FIFA Бош котиби Эронга Жаҳон чемпионатида иштирок этиши учун кафолат бермоқчи — Reuters
FIFA бош котиби Маттиас Граффстром шанба куни Истанбулда Эрон ФА (FFIRI) расмийлари билан учрашади ва Эроннинг Жаҳон чемпионатидаги иштироки бўйича “кафолат” бермоқчи. Бу ҳақда музокаралардан хабардор манбага таяниб Reuters агентлиги хабар берди.
Манбага кўра, FIFA турнирнинг барча иштирокчиларига хавфсиз шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш мақсадида ЖЧга мезбон мамлакатларнинг тегишли ҳокимият органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож аввалроқ терма жамоанинг бирор-бир аъзосига АҚШга кириш учун виза берилмагани сабабли миллий жамоанинг 2026 йилги Жаҳон чемпионати финал босқичидаги иштироки сўроқ остида қолаётганини маълум қилган эди.
Меҳди Тожнинг Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси (ИИҚК) билан алоқалари сабабли Ванкуверда (Канада) бўлиб ўтган FIFA конгрессига киритилмаганидан сўнг, қўшимча келишмовчиликлар юзага келди. Жаҳон чемпионатида Эрон “G” гуруҳида Бельгия, Миср ва Янги Зеландияга қарши ўйнайди. Эрон терма жамоаси учала ўйинни ҳам АҚШда ўтказиши лозим.
Аввалроқ Эрон терма жамоасига АҚШ визаси берилмаётгани хабар қилинганди.
Манба: daryo.uz
Киритилди: 20:34, 16.05.2026. Ўқилди: 307 марта. Фикрлар: 0 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар