яна бир томони, «Тоттенхэм» узоқ 1965 йилдан буён давом этиб келган ёқимсиз анъанасига чек қўйди. Чунончи, жамоа шу вақт орасида мавсумнинг охирги уй учрашувида ғалаба қозонмаганди. Дарвоқе, «МЮ» учун юпанч голини урган Уэйн Руни ҳам тарихга кирди. У эндиликда «Уайт Харт Лейн»да урилган охирги гол муаллифи сифатида тилга олинади.
Факт. «Тоттенхэм» «Уайт Харт Лейн»даги дебют ўйинини «Ноттс Каунти»га қарши ўтказган (ўртоқлиқ мақомида) ва чамаси 5000 мухлис гувоҳлигида 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Жамоанинг охирги ўйинини эса стадионда 31848 киши кузатиб борди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).