3 июн куни Кардиффда Мадриднинг “Реал”ини жиддий синов кутиб турибди.
Зайниддин Зидан шогирдлари ЕЧЛ финали учун кечадиган ўйинда “Ювентус”га қарши тўп суришади. Европа Чемпионлар лигаси кетма-кет икки марта қўлга киритиш қанчалик ёқимли бўлса, “Ювентус”ни финалда мағлуб этиш шунчалик машаққатлидир. Хўш, Турин клуби нега “Реал” учун ноқулай рақиб ҳисобланади? “Ювентус”нинг қайси футболчилари “қироллик клуби” учун хавф туғдириши мумкин? Қуйида шу ҳақда фикр юритамиз.
ГОНСАЛО ИГУАИН
Шак-шубҳасиз, айни дамда Игуаин “Ювентус”нинг энг хавфли қуролларидан бири бўлиб қолмоқда. Ортиқча вазни бўлишига қарамай, аргентиналик футболчи ҳужум чизиғида керакли вақтда пайдо бўлади ва ҳимоячиларни ортда қолдириб кета олади. Унинг кутилмаган тўп олдида пайдо бўлиши “Реал” ҳимоячилари учун ҳақиқий бошоғриқ бўлиши тайин. Қолаверса, Игуаин “Реал”да ўйнаган ва жамоанинг ўйин услуби билан таниш. Умуман олганда, Зидан айнан шу ҳужумчини қўриқлаш учун алоҳида ҳимоячи тайёрласа ҳам зарар қилмайди.
ЛEОНАРДО БОНУЧЧИ
Бу ҳимоячига шахсан “Реал”нинг ўзи бежизга қизиққани йўқ. Афтидан, Мадрид клуби мутасаддилари Бонуччининг мустаҳкам қўрғон эканлигига ишониб улгуришган кўринади. Албатта, бу бежизга эмас. Финалда Бонуччи Бенземани ҳам, Роналдуни ҳам, Искони ҳам, умуман, кимни қўриқлаши керак бўлса, ўша футболчини зарарсизлантира олиши тайин. Бонуччи — “Реал” ҳужумчилари учун чинакам бошқотирма. Бу бошқотирманинг ечимини топиш учун эса, одатда, ҳужумчиларга 90 дақиқа камлик қилади. “Реал” учун энг ёмон жиҳат эса “Ювентус” ҳимоясида яна шундай учта бошқотирма мавжуд эканлигидир.
ХУАН КУАДРАДО
“Ювентус”нинг аккумулятори дея аталаётган бу футболчининг тезлиги мадридлик ҳимоячиларни анча тер тўкишга мажбур қилиши тайин. Унинг қанотдан катта тезликда рақиб жарима майдонига ёриб кириши олдини олиш жуда қийин бўлган хавфли бўрон кабидир. У айнан шундай ўйинлари билан жуда кўплаб жамоаларнинг додини берган. “Реал”нинг қанот ярим ҳимояси ва ҳимоясида ўйнайдиган футболчилар эса Куадрадони тўхтатиш учун арзирлироқ усул ўйлаб топишлари лозим.
ПАУЛО ДИБАЛА
Техника, дриблинг, тезкорлик ва кутилмаган қарорлар — бундай жиҳатлар “қироллик клуби” аъзолари хушламайдиган жиҳатлар ҳисобланади. Боиси бир қанча ўйинларда Лео Месси айнан шундай жиҳати билан уларни доғда қолдирган. “Ювентус”да эса юқоридаги жиҳатларга кўра Мессидан қолишмайдиган футболчи — Дибала бор. Унинг кимни қачон қандай қилиб алдаши ва тўпни кимга узатиб бериши ёки дарвозага зарба йўллашини ҳеч ким олдиндан била олмайди. Демак, ҳимоячилар Дибалага қарши ҳамма нарсага тайёр туришлари керак.
ЖАНЛУИЖИ БУФФОН
Бу энди энг катта муаммо. Қанотдан тўп узатиб бош билан зарба бериш, марказдан кучли зарба йўллаш, жарима зарбаларини қойилмақом қилиб амалга ошириш — бундай усуллар билан Буффонни доғда қолдириш қийин. У айни дамда шунчалик профессионалки, оддий услублар билан унга гол ура олмайсиз, асло! Демак, ББC ва Зидан шундай услуб ўйлаб топишлари керакки, Буффон бу усулни етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган бўлсин, бундай ўйинни умуман кутмасин. Бошқа ҳар қандай оддий зарбалар Буффон учун ҳеч нарса эмас.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).